ФАРҒОНАДА ДАВЛАТ ТИЛИДА ИШ ЮРИТИШ АСОСЛАРИНИ ЎҚИТИШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ МАРКАЗИ ИШ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

ФАРҒОНАДА ДАВЛАТ ТИЛИДА ИШ ЮРИТИШ АСОСЛАРИНИ ЎҚИТИШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ МАРКАЗИ ИШ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги 117-сонли Қарорига асосан Фарғона давлат университетида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ўз иш фаолиятини бошлади.

Кеча марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди ҳамда дастлабки тингловчилари ўқув жараёнларига қабул қилинди. Очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги ҳамда Фарғона давлат университети мутассаддилари, марказ раҳбари ва масъул ходимлари, ОАВлари вакиллари иштирок этишди. 

Фарғона вилоятидаги шаҳар-туман ҳокимларининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари, шаҳар-туман ҳокимликларининг Девонхона мудирлари ҳамда вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси масъул ходимлари ва уларнинг шаҳар-туман бўлимлари ходимларидан иборат дастлабки тингловчилар таркиби шакллантирилиб, малака оширишга жалб этилди.

Тингловчиларга Фарғона давлат университетининг малакали профессор ўқитувчилари жалб этилиб, лотин ёзувига асосланган давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш методикаси бўйича чуқурлаштирилган ўқув дастури асосида билим берилади.

Марказ ўз фаолиятини Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан узвий ҳамкорликда олиб боради. Таъкидлаш лозимки, марказ фаолиятининг ташкил этилиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида ўзбек тилининг ўрнини кучайтиришга ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини мустаҳкамлашга, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларининг билим ва кўникмаларини янада ортишига хизмат қилади.


Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Facebook, Telegram, Веб сайт, YouTube



Report Page