Забардастнинг асоссиз зарби...

Забардастнинг асоссиз зарби...

Тошкент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Бугун “Kun.uz” сайтида «Сув келишини кутиб, ухламай ўтирамиз» – Тошкент туманидаги узоқ йиллик ичимлик суви муаммоси” сарлавҳали мақола ва видеолавҳа эълон қилинди.

Унда, Тошкент тумани Забардаст маҳалласида истиқомат қилиб келаётган фуқаролар ҳам ичимлик суви етиб келмаётгани, мутасадди идораларга қилинаётган мурожаатлар эса натижасиз қолаётганини билдирилган.

Ушбу мақола ва видеолавҳа юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Тошкент тумани, Кўксарой ҳудудида, 12 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларнинг орасида “Забардаст” номли маҳалла йўқ. Видеолавҳада акс этган маҳалла Кўксарой ҳудудининг “Олтин тепа” маҳалласи бўлиб, у ерда 12 та “Забардаст” кўчаси мавжуд.

Кўчаларнинг тоза ичимлик суви муаммоси жорий йилнинг июнь ойида Тошкент тумани ҳокими О.Рустамов, ҳоким ўринбосари С.Эргашев ва маҳаллий Кенгаш депутати М.Усмоновлар бошчилигида ва бевосита иштирокларида бартараф этилган.

Уч ой илгари “Олтин тепа” маҳалласи, “Забардаст” 6-12 кўчалари аҳолиси тоза ичимлик сувини махсус автоулов орқали келтириб ичишган. Муаммо бартараф этилиб, ушбу кўчаларга хизмат кўрсатувчи “Мусаффо оби ҳаёт” МЧЖ томонидан қувурлар ётқизилиб, ҳокимлик ёрдамида ҳашар йўли билан ўтказилган қувурлардан келаётган тоза ичимлик суви бугун аҳолида нима сабабдан яна норозичилик келтириб чиқармоқда?

Аслида ҳолат қандай?

“Олтин тепа” маҳалласининг “Забардаст” 1-5 ва “Забардаст” 6-12 кўчалари фуқаролари ўртасида тоза ичимлик сувини ўзаро бўлишолмаслик, сувни ўз кўчасига буриб олиш ҳолатлари бу муаммоларни юзага келтирмоқда.

Маҳаллий ҳокимлик қанчалар ҳаракат қилмасин, ишламасин, агарда аҳоли ўзаро келишмаса, бу каби зиддиятлар қайта-қайта юзага келаверади.

Бугун мана шу муаммони ҳам бартараф этиш мақсадида “Мусаффо оби ҳаёт” МЧЖ томонидан “Забардаст” 6-12 кўчалари қувурларига 75 диаметрли насос ўрнатилмоқда. Агарда ҳар бир кўчага шаҳардан алоҳида қувур тортиб келиш имкони йўқлигини инобатга олган ҳолда, “Забардаст” 1-5 кўчалари фуқаролари тоза ичимлик суви 6-12 кўчаларга ҳам етказилишига қаршилик кўрсатмаса, ушбу насосни ўрнатилиши тоза ичимлик суви муаммосини тўлалигича ҳал қилади, деб ўйлаймиз.

Шунингдек, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 мартдаги ПҚ-2818-сонли қарорига мувофиқ, Осиё тараққиёти банки инвестиция маблағлари ҳисобига белгиланган режа асосида сув иншоотлари ва тармоқларида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари бошланган.

Осиё тараққиёти банки инвестиция маблағлари ҳисобига белгиланган режа асосида 2019-2022 йиллар мобайнида Қибрай-Тошкент-Зангиота тумандари сув иншоотлари ва тармоқларида қурилиш ва реконструкция қилиш лойиҳаси якунига етгач, Тошкент туманининг ҳар бир ҳудуди сифатли тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Унга қадар, ҳудудларга тоза ичимлик суви тасдиқланган жадвал асосида етказиб турилади.

Тошкент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.


Report Page