buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасиХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ БИР ГУРУҲ БУХОРОЛИК ФИДОЙИ ЎҚИТУВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Бухоро вилоятига ташрифи доирасида олис ҳудудлардаги мактабларда ишлаш истагини билдирган бир гуруҳ фидойи ўқитувчилар билан учрашди.
Учрашув жараёнида вазир давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлганлиги, бунда айниқса, халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган педагог-ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларнинг нуфузини ошириш масаласига юксак эътибор қаратилгани хусусида тўхталди. “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бу борадаги ислоҳотларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлганлигини алоҳида эътироф этди.

Айтиш жоизки, мазкур қарорнинг қабул қилиниши анчадан бери тизим ходимларини қийнаб келаётган кадрларга бўлган эҳтиёж ва таълим сифати паст бўлган чекка ҳудудлардаги мактабларни малакали педагоглар билан таъминлаш муаммоларини бартараф этишда муҳим ечим бўлди.
Қарор эълон қилингач, эҳтиёж сезилаётган мутахассисликлар бўйича 12 нафар олий маълумотли фан ўқитувчилари олис ҳудудлардаги умумтаълим мактабларига бориб ишлаш истагини билдириб, мурожаат қилишди.
Учрашув жараёнида халқ таълими вазири Қарор мазмун-моҳияти ҳақида тўхталар экан, кўнгилли ўқитувчилар учун бу катта бир имконият бўлиши билан бирга юксак масъулият, ишонч эканлигини алоҳида таъкидлади.
Очиқ ва самимий кечган мулоқот давомида ўқитувчилар бу борадаги ўз фикр-мулоҳазалари, режа ва мақсадлари билан ўроқлашдилар.

Суҳбат асносида улар ўзлари тўплаган тажриба ва салоҳият орқали мамлакатимиз таълимини ривожлантиришга муносиб улуш қўшишни мақсад қилганликларини билдирдилар.
-Пешкў туманидаги 42-умумий ўрта таълим мактабида рус тили ва адабиёти фанидан дарс бериб келаман, -дейди Шуҳрат Отажонов.-Бизда салоҳиятли, илғор тажрибага эга педагоглар жамоаси шаклланган. Улар билан ишлаш жуда мароқли. Аммо чекка ҳудудлардаги мактаблар ҳам ана шундай жамоаларга эга бўлиши, у ерда таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам ҳар томонлама пухта билим олиши лозим. Мен ана шу эзгу йўлда фидойилик кўрсатишга чоғланаётган педагоглар сафида бўлишни истайман.
Халқ таълими вазири фидойи ўқитувчиларнинг бу йўлдаги ишларига омад тилаб, уларни астойдил қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати