buxoro vxtb. uz

buxoro vxtb. uz

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ БУХОРО ТУМАНИДАГИ МАКТАБЛАРДА БЎЛДИ

    Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Бухоро туманидаги умумий ўрта мактаблари фаолияти билан ҳам  танишди. Мактабларда яратилган шарт-шароитлар, таълим сифати ва самарадорлиги, ўқитувчилар салоҳиятини яқиндан ўрганди.

   Дастлабки манзил тумандаги 2-умумтаълим мактаби бўлди. Таълим рус тилида олиб бориладиган ушбу мактаб биноси 540 ўринли бўлиб, айни пайтда бу ерда 1141 нафар ўқувчи таҳсил олади. Синф хоналари етишмаганлиги сабабли ўқувчиларнинг бир қисми тумандаги педагогика коллежидан ижарага олинган хоналарда таълим олишларига тўғри келяпти.

   Халқ таълими вазири мактабда ўқувчилар қамровининг ошиб кетганлиги аслида педагогик жамоада таълим-тарбия жараёнининг намунали ташкил этилганлиги натижаси эканлигини эътироф этди.

Бироқ, навбатлилик коэффицентининг юқорилиги ўқитувчилар ва ўқувчилар учун ноқулайлик туғдираётгани, улар учун етарли шарт-шароит яратиб бериш муҳим эканлигини таъкидлади. Мактаб учун қўшимча бино қуриш чора-тадбирларини кўриш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берди.

Халқ таълими вазири ташриф буюрган тумандаги 12-умумий ўрта таълим муассасаси марказдан анча олисда бўлган Арабхона қишлоғида жойлашган. Мазкур таълим муассасаси биноси мослаштирилган бўлиб,  айни пайтда 285 нафар ўқувчи қамровига эга.


  Ўрганишлар жараёнида мактабда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги яққол кўзга ташланди. Навбатлилик коэффицентининг пастлиги, иситиш тизимларининг яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги ачинарли ҳолат эканлиги қайд этилди. Бу каби муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш бўйича топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

 

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати





Report Page