buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасиХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ: МАКТАБЛАРДА МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ИШЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ТИЗИМИНИ ЯРАТИШ МУҲИМ!
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Бухоро вилоятига ташрифи давомида мактабларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг ўзига хос тизимини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимлари, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари шўъба раҳбарлари, шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг илғор тажрибага эга маънавий –маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, амалиётчи психолог ва синф раҳбарлари билан бўлган учрашув айнан шу мавзуга бағишланди.

Халқ таълими вазири даставвал давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ва унда кўтарилган масалалар, тизим ходимлари зиммасига юклатилган вазифалар хусусида тўхталиб ўтди. Кейинги йилларда қатор қонун ва қарорлар қабул қилинишига қарамай, мактабларда ҳамон маънавий-маърифий ишларнинг талаб даражасида эмаслигини қайд этди.

-Янги Ўзбекистонни барпо этишдек эзгу мақсад йўлидан бораётган эканмиз, эндиликда бу йўналишдаги фаолиятни ҳам янги поғонага кўтаришимиз зарур,-дея таъкидлади жумладан вазир.
- Бунинг учун мактабларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини баҳолашнинг аниқ мезонларга таянган ўзига хос тизимини яратиш лозим.
Учрашув жараёнида иштирокчиларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди.

Қизғин мунозара ва муҳокамаларга уланиб кетган учрашув якунида таклифлар умумлаштирилиб, тегишли вазифалар ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати