Бухорода вакцинациялаш омбори очилди

Бухорода вакцинациялаш омбори очилди

Buxoro.uz

Мамлакатимизда ўтган йили март ойидан бошланган “СОVID-19” коронавируси пандемиясини жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш учун ҳукуматимиз томонидан тизимли равишда барча чора-тадбир кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги фармон ва қарорлари ҳамда бевосита кўрсатма-ташаббуслари асосида ана шундай қатъий, қисқа муддатда самара бериши аниқ бўлган кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусун, бугунга келиб республикамиз бўйлаб кенг қўламли коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирлари бошланганлиги бунинг яққол далилидир.

Айни кунда вилоятимиз бўйича коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирларига тайёргарлик жараёни якунига етказилмоқда. Маълумот учун, Бухоро шаҳри ва туманларда жами 245 та эмлаш пункти, 13 та реанимацион бригада, шунингдек, 45 та ҳаракатдаги бригада ташкил этилиб, уларга 870 нафар малакали тиббиёт ходими ҳамда 45 та автотранспорт воситаси жалб қилинган. Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси томонидан вилоятимизга  вакциналар ташиш учун мўлжалланган музлатгичли махсус автомашина ҳамда 13 та “Мineven–Labo” русумли автомашина ажратилганлиги, шунингдек, махсус бино қурилиб, 226 дона музлатгич, 350 дона термосумкалар билан таъминланганлиги иш унумдорлигини янада оширади.

Бугун вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида вакцинация сақланадиган ана шу махсус музлаткичли омборхона ва эмлаш воситаларини ташишга мўлжалланган замонавий транспорт воситаларини фойдаланишга топшириш тадбири бўлиб ўтди. Унда UNISEF халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, вилоят ҳокими Ботир Зарипов, республика Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғофур Саидов, Бухоро шаҳар ҳокими Ўткир Жумаев, шунингдек, вилоят СЭО ва ЖС бошқармасининг шаҳар ва туманлардаги бўлимлари масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов жумладан, юртимизда “СОVID-19” коронавируси пандемиясини жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилишда яқиндан ҳамкорлик қилаётган UNISEF халқаро ташкилотига, ҳукуматимиз раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирди. 

Таъкидланганидек, вакциналарни совуклик занжирига риоя этган холда узлуксиз етказиб бериш тизимини такомиллаштириш борасида жиддий чора-тадбир кўрилган, бунинг яққол мисоли, айни кунда вилоятимизда махсус қурилган вакциналарни сақлаш омборхонаси тўлик автоматлаштирилган ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Ҳар йили Бухоро вилояти аҳолисини юқумли касалликларга қарши эмлаш учун, хусусан, силга карши 72 минг доза, шолга карши 200 минг доза, қизамиқ, қизилча ва паротитга қарши 79 минг доза, пневмококка қарши 100 минг доза, дифтерия қоқшолга ва гепатининг “В” турига қарши 120 минг доза, ротавирусга қарши 100 минг доза ва бошка вакциналарни мазкур омборхонада талаб даражасида, совуқлик занжирига қатъий риоя этилган ҳолда сақлаш имконияти яратилди. Эътиборли жиҳати, сўнгги вақтда жаҳонда коронавирус инфекциясининг янги штамми тарқалиши муносабати билан аҳолини эмлаш бўйича чора-тадбирлар сезиларли даражада жадаллашди. Тантанали равишда топширилаётган махсус автомашиналар эса совуқлик занжири ва логистика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, вакциналарни барча шаҳар ва туманлар бўйлаб хавфсиз ва тезкор ташиш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирларини сифатли ва талофатсиз ташкиллаштириш мақсадида вилоят Соғлиқни сақлаш ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари қошида коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш кунларини бошқарувчи марказий штаблар ташкил қилинган.

–– Биз қийин пайтларни бошдан кечирмоқдамиз ва “СОVID-19” коронавируси пандемияси барчанинг эмланиши зарурлигини яна бир бор кўрсатди,––дейди  UNISEF халқаро ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

––Бу ғояни ташкилотимиз кўп йилдирки, илгари суриб келмоқда. Айни вазият эса янада долзарб. Шу нуқтаи назардан, вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс билан биргаликдаги бугунги ҳиссамиз муҳим аҳамият касб этади. Замонавий вакцина омбори биринчи навбатда болалар саломатлигини яхшилашга ва иммунизация хизматларини такомиллаштиришга, жумладан Бухорода “СОVID-19” вакцинациясини тўлақонли жорий этишга катта ҳисса қўшади.

Шундан сўнг алвон лента кесилиб, тадбирда йиғилганлар замонавий қурилган вакцина омбори биноси ва унда яратилган шарт-шароит, қолаверса, моддий қиймати 2 миллион АҚШ долларига баҳоланган, эмлаш воситаларини ташишда фойдаланиладиган махсус транспорт воситалари билан яқиндан танишдилар.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page