РИШТОНДА “ДЎСТЛИК УЙИ” ҚУРИБ БИТКАЗИЛДИ

РИШТОНДА “ДЎСТЛИК УЙИ” ҚУРИБ БИТКАЗИЛДИ


Ўзбек ва тожик қадимдан оға-ини, қавм-қариндош. Орзу умидлари ҳамоҳанг. Икки халқ дўстлигининг энг ёрқин ифодаси Алишер Навоий ҳазратлари ва Абдураҳмон Жомий ҳазратлари муносабатларида акс топган. Бугун ҳам бир мамлакат, бир маконда яшаётган ўзбек ва тожиклар панжа бармоқларидек бири бирига қувват беради.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Риштонда қурилиши тугалланган ўзбек-тожик “Дўстлик уйи” билан танишди.


Шарқона услубдаги ёғоч ўймакорлигининг энг гўзал намуналари бўлган устун ва шифтлар, нафис чизгилар ила жило берилган ганч деворлар, осмоний рангларни ифодаловчи сопол кошинлар...

“Дўстлик уйи” аслида икки халқнинг энг сара устазодалари яратган ноёб санъат асари деса бўлади.

Вилоят ҳокими меҳнат фахрийси Турсинхўжа Абдураҳмонов билан бинони бир-бир айланиб чиқдилар. Уста ва устазодалар, туман раҳбарлари билан қурилиш тарихи, услуби ҳақида мунозара қилдилар. Ўзбек – Тожик “Дўстлик уйи” иш фаолияти режасига таклифлар киритилди.

– Бу ер мушоиралар, учрашувлар, маърифий суҳбатлар ўтказиладиган маънавият марказига айланиши лозим, – деди Шуҳрат Ғаниев. – Мана қаранг, катта зал шифтида тўрт фасл ўймакорлик санъати ёғоч ва рангларда ифодаланган. Демак, ўзбек-тожик миллатига мансуб фуқароларимизнинг ҳаёти, фаолияти ҳам шу тўрт фасл чархпалаги каби боқийдир.

– Биз, Риштон туманида яшайдиган миллати тожик бўлган Ўзбекистон фуқароларига бу каби алоҳида имконият ва ғамхўрлик учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз, – деди Турсинхўжа ота қўлини дуога очиб ва қалб тилакларини изҳор қилди.

Шундан сўнг барча учун кутилмаган воқеа содир бўлди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва ўзбек-тожик дўстлик маркази фаоли Турсинхўжа Абдураҳмоновлар икки тилда Навоий ва Жомий ғазалларини ширу-шакар услубида ўқиб шеърхонликни бошлаб бердилар.

“Дўстлик  уйи” эзгу туйғулар уйига айланиши томон биринчи қадам қўйган эди, улар.

 

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Facebook, Telegram, Веб сайт, YouTube