Пандемия халқаро иқтисодий алоқаларни ТЎХТАТА ОЛМАЙДИ

Пандемия халқаро иқтисодий алоқаларни ТЎХТАТА ОЛМАЙДИ


Фарғона ҳар йили халқаро конференциялар, бизнес форум ва бошқа тадбирларларга мезбонлик қилиб, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб келмоқда.

Жорий йил май ойида ана шундай бизнес форум ўтказилиши режалаштирилган эди. Пандемия сабабли бу тадбир кечиктирилди. Шундай бўлса-да, вилоят ҳокимлиги томонидан тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга ошириш, инвестицион салоҳиятни тарғиб этиш мақсадида масофадан туриб турли шаклларда мулоқотлар олиб борилмоқда.

Вилоятга бириктирилган Жанубий Корея, Латвия ва Уммон давлатларидаги элчихоналар билан бўлиб ўтган видеоконференцияда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар таҳлил этилиб, янги инвестицияларни жалб этиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган онлайн мулоқотда шаҳар ва туман ҳокими ўринбосарлари-инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиқлари, элчихона ходимлари, хорижий компаниялар вакиллари иштирок этди.

Жанубий Корея, Латвия, Уммон султонлиги билан барча соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ташрифлар ва мулоқотлар натижасида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга эришиляпти. Вилоят иқтисодиётига инвестициялар киритиш ҳажмини кенгайтириш, хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама кенг ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича муҳим келишувларга эришилган.

Жорий йилда бу борада кўплаб ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Вилоят ҳокими ўринбосари М. Абдураҳмонов видеоконференцияда ҳамкорликдаги ишларнинг бугунги ҳолатига эътибор қаратиб, пандемия таъсирини юмшатиш борасида мамлакатимизда тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ҳақида сўз юритди. Инвестициявий лойиҳаларни татбиқ этишда мунтазамлик касб этадиган бу каби мулоқотлар муҳим аҳамият эга эканлиги таъкидланди.

     10 та инвестицион лойиҳа ишга тушади

 Корея Республикасининг сармоядорлари билан вилоят тадбиркорлари самарали ҳамкорликни ўрнатган бўлиб, бу алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланяпти. Амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган “йўл хариталар”ига Фарғона вилоятидан 10 та инвестицион лойиҳалар киритилган. Ўтган йилда таълим соҳасидаги лойиҳа — Фарғона шаҳрида Корея халқаро университети очилиб, ёшларни қабул қилди.

Қувасой шаҳрида ташаббус-кор “Grand Hayr Baraka” МЧЖ ҳамда «Myung Sung Placon Ltd» хорижий ҳамкор компанияси билан биргаликда 5 миллион долларлик замонавий иссиқхона барпо этиляпти. 2,5 гектар майдонда иссиқхонанинг каркас ва фундамент қурилиб тўлиқ битказилди. Тумба бетонлари ва форточкалари қурилди. Иссиқлик трубалари регистралари ўрнатилган. Суғориш тизими, ички микроклимат ускуналари, иситиш тизимини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. 2,5 миллион миқдорда хорижий кредит линия олиб асбоб-ускуна импорт қилинган. Фарғона шаҳрида ташаббускор “Winchemical” масъулияти чекланган жамияти шак-лидаги қўшма корхонасида полиэтилен девор қоғозлар ва изоляциялар, хўжалик ва болалар матлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди.

Биргина ўтган йилда Корея Республикаси билан ташқи савдо айланмаси 33,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, вилоятдаги 13 та корхоналар томонидан экспорт амалга оширилди. Жорий йилнинг январь-апрель ойида эса ташқи савдо айланмаси 9,5 миллион долларни ташкил этмоқда.

Элчихона билан бўлиб ўтган видеоконференцияда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари ҳақида сўз юритилди. Қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм каби соҳаларда янги лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди.

— Туманимизда қишлоқ хўжалиги учун зурур полиэтилен маҳсулотларига талаб катта, — дейди Олтиариқ тумани ҳокими ўринбосари Нодиржон Мўминов. — Ҳар бир хонадон томорқасида иссиқхоналар ташкил этиляпти. Албатта бу иссиқхоналар учун чидамли плёнка, изолятор ва бошқа маҳсулотлар керак. Бугунги мулоқотда полиэтилен маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасидаги лойиҳа ҳақида маълумот бердим. Албатта кореялик тадбиркорларга бу маъқул келди.

  Кўзлаган мақсадлар албатта амалга ошади

Фарғона  шаҳрида  2018 йилда очилган Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби филиа-

лида (ISMA) талабалар туризмда тадбиркорлик фаолияти ва уни бошқариш, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, ресторан хўжалигида тадбиркорлик фаолияти йўналишлари бўйича таълим олмоқда.

Вилоятда бугунги кунда Латвия билан ҳам ҳамкорлик изчил давом этмоқда. Ўтган йилда Тошлоқ туманидаги “POSCO International textile” хорижий корхонаси,Фарғона шаҳридаги “Фарғона Турон текстил”, Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” масъулияти чекланган жамияти ва Фарғона туманидаги “Fergana France” қўшма корхонаси томонидан мазкур давлатга экспорт амалга оширилди.

Латвия ҳукумати билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар бўйича келишувларга эришилган. Мамлакатимизнинг Латвиядаги элчихонаси ва тадбиркорлари билан бўлиб ўтган онлайн мулоқот жараёнида шерикчиликда амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар муҳокама этилди.

Латвиялик ҳамкорлар Фарғона вилоятининг инвестицион салоҳиятини юқори баҳолаб, кўзда тутилаётган барча лойиҳалар албатта рўёбга чиқишини билдириб ўтди.

— Хорижлик инвесторлар бугунги кунда кўпроқ барча инфратузилмага эга бўлган вилоят марказига қизиқмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодиржон Тилаволдиев. — Вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманларда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятлар етарли. Айниқса, ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда хорижий давлат билан янги лойиҳалар устида иш олиб бориш керак. Бугунги видеоконференцияда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Хусусан, Латвиядаги ҳамкорлар бизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдиряпти.

ФАРҒОНА МЕВАЛАРИ — УММОНГА!

Фарғона вилояти ҳамда Уммон Султонлиги тадбиркорлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўтган йилда мазкур давлат делегацияси вилоятга келиб, бу ерда яратилган тадбиркорлик ва сармоявий муҳит, саноат ҳудудлари ва мева-сабзавотларни ишлаб чиқариш, экспорт қилиш ҳажми, географияси билан танишди. Ҳамкорлик бўйича меморандумлар тузилган.

Олтиариқ туманидаги “Export Import Tride”, Ўзбекистон туманидаги “Alfa Level” масъулияти чекланган жамияти томонидан мева-сабзавотлар мазкур давлатга экспорт қилинди.

Мамлакатимизнинг бу давлатдаги элчихонаси билан ўтказилган мулоқотда ҳамкорликдаги инвес-тициявий лойиҳаларнинг бугунги ҳолатига эътибор қаратилди.Ҳудудларда ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, саноат ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

FacebookTelegramВеб сайтYouTube






Report Page