Замонавий автобуслар Чирчиқ билан Нурафшонни боғлади 

Замонавий автобуслар Чирчиқ билан Нурафшонни боғлади 


Мамлакатимиз Президенти Тошкент вилоятига ташрифи пайтида вилоят маркази Нурафшонни туман ва шаҳарлар билан боғловчи транспортлар қатновини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.

Ушбу кўрсатманинг ижросини таъминлаш юзасидан илк қадамлар ташланмоқда. Дастлаб вилоятдаги автосаройларни янги замонавий автобуслар билан бойитиш чора-тадбирлари амалга оширилди. Хусусан, Хитойдан янги русумдаги замонавий, қулай, шинам ва бежирим, 32 ўриндиққа мўлжалланган, умумий сиғими 70 киши учун хизмат қиладиган автобусларнинг 10 таси олиб келинди. “Алихан транс сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан келтирилган “Asia star” русумли транспорт воситасининг  нархи салкам 650 миллион сўмни ташкил этади.

Эндиликда “Нурафшон – Чирчиқ” йўналишида йўловчиларни ташиш йўлга қўйилди. Янги қатнов “ВҲ-522 – Чирчиқ АШБ – Нурафшон АШБ” йўналишида амалга ошириладиган бўлди.

Хитой давлати билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик мемориандиумига асосан, “Алихан транс сервис” МЧЖ томонидан мамлакатимизга ўтган йилнинг куз ойларида биринчилардан бўлиб, Бухоро шаҳрига ана шундай автобусларнинг 60 таси келтирилганди. Ноябрдан бошлаб 38 таси шаҳарнинг ўзида қатнай бошлади. Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб эса 10 та автобус Тошкент шаҳридаги 129-йўналишда, яъни  “Авиасозлар АШБ – Юнусобод – 17 мавзе” бўйича жорий этилди.

Бугундан бошлаб биринчи йўловчилар янги автобусларда Чирчиқ автошоҳбекатидан вилоят маркази Нурафшон шаҳрига боради. Бир тарафнинг ўзи қарийб 70 кмни ташкил қилади. Карантин ва йўловчиларнинг оқимини ҳисобга олган ҳолда ҳозирда бундай автобусларнинг 6 таси йўналишга қўйилди.

– “Asia star” русумли автобусларининг 150 донасини Ўзбекистонга келтириш учун 5 йил муддатга шартнома имзоланган. Бундай автобусларнинг яна 30 таси яқин кунларда олиб келинади, – дейди “Алихан транс сервис МЧЖ Тошкент филиали директори Баҳодир Ҳамдамов. – Экологик тоза, табиий газда ишлайди. Янги автобуснинг қулайликлари жуда кўп. Салони ёруғ, ногиронлар ва ёш болалилар учун махсус кириш ва чиқиш жойи, шунингдек, юмшоқ ўриндиқларга эга бўлган автобус монитор, қуёшни тўсувчи пардалар билан жиҳозланган, ичи кенг, жаҳон стандартларига мос, энг сўнгги моделда ишлаб чиқарилган.

Таъкидлаш жоизки, автобуснинг узунлиги 9,5 метрни ташкил этади. Ёнғинга қарши мосламалар мавжуд. Ёз фаслида салқин ҳаво, қиш мавсумида иссиқ печлар хизмат қилади. Энг муҳими, йўлкира нархи бор-йўғи 5 минг сўм этиб белгиланди. 

Йўналишнинг сўнгги бекати – Нурафшон автошоҳбекати. Айни кунларда бекатда қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Йўловчиларнинг келиб-кетиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилаяпти. Кутиш заллари мавжуд. Қишнинг совуқ кунларини ҳисобга олган ҳолда ҳозирда монтаж жараёнлари бажарилмоқда. 

Эндиликда Тошкент вилояти аҳолиси хориж давлатларидан қолишмайдиган замонавий транспорт хизматларидан баҳраманд бўлишмоқда. 


Report Page