Маънавий таҳдидларга қарши ҳошимжонча кураш қанча давом этади?
Тарих ва сиёсатБугун мустақил Ўзбекистон глобал миқёсда мафкуравий таҳдидларга тайёр эмаслиги кундек равшан бўлмоқда. Инсон капитали ва моддий ресурслар чекланган, мамлакатнинг инфратузилмасини ривожлантириш учун четдан қарз олинаётган, натижада давлатнинг ташқи қарзи кундан кун ортиб бораётган даврда бор маблағни Абдухошим Исмоиловнинг Регистон майдонида рақс тушиши учун сарфлаб юборишимиз қанчалар тўғри?
Ёки Маданият вазири Озодбек Назарбеков айтганидек, маданиятга таҳдид бостириб келганда, биз асфальт учун ташқаридан қарз олиб, ўз пулимизни фестивал ва ўйин-кулгига сарфлаб юборишимиз тўғри бўладими?
Орзу ҳавас учун кредит олиб тўй қиладиган одамлармиз ахир, бу кетишда, расмий фестиваллар учун ҳам ташқаридан ўйламай-нетмай қарз олишимиз ҳеч гап эмас.
Бугун Абдухошим Исмоиловнинг рақси ҳақида эмас, балки “маданиятимизга таҳдид” ва унга қарши ҳукумат даражасида тайёрланган “режа” ҳақида сўзламоқчимиз.
Глобаллашув даврида инсон онгига кириб бориш ва уни бошқариш орқали миллий манфаатларга путур етказиш, давлатлар иқтисодиёти ва суверенитетига таҳдид уйғотиш ёки аксинча, шу йўлдан манфаатли фойдаланиш осон бўлиб қолди. Мисол учун, Аниме субмаданиятини глобал миқёсда оммалаштириш орқали Япония маданий ва иқтисодий манфаатларни қўлга киритди. Аниме сериаллари, фильмлари ва турли маҳсулотлари нафақат Япониянинг маданий меваси, балки мамлакатнинг экспортида салмоқли қисмга эга саноатга айланди. Анимация ишлаб чиқарувчи студиялар (мисол учун, Studio Ghibli, Toei Animation, Madhouse ва бошқалар) ўз маҳсулотларини хорижий бозорларга сотиб, катта даромад келтиради. Netflix орқали ҳам Япония анимеларининг дунё бўйлаб трансляцияси кўпайтирилди. Инсон онги ва унинг ҳаёт тарзига кириб бориш Япониянинг глобал миқёсда таъсирини ошириб боради.
Шу тариқа, ҳақиқатдан ҳам бугун Маданият вазири таъкидлаганидек, мамлакатимиз ёшларига таъсир ўтказиш, шу орқали сиёсий, иқтисодий ва бошқа манфаатларни кўзлаган кучлар йўқ эмас. Бундай таҳдидларга субмаданиятлар, постмодернизм каби мафкуралар, шовинизм, бузуқ жинсий тарбия, ғаразли ва бузғунчи ғоялардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Бир томондан давлат раҳбари даражасида ана шундай таҳдиднинг тўғри баҳоланаётгани қувончли ҳолат бўлса, иккинчи томондан, чуқур ўйланган, узоқ муддатли стратегиялар асосида қўлланилаётган, чексиз маблағ ва ресурслар билан қувватланган хорижий маданий таҳдидларга қарши қандай маърифат билан курашиш ҳақидаги саволларга жавобнинг йўқлиги, бор жавоб ҳам Абдуҳошим Исмоилов мисолида намоён бўлаётгани миллат бизни хавотирга солмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва маърифий соҳаси “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашишга асослангани бот-бот такрорланмоқда. Бироқ, ҳукумат даражасида, ёки ҳукумат ва халқ ўртасида, жаҳолат нима-ю, маърифат нима деган саволларга аниқ шарҳлар ва ўзаро консенсуснинг мавжуд эмаслиги туфайли ҳамма ўзи билганича ҳаракат қилмоқда. Ҳар қалай, санъаткорлар ва маданият вакиллари жаҳолатга қарши, аниқроғи маданий таҳдидларга қарши ўйин-кулгу билан мардонавор курашаётгани аниқ… деса ҳам бўлади.
Бизнингча, муаммонинг негизи ҳукуматда ҳақиқий жаҳолатга қарши курашадиган маърифат дастурининг йўқлиги, ҳақиқий маърифатни олишга эса иштиёқнинг йўқлигидир. Дарҳақиқат, ўттиз йил давомида “миллий мафкура”, “миллий маънавият”, “миллий қадриятлар” ҳақидаги баландпарвоз сўзлар, чақириқлар ва шиорлар янграгани билан, айнан сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан “маънавият”, “маърифат” ва “қадрият” тушунчалари ҳали ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.
Бугун аҳолининг деярли 30 фоизини ташкил этадиган ёшларимиздан “маънавий, маданиятли ёки комил инсоннинг ўнта хислатини санаб бер” десангиз, тайинли жавоб бера олмайди. Жавоб бергани эса, асосан диний қадриятлардан келиб чиқиб сўзлайди. Зеро, ҳақиқий маърифат диннинг ўзидадир. Қандай қилиб биз ўз тафаккуримизни бизни яратган Аллоҳнинг илмидан, ҳикматидан ва қадаридан олий деб даъво қилишимиз мумкин? Аслида “маърифат” сўзи ҳам Аллоҳни билиш, унинг гўзал сифатларини таниш, шундан сўнг ана шундай гўзал сифатлар билан сифатланишни англатади-ку! Ёки биз Аллоҳнинг гўзал сифатларидан ҳам гўзалроқ сифатларни ихтиро қилиш, Аллоҳ кўрсатган маърифатдан ҳам яхшироқ маърифатни кашф қилишни даъво қиламизми?
Хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг маданий-мафкуравий сиёсати ва миллий маърифатга ёндашуви қайта кўриб чиқилиши зарур. Маданият ва маърифатни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш, ёшларимизга чуқур ва ҳақиқий маърифат бериш йўлларини излашимиз лозим. Бунда исломий ва миллий қадриятларга асосланган таълим-тарбия ва маърифат дастурлари, шунингдек, миллий ўзликни мустаҳкамлашга қаратилган янги ёндашувларни эътибордан қолдирмаслигимиз керак. Динни ва унинг маърифий жиҳатларини яхшилаб ўрганиш ва амалга ошириш орқали халқимизнинг маънавий қудратини ошириш мумкинлигига эътибор қаратиш зарур.
Аниқроғи, давлат даражасида ҳақиқий маърифатни қайта тиклаш ва маърифатга асосланган жамият қуриш муҳим аҳамият касб этади. Бунда умумий келишув ва аниқ мақсадлар асосида ишлаб чиқилган стратегияларни миллат сифатида биргаликда ишлаб чиқишимиз керак бўлади.
© Тарих ва сиёсат