Зомин миллий табиат қўриқхонасида “ZAAMIN ULTRA 2024” ултрамарафони бўлиб ўтди

Зомин миллий табиат қўриқхонасида “ZAAMIN ULTRA 2024” ултрамарафони бўлиб ўтди


2024 йил 1-2 июнь кунлари “ZAAMIN ULTRA 2024” халқаро ултрамарафони бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкиллаштирилган “Samarkand Marathon” хайрия югуриш мусобақалари туркумига дебоча ясаб берди. Бу Зомин миллий боғидаги учинчи пойгадир.

Пойгада АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Ирландия, Малайзия, Россия, Қозоғистон, Туркия каби 20 га яқин мамлакатдан 2,100 дан ортиқ спортчи иштирок этди.

“ZAAMIN ULTRA 2024” йўлаги Зомин миллий табиат боғи ҳудуди бўйлаб ўтиб, 50К, 21К, 10К ва 2К узунликдаги тўрт масофани ўз ичига олди.

50К масофада эркаклар ўртасида 04:12:35 натижа билан Нурзияд Бегалиев, аёллар ўртасида 05:56:05 натижа билан Олга Попова ғолиб бўлишди.

21К масофада эркаклар ўртасида 01:35:53 натижа билан Артём Секачев, аёллар ўртасида 01:51:46 натижа билан Александра Черкас зафар қучишди.

10К масофада эркаклар ўртасида 0:53:46 натижа билан Бекзод Пардаев, аёллар ўртасида 0:59:48 натижа билан Александра Кузнецова ғолибликни қўлга киритишди.

50К масофада бу йил рекорд ҳам янгиланди: Нурзияд Бегалиев масофани ўзидан аввалги чопқирга нисбатан 12 дақиқа тезроқ босиб ўтди. Мутлақ ҳисобдан ташқари ёш тоифалари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.

“Бу йил биз яна бир бор турли мамлакатлардан келган минглаб спортчиларни бирлаштириб, уларга орзуларини рўёбга чиқариш ва дунёдаги энг қизиқарли баланд тоғ йўлакларидан бирида ўз иродаларини синаб кўриш имкониятини бердик. Янги анъанага кўра биз табиатни аслича, мусаффо ҳолатида сақлаш ва асраш муҳим эканлигига масъулият билан ёндашиб, туркум экологик ташаббусларни, жумладан, “плоггинг”, яъни пластик стаканчалардан воз кечиш амалиёти каби тадбирларни ташкил этдик. Барчани навбатдаги пойгаларимизга қўшилишга таклиф этамиз – июнь ойининг охирида Бўстонлиқ туманида спорт фестивали ташкил этилади, сўнгра Бухорода тунги пойга бўлади, Самарқанддаги марафон анъанавий равишда туркум мусобақалар мавсумини якунлайди”, — деди, “Samarkand Marathon” югуриш мусобақалари туркуми раҳбари Мирхан Сагитов.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларига ташкилотчилар алоҳида эътибор қаратди. Зоминнинг бетакрор манзараларини асраб-авайлаш ташаббуси доирасида пойга якунида “плоггинг” (қисқа масофаларга югуриш баробарида чиқиндиларни тўплаш) тадбири ўтказилди, шунингдек, бир марталик стаканчалардан фойдаланмасликка қарор қилинди.

Марра майдонида “ZAAMIN ULTRA 2024” иштирокчилари учун медаллар топширилди. Бу йил медаллар дизайнида Зомин миллий боғининг бетакрор манзаралари акс эттирилди.

1 июнь пойгалари арафасида “ZAAMIN ULTRA 2024” ултрамарафонининг меҳмонлари ва иштирокчилари учун электрон мусиқа концерти бўлиб ўтди. Очиқ саҳнада минглаб томошабинлар қаршисида DJ Yо‘ldosh чиқиш қилди, оқшом кўркига эса ушбу майдонда иккинчи бор иштирок этаётган “QARAQOOM” гуруҳи янада кўрк бағишлади.

“ZAAMIN ULTRA”нинг уч йиллиги шарафига ёпилиш маросими мушакбозлик билан якунланди.

Ташкилотчи: Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси. Мусобақанинг бош ҳамкорлари: Спорт вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги.

  Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига биноан асос солинган. Жамғарманинг пировард мақсади Ўзбекистон маданиятини халқаро миқёс манзарасига узвий сингдириш, маданият муассасаларида бағрикенг ва қулай муҳитни яратиш орқали мамлакат ичидаги имкониятларни тараққий эттириш, музейларни таъмирлаш, меценатликни ривожлантириш ҳамда музей, театр ва бошқа маданият муассасалари учун ходимлар салоҳиятини шакллантиришдан иборат. Жамғарманинг лойиҳалари санъат, адабиёт, театр, мусиқа, меъморчилик, рақс санъати, кино каби қатор йўналишларни қамраб олган. Фанлараро ёндашувни қўллаган ва турли мамлакатлар етакчи мутахассисларини бирлаштирган ҳолда Жамғарма МДҲ, Европа ва Осиё мамлакатлари орасида маданий дипломатиянинг йиллар оша барқ уришини рағбатлантиради.

Report Page