аҳолининг истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз керак

аҳолининг истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз керак

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги агротехнологиялар бош бошқармаси бошлиғи Зафар Ортиқов маълум қилди:

2022 йилда республика бўйича барча тоифа хўжаликларида

91,1 минг гектар майдонга пиёз экилиб, 1,9 млн тонна шундан, август-сентябрь ойларида 665 минг тонна кузги ҳосил етиштирилди.

Етиштирилган пиёз ҳосилининг  1,2 млн тоннаси аҳоли истеъмолига, 203 минг тн экспортга, 93,2 минг тн захирага, 210 минг тн умумий овқатланиш ва қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилди. Табиий йўқотишлар эса 228 минг тн ташкил қилди.   

Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг 20 январдан 30 апрелига қадар тиббий меъёрлар бўйича аҳолининг пиёзга бўлган истеъмол талаби ўртача 346 минг тоннани ташкил этади.

Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида узилишлар юзага келиши оқибатида, мамлакатимизнинг айрим деҳқон бозорларида харидорлар томонидан мазкур маҳсулот  нархининг ошиши борасида салбий фикрларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Бундай ҳолат эса бозорларда ушбу турдаги маҳсулот нархига ҳам таъсир қилиши мумкин. Масалан, бугунги кунда республика деҳқон бозорларини ўрганганимизда, пиёзнинг ўртача чакана нархи 6000-8000 сўм, улгуржи нархи ўртача 5500-6500 сўм эканлиги маълум бўлди.

Бунинг асосий сабаби сифатида, республикада жорий йил 9 январидан 17 январгача бўлган аномал совуқ (ўртача -13 оС дан -22 оС даража) сабабли, ёқилғи-энергетика соҳасида вужудга келган муаммолар ва маҳсулотни ташиш логистикаси тизимида юзага келган узилишларни кўрсатиш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2023 йилнинг 9 январида захирадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини совуқдан асраш, асосий турдаги маҳсулотларни сифатини бузмай сақлаш мақсадида, соҳа олимлари ва мутахассисларининг тавсиялари мамлакатимизнинг ҳудудий бошқармаларига юборилган ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали ёритилган.

Бироқ, аномал совуқ натижасида, деҳқон бозорларида айрим очиқ расталарда сақланган пиёз маҳсулотлари музлаб қолган (музлаш ҳарорати -5 оС)  ҳамда ноқулай об-ҳаво шароити натижасида, таклиф яъни, бозорга маҳсулотни олиб келиш хажми пасайган. 

Маласан, хорижий давлатлардаги ҳолатни ўрганганимизда, жаҳонда кечаётган геосиёсий вазият ва иқтисодий муносабатлар занжиридаги мураккабликлар натижасида, пиёзнинг дунё бозоридаги нархи сезиларли даражада ошганлигини кўриш мумкин. Оқибатда Ўзбекистон ва МДХда пиёз нархи 2 баробарга ўсган. Жумладан, бугунги кунда Украинада 74 цент, Грузияда 56 цент, Беларуссияда Польша, Молдова ва Тожикистонда 47-50 центни ташкил этмоқда.

Мамлакатимизда, ички истеъмол бозор нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида,  Ўзбекистон Республикасида 2023 йилнинг 1 январидан 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов ўрнатилди.

Бугунги кунда, жойлардаги захира қилинган пиёз ҳолати ўрганилди. Жумладан, ҳудудларда захира миқдори 87 минг тн ва аҳоли хонадонларида 232 минг тн, жами 319 минг тн пиёз маҳсулоти борлиги вилоятлар томонидан тасдиқланмоқда. Бу эса жойларда пиёз захираси мавжудлигини кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, аҳолининг истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз кераклигини кўрсатмоқда. Ушбу маҳсулотларни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлардаги соҳавий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.  

Шу билан бирга, жанубий вилоятларимизда баҳор ойидан пиёзнинг эртапишар нави етиштириб олинади.  Жумладан, Сурхондарё ва Қашқадарё заминида экилган уруғ режадагидек униб, ҳосил берса, бу борадаги тақчиллик юзага келмаслиги ва аҳоли талабини тўлиқ қопланиши бўйича ҳисоб-китоблар мавжуд.

 Ҳозирги кунда эса, мамлакатимизда нафақат пиёзнинг балки барча асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг захираси мавжуд ва ўрнатилган тартибда сақланмоқда. Талаб ва таклиф мутаносиблиги асосида ушбу захираларни мамлакатимиз деҳқон бозорларига чиқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳолимизга мурожаатимиз шуки, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат  маҳсулотларининг нархлари фавқулодда ошиши борасида тарқатилаётган турли ахборотларга берилмасликлари, бу билан бозорларда маҳсулотларнинг айни кундаги нархларининг асоссиз ошишига сабабчи бўлиб қолмасликларига чақириб қоламиз.

Шу ўринда, кераксиз хавотир ва ваҳималар, ҳиссиётларга ортиқча ўрин бермасликни тавсия қилган бўлар эдик. Бу борада барча масъуллар аниқ режа асосида иш юритмоқда. Ҳукумат комиссияси томонидан таъминотда узилишлар бўлмаслиги юзасидан ва нарх ошишининг олдини олишга қаратилган зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда. 


Report Page