Закот, фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди

Закот, фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг 2022 йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори эълон қилинди.

2022 йил учун закот нисобини (85 грамм тилладан) 34 миллион сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 850 минг сўмга тенг бўлади.

«Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 34 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бирини ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради», — дейилади қарорда.

Шунингдек, фитр садақасининг миқдори буғдойдан ярим сўм (2 килограмм), арпадан бир сўм (4 килограмм), майиздан ярим сўм (2 килограмм) ва хурмодан бир сўм (4 килограмм)ни ташкил этади.

Шунга кўра, фитр садақасининг миқдори:

буғдойдан 2 килограмм 10 минг сўм;

арпадан 4 килограмм 16 минг сўм;

майиздан 2 килограмм 100 минг сўм;

хурмодан 4 килограмм 160 минг сўм деб белгиланди.

«Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади», — дейилади қарорда.

Фидя миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати қийматида бўлиб, бугунги кунда бу ўртача 25 минг сўмга тўғри келганидан, бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 минг сўм деб белгиланди.

Таъкидланишича, мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Report Page