Зиёратчиларга яратилган шароитлар кўздан кечирилиб, улар билан мулоқот қилинди

Зиёратчиларга яратилган шароитлар кўздан кечирилиб, улар билан мулоқот қилинди

muslim.uz

Маккаи мукаррама шаҳри бўйлаб сафарлари давом этаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев делегация "Al-Olayan diamond" меҳмонхонасида истиқомат қилаётган зиёратчилар билан учрашиб, улар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.


Соҳа раҳбарлари юртдошларимиздан ибодатларини қандай адо этаётганлари, яратилган шароитлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдилар. Зиёратчиларимиз муборак ибодатни бекаму кўст адо этиш учун қилинган шароитлардан мамнунлигини билдириб, айниқса, туну кун шифокорлар хизмати, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланганлиги ҳамда энг малакали имом-хатиблардан иборат элликбошилар жалб этилганини алоҳида эътироф этиб, бу ишларга бош бўлган мутасаддилар ҳаққига дуолар қилдилар.


Таъкидлаш жоизки, Ислом манбаларида ҳаж ва умра қилувчиларга кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган кишига катта ажру савоблар борлиги баён этилган. Шу маънода Ўзбекистон делегацияси аъзолари томонидан бир неча кундан буён юртдошларимиз ҳаж ва умра амалларини мукаммал адо этишлари учун зарур бўлган шарт-шароитларнинг энг яхшисини ҳозирлаш устида иш олиб бормоқдалар. Улар зиёратларимиз келгуси ҳаж амалини тўла адо этишлари учун муҳим бўлган қулайликларни тайёрлашга ҳаракат қилиб, юқори даражада хизмат кўрсатадиган соҳалар фаолияти билан танишиб, уларни сараламоқдалар. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Матбуот хизмати

Report Page