adliya

adliya

@huquqiytargibot

Дунёнинг ишлари қизиқ. Эҳтиёжманд кишининг кўзига дунё тор бўлиб турганда, кўмак берсанг, фариштамисол қабул қилади. Эҳтиёжи чиққан киши вақт ўтиб, қарзини қайтариши керак бўлган бир пайтда тониб турса...Ёки бўлмаса, ўзи бажариши лозим бўлган ишни илтимос қилиб қилдирса-ю, ҳақини тўламаса...

Янгиер шаҳар адлия бўлими томонидан “Камронбек-Обод-Янгиер” масъулияти чекланган жамият раҳбари Н.Йўлдошеванинг Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан тузган шартномасига асосан тўланмай келаётган 251.923.839 сўм пул маблағини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида “Камронбек-Обод-Янгиер” МЧЖ ва Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ўртасида тузилган шартномага биноан буюртмачи (Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармаси) пудратчи (“Камронбек-Обод-Янгиер” МЧЖ)га шартномада кўрсатилган сумманинг 15 фоиз тўловини Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармаси олдиндан тўлаши, қолган 85 фоиз тўловни эса пудратчи томонидан ишлар тўлиқ бажарилгандан кейин ўн кун ичида тўлаб бериш мажбурияти олинган эди.

Бироқ, томонлар ўртасида тузилган шартномага асосан бажарилган ишлар учун Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармаси “Камронбек-Обод-Янгиер” МЧЖга жами 765.794.360 сўм тўлаб бериши лозим бўлсада, тарафлар ўртасида тузилган таққослаш далолатномасида 284.113.624 сўм маблағини “Камронбек-Обод-Янгиер” МЧЖга тўлаб берилганлигини, қолган 251.923.839 сўм пул маблағи бугунга қадар тўланмаганлиги аниқланган.

Бу ҳолат юзасидан қайта тузилган таққослаш далолатномасида ҳам ушбу миқдорда қарздорлик мавжудлиги Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан тан олинган.

Ваҳоланки, тарафлар ўртасидаги шартноманинг тегишли бандида  пудратчи (“Камронбек-обод-Янгиер” МЧЖ) томонидан ишлар бажарилгандан сўнг,  буюртмачи (Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармаси) ўз вақтида пулни ўтказиб бермаса, кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,4 фоиз миқдорда, бироқ, бунда жариманинг умумий суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаш қайд этилган. Шунга кўра, пеня суммаси 65.500.175 сўмни ташкил этган.

Юқорида қайд этилганларга асосан, бажарилган иш учун Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармасидан “Камронбек-Обод-Янгиер” МЧЖ фойдасига 251.923.839 сўм асосий қарз, 65.500.175 сўм пеня, жами 317.424.014 сўм пул маблағи ундириш лозим бўлган.

Гулистон туманлараро иқтисодий судда ушбу масала атрофлича кўриб чиқилди. Иш ҳужжатларига кўра тарафлар ўртасида тузилган пудрат шартномаси тузилганлиги, шу шартномага асосан ишларни бажариш учун зарур шароитларни яратиш, бажарилган ишларни қабул қилиш ва кўрсатилган муддатда ҳақ тўлаш мажбуриятини олган. Шартномада кўрсатилган суммани 251.923.839 сўм асосий қарз, 65.500.175 сўм пеняни тўлиқ ундириш жавобгарнинг иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши инобатга олиниб ва даъвогарнинг манфаатини эътиборга олган ҳолда талаб этилган пеня миқдорини 16.375.044 сўмга камайтирилиши лозим топилди.

Суд юқоридаги масалаларни кўриб, Янгиер шаҳар адлия бўлимининг даъво аризасини қисман қаноатлантирилсин деган қарорни қабул қилди.

Шу ўринда яна бир савол туғилади, “Нима учун шартнома шартларини бажаришга масъуллар бу ҳолатга жавобгар эмас?”.

Шуни таъкидлаш керакки, шартнома интизомини бузганлик учун Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг бош ҳисобчиси М.Чоршанбоев қонун олдида жавоб беришга тўғри келди.

Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан ҳуқуқбузарликни содир этган М.Чоршанбоевга нисбатан шартнома интизомини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1761-моддасига асосан шартнома мажбуриятини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида ҳўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қайд этилганларга кўра, суд содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусиятини ҳамда ҳуқуқбузарнинг айбдорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда, қонунда белгиланган жарима тўлиқ қўлланиши ҳуқуқбузарнинг мулкий (оилавий) аҳволига салбий таъсир кўрсатилиши мумкинлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасини қўллаб М.Чоршанбоевга ушбу кодекснинг 1761-моддаси назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинлашни лозим топди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33,175-моддасининг учинчи қисми ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасини қўллаб, суд қарор қилди.

Унга кўра Янгиер шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг бош ҳисобчиси М.Чоршанбоевга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1761-моддаси асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари яъни 446.000 сўм миқдорида жаримага тортилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Хатолар тузатилади, ҳуқуқбузарлик қилган шахс қонун олдида жавоб беради. Аммо бир нарсани ҳеч қачон унутмаслик лозим, қонун инсон учун хизмат қилсагина адолатли бўлади, акс ҳолда қонун қонунчилигича қолаверади.

 

 

И.Қаюмов,

Янгиер шаҳар адлия бўлими бошлиғи 

Report Page