Замонавий, қулай ва шинам

Замонавий, қулай ва шинам

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси


Янгийўл шаҳрида 65 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Кундан-кунга Давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёж ошиб боряпти. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 3 ойи мобайнида Давлат хизматлари маркази томонидан қарийиб 13 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида 50 та, юридик шахс сифатида эса 81 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Марказ томонидан болаларни мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш,  электр, газ, сув тизимларига уланиш, манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш, фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида хисобга қўйиш каби давлат хизматлари бўйича мурожаатлар кўп бўлмоқда.

Янгийўл шаҳар Давлат хизматлари марказининг 3 қаватли,  1500 метр квадратдан ортиқ майдонни ташкил этувчи янги биносининг фойдаланишга топшириш маросимида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев, Вилоят адлия бошқармаси, шаҳар сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Таъкидланганидек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартирилаётгани аҳолининг турмуш тарзини яхшилашда, юртимизда инвестиция иқлими, ишчанлик муҳити ва бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

  Мазкур бинонинг ташқи ва ички қисми бетакрор дизайни, яратилган шароитлари бу ерга келувчиларга яхши кайфият улашиш билан бир қаторда, сифатли хизмат кўрсатиш имконини беради. Айниқса, шинам зал бўйлаб ўрнатилган белгилар, сизни доимо табассум билан кутиб олувчи маслаҳатчилар, она ва бола хонаси, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш хонаси, шинам кутубхона, кутиш жойларнинг ташкил этилгани мижозлар учун қўшимча қулайлик яратади.

—  Бугун юртимизнинг барча ҳудудида нафақат тадбиркорларга, балки аҳолига ҳам энг зарур ва талаб юқори бўлган давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиш мақсадида давлат хизматлари марказларининг ягона тармоғи яратилди, — деди Янгийўл шаҳар Давлат хизматлари маркза директори Валихўжа Ҳолхўжаев. — Марказ биносининг қурилишида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу, ахборот тизимларини идоралараро интеграция қилинишини кучайтириб, аҳолининг давлат хизматларини қулай ва ўз вақтида олиш имкониятини беради.

Ташриф буюрувчиларнинг навбатини тартибга солиш ва уларга хизмат кўрсатишни баҳолаб бориш мақсадида “QMATIC” қурилмалари тизими ўрнатилди. Бундай имкониятлар аҳолига янада қулайликлар яратиб, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.

    Энди аҳолига кенг ва ёруғ, шинам хоналарда хизмат кўрсатилади. 10 та қабул ойнасида шаффофлик  мезони асосида хизматлар кўрсатилса, электрон навбат тизими 5 та мониторда акс этиб туради.   

  — Авваллари,  арзимас юмушларни бажариш учун ҳам кўп вақтимиз давлат идораларида ўтарди, — дейди Сайдулла ота Тўхтаев. — Эндиликда, олдингидек сарсонгарчиликлар йўқ. Барча юмушимизни шу жойни ўзида битириб кетамиз. Тўловларни қабул қилиш учун кассалар ҳам ташкил этилган. Бу, айниқса, биздек ёши улуғ инсонлар учун жуда қулай.  

Шунингдек, марказ биносида Бош вазир қабулхонаси, нотариус ва адлия бўлимлари ҳам ўрин олган.

Ўзига хос меъморий ечимига эга Янгийўл шаҳар Давлат хизматлари марказининг янги биноси юртдошларимизни қулай ва шаффоф давлат хизматларидан фойдаланишига хизмат қилади.

  

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

Матбуот хизмати


Report Page