buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасиБухоро шаҳрида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ-4851-сонли “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш,илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020-2024 йиллар мобайнида ҳар бир туман шаҳарларда биттадан информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур қарор ижроси доирасида Бухоро шаҳридаги 7-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб мақоми берилди.

Бугун, 20 январь куни ушбу таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовлар иштирок этдилар.

Мактабнинг рамзий калити ўз эгаларига топширилгач, меҳмонлар илм масканида яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

Энг замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган ва юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган синф хоналари, робототехника хонаси, рақамли кутубхона, фаоллар залида ўқувчиларга информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқур ўзлаштириш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Илм масканидаги бу каби имкониятлар ихтисослаштирилган мактабнинг самарали фаолият юритишида, ўқувчиларнинг “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасида иштирок этиб, дастурлаш йўналишида ҳам ўз билим ва иқтидорларини намойиш этишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Давлат тест маркази ҳамкорлигида тасдиқланган қабул квоталари асосида қишки таътил кунларида мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш бўйича танлов ўтказилган эди.
Танлов асосида мазкур илм масканига информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 1 та синфда 30 нафар ўқувчи қабул қилинди.


Тантанада саралаш танловларидан муваффақиятли ўтган иқтидорли ўқувчиларга, шунингдек, “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасида фаол иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчиларга махсус сертификатлар топширилди.

Тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб кутубхонасига китоблар тўпламини ҳам совға қилди.

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати