ФАРҒОНА-КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ: 285 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ИНВЕСТИЦИЯ 

ФАРҒОНА-КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ: 285 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ИНВЕСТИЦИЯ 


ёки

Шуҳрат Ғаниевга кореялик маслаҳатчи тайинлангани ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига қилган ташрифлари давомида вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича берган кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 6-8 июль кунлари Жанубий Корея Республикасига хизмат сафарини амалга оширди.

Ташриф давомида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлар ўртасидаги товар айланмасини келгусида икки бараварга кўпайтириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Хизмат сафари якунлари бўйича Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг йирик компаниялари ўртасида 285 млн. АҚШ долларлик 7 та келишувларга эришилди. Жумладан,

1. Фарғона вилоятида ташкил этилган Кореянинг “KIUF” халқаро университети фаолиятини янада кенгайтириш, таълим сифатини ошириш мақсадида қўшимча 25 нафар малакали профессорларни жалб қилиш;

2. “KREVES CROPS” CO.LTD корхонаси билан мойли ўсимликларни етиштириш ва ўсимлик мойи ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

3. “GNT” CO.LTD корхонаси билан ҳамкорликда вилоятнинг Бағдод туманида қандли диабед касаллиги (глюкометр) ҳамда қон босимини ўлчовчи ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

4. “JINWON TRADING” CO.LTD компанияси билан Фарғона вилоятида етиштирилган мева маҳсулотларини Корея Республикасига экспорт қилиш;

5. “KANAAN” компанияси томонидан Фарғона вилоятининг Бешариқ, Боғдод ҳамда Фарғона туманларида тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш;

6. “HYUNDAI ENGINEERING” CO.LTD компанияси билан Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида жойлашган иссиқлик энергия марказини модернизация қилиш;

7. Корея ҳудудий иссиқлик таъминоти корпорацияси (KDHC) директорининг ўринбосари Benjamin Yun 6 ой муддатга Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг иқтисод ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида жалб қилинди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Facebook, Telegram, Веб сайт, YouTube