ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ХАЙРУЛЛО БОЗАРОВ СЎХ ТУМАНИДА: БИЗНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ ХАЛҚИМИЗНИ РОЗИ ҚИЛИШ
Давлатимиз раҳбарининг “2020- 2021 йилларда Фарғона вилояти Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган қарори доирасида айни дамда тоғли ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туманда ички имкониятлар кўлами тобора кенгаймоқда. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров Сўх туманида бўлиб, туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Дастлаб, чегара ҳудудда жойлашган Сўх чашмасига бориб, ҳудуддаги вазият, аҳолининг яшаш тарзи билан танишган вилоят раҳбари маҳаллий аҳоли билан учрашиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглади.
- Бизнинг асосий мақсадимиз, халқимизни рози қилиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш,- деди вилоят раҳбари.
Чашма булоғи муқаддас жой. Келин - куёвлар тўйдан олдин булоқ бошига келиб, ўз тилакларини айтишади. Бу сўхликларнинг азалий одати. Вилоят раҳбари бу манзилга ташриф буюрган пайт янги келин-куёвлар ҳам келишди. Ўз навбатида вилоят ҳокими уларни табриклаб, туёна сифатида телевизор совға қилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими хонадонларга кириб, оддий одамлар билан учрашди. Уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутди ва кўтарилган масалалар юзасидан тегишли ташкилот мутасадди раҳбарларига топшириқ берди. Шунингдек, пандемия шароитида моддий кўмак сифатида олиб борилган 22 тонна ун, 11 минг литр пахта ёғи, 11 тонна шакар аҳоли учун берилди.
Сўнгра вилоят ҳокими туманда жадал суратлар билан амалга оширилаётган қурилиш ишларини ҳам кўздан кечирди. Айни дамда Сўх туманида еттита беш қаватли янги турар-жой, 260 ўринли замонавий мактаб, маҳалла фуқаролар йиғини бинолари қурилмоқда. Тумандаги биринчи сектор ҳудудида яшовчи аҳолининг эҳтиёжини инобатга олиб, иккита замонавий беш қаватли уй қурилиши дастурга киритилган бўлиб, вилоят раҳбарининг иштирокида мазкур иншоотнинг илк тамал тоши қўйилди.
Тумандаги Сариканда маҳалла фуқаролар йиғинида “Сўх намунаси” тикув фабрикаси фаолият олиб боради. Мазкур фабрикада ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларини кўздан кечирган вилоят ҳокими фабрика раҳбарига фаолиятни кенгайтириб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва чет давлатларга экспорт қилиш масаласини айтди. - Бунинг учун вилоят ҳокимлиги томонидан қандай ёрдам керак бўлса биз тайёрмиз,- деди вилоят раҳбари.
Яна бир муҳим жиҳат! Мазкур маҳаллада давлат хусусий шерикчилик асосида маҳаллий тадбиркор томонидан маҳалла фуқаролар биноси замонавий тарзда бунёд этилмоқда. Вилоят ҳокими тадбиркорларни жалб этиб, бошқа маҳаллаларнинг биносини давлат хусусий шерикчилик асосида бунёд этилиши юзасидан таклифлар билдирди.
Маълумки, туманнинг "Қайроқ" массивида бир ярим минг гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмай турган ер мавжуд. Ўзлаштириш учун албатта сув керак. Президентимиз қарори билан бугун мазкур ҳудудга Сўх дарёсидан сув тортиб чиқариш мақсадида "Қайроқ" насос станцияси қурилмоқда. Бунинг учун давлат бюджети ҳисобидан яқин тўқсон икки миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни дамда қурилиш ва монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Жараённи кўздан кечирган вилоят раҳбари бу ерда ишлаётган мутахассислар билан суҳбатлашди, насос станциясиниг лойиҳаси билан танишди.
Сўх туманидаги иккинчи сектор ҳудудида кичик саноат зонаси яратилмоқда. Ва бу ҳудудда дастур доирасида эллик еттита лойиҳа сўхлик тадбиркорлар томонидан амалга тадбиқ этилмоқда. Вилоят ҳокими яратилаётган кичик саноат зонасидаги тадбиркорлар штабига келиб, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашди. Сўх туманини ҳар томонлама ривожлантириш учун қўшимча лойиҳаларни амалга татбиқ этиш, одамларни тадбиркорликка жалб этиш орқали ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда дам олиш масканларини йўлга қўйиш зарур, деди вилоят ҳокими.
Авваллари Сўх туманида тадбиркорлик билан шуғулланиш ва мазкур соҳани ривожлантириш жуда қийин масала эди. Аммо бугун давлат раҳбари томонидан биргина сўхлик тадбиркорлар учун жуда кўплаб имконият ва имтиёзлар яратиб берилмоқда.
- Энди бор кучимизни туманда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратамиз,- деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров.
Ўз навбатида сўхлик тадбиркорлар давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб,, туманда барча соҳаларни ривожлантиришга, янги иш ўринлари яратиб, фаровон турмуш тарзи учун замин яратишга ваъда бердилар.
Шу билан вилоят раҳбарининг Сўх туманига ташрифи якунига етди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги
Facebook, Telegram, Веб сайт, YouTube