Зарбдорда янги гузар иш бошлади

Зарбдорда янги гузар иш бошлади



"Обод маҳалла" давлат дастури доирасида кўплаб қишлоқ ва маҳаллалар кўркам қиёфа касб этиб, обод ва фаровон бўлиб бормоқда.

Туманимизнинг энг олис ҳудудларидан бири "Зарбдор" МФЙ ҳам 2021 йили "Обод маҳалла" Давлат дастурига киритилиб, ўтган даврда ушбу маҳаллада қатор ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, маҳалла гузари тўлиқ янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. 

Гузар таркибида маҳалла фуқаролар йиғини биноси "Ўзбекистон оилавий шифокорлик пункти", "Маданият маркази", озиқ-овқат дўкони, ёшлар учун "Компьютер марказ"лари ўрин олган. Бугун замонавий қиёфа касб этган ушбу мажмуанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Оққўрғон туман ҳокими Алишер Каримджанов, Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти, туман маданият бўлими раҳбарлари ҳамда маҳалла аҳли иштирок этди.

Очилиш маросимида сўз олганлар, 3800 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган "Зарбдор" маҳалласида амалга оширилган бу каби бунёдкорлик ишлари инсон қадри юртимизда нақадар улуғланаётганининг яққол далили экани таъкидланди. 

Зарбдорликлар эндиликда соғлиғи ёмонлашганда биргина укол олиш учун туман марказига қатнамайди, кундузги даволаш хоналари мавжуд қулай тиббиёт пунктининг ўзида барча муолажалар олиш имкони мавжуд.

Маҳалланинг ёш иқтидор эгалари маданият марказида ташкил этилган тўгаракларда истеъдодларини янада сайқаллаб, билим ва кўникмаларини бойитиб бормоқдалар. Компьютер марказида ҳам IT соҳасининг сир-синоатини болалар бепул ўрганмоқдалар.

Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, аёллар фаоли, ички ишлар инспекторлари замонавий, шинам ва барча қулайликларга эга хоналарда фуқароларга хизмат қилишмоқда.

Report Page