МУДИР ЛАВОЗИМИДАН ЧЕТЛАШТИРИЛДИ

МУДИР ЛАВОЗИМИДАН ЧЕТЛАШТИРИЛДИ

Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати

“Жалақудуқ туманидаги стоматология бўлинмасида гепатит Б вирусини юқтирдим” номли мурожаат юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар беради:


2019 йил 30 октябрь куни ижтимоий тармоқда тарқалган мазкур хабар юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати томонидан зудлик билан соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мурожаат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида мурожаатчи Г.Қурбонова Фарғона вилоятида бўлганлиги сабабли, у билан телефон орқали мулоқот қилинди. Мурожаатчи Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Жалақудуқ туман тиббиёт бирлашмасининг хўжалик ҳисобидаги стоматология бўлимида 2012 йилда даволанганлигини айтди. Гепатит Б вирусини ҳам ўша вақтда юқтириб олганлигини иддао қилмоқда. Г.Қурбоновадан нима сабабдан касалликни аниқланган вақтида яъни, 7 йил аввал хабар қилмасдан бугунги кунга келиб хабар қилинаётгани сўралганида, саволга тайинли жавоб бера олмади. Г.Қурбоновани ўзи билан учраша олмаганимиз учун турмуш ўртоғи М.Қурбонов билан суҳбатлашдик. М.Қурбонов ҳам юқоридаги ҳолатларни таъкидлаб, вазиятга ойдинлик киритувчи саволларимизга тўлиқ жавоб бера олмади.

Мурожаатда касалликка сабаб қилиб кўрсатилган стоматология бўлинмаси фаолият жараёни билан танишилганда, бўлинмада жами 22 нафар ходим, шундан, 7 нафари олий тоифали шифокор, 2 нафар ҳамшира, 2 нафар санитария ходимлари ва 10 нафар техник ходимлар фаолият кўрсатиши аниқланди. Бўлинмада меҳнат қилувчи барча тиббий ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 200-сонли буйруғига асосан даврий тиббий кўрикдан ўтказилган. Стоматология бўлинма биноси мослаштирилган бўлиб, Жалақудуқ тумани Навоий кўчаси 24-уйда жойлашган. Бино хоналарига ичимлик сув ва канализация тармоғи киритилган, барчаси ишчи ҳолатда.

Муассасада 5 та тиш даволаш хоналари мавжуд бўлиб, хоналар таъмирталаб ҳолатида, стоматологик креслолар ва тиббий анжомлар маънан эскирган. Хоналарда муолажалар учун ташкил этилган қўл ювиш мосламалари ҳам янгиланишга муҳтож. Хоналарнинг санитария ҳолатлари қониқарсиз. Кунлик тозалов ишлари талаб даражасида олиб борилмаган. Тиш даволаш ва қўйишда фойдаланиладиган тиббий анжомлар ўртасида табиий таъсир оқибатида эскириш ва занглашлар мавжуд. Шунингдек, стерил ҳисобланган юмшоқ материаллар қуруқ ҳолатда эмаслиги, аксинча нам ҳолатда эканлиги аниқланди. Бу эса, тиббий анжомларни етарли стерилизация қилинмаётганлигидан далолат беради. Фойдаланилган қонли пахталар зарарсизлантирилмасдан ташланаётганлиги, беморлардан эпидемиологик таҳлилий маълумотлар умуман йиғилмаётганлиги маълум бўлди.

Юқорида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан соҳа мутахассислари томонидан зарурий тавсиялар берилди. Стоматология бўлинмасининг кейинги иш фаолияти давомида юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўймаслик, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда белгиланган қатъий меъёр ва нормаларда ишни қайта ташкил этиш учун бўлинма фаолияти тўхтатилди. Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Жалақудуқ туман тиббиёт бирлашмасининг хўжалик ҳисобидаги стоматология бўлимининг мудири Бахтиёр Хасанов эса лавозимидан четлаштирилди.



Андижон вилоят ҳокимлиги
Матбуот хизмати.

www.andijan.uz

 ------------

Facebook | Twitter | Instagram | YouTube | Telegram