МАРДЛАР ҚЎРИҚЛАЙДИ ВАТАННИ!

МАРДЛАР ҚЎРИҚЛАЙДИ ВАТАННИ!


Она юртимиз ҳар доим ўзининг жасур, мард ва довюрак йигитлари билан фахрланиб келган. Ўзбек йигитлари ота-онаси, оиласи ва ўзи яшайдиган юрт тупроғини муқаддас билиб, ватан ҳимояси учун доимо шай туришни муқаддас бурч деб ҳисоблаган. Ватанни ҳимоя қилиш асосан йигитлар зиммасида бўлганлиги боис, оилаларда ўғил болалар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни мустаҳкам иродали, қатъиятли юрт иши учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашга урғу берилган.

Шу туфайли юртимиздан жуда кўплаб жасур ва мард ўғлонлар етишиб чиқиб, улар халқимизнинг ҳақиқий мардлик ва жасорат тимсолига айланган. Юртимиз бўйлаб, ана шундай инсонларни шарафлаш, уларни ватан ва эл манфаатлари йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларни қадрлаш миллий анъанага айланиб, ҳар йили касбий байрамлар орасида энг биринчилардан бўлиб белгиланган Ватан ҳимоячилари куни байрами – Қуролли кучлар ташкил топан кун – 14 январ катта шодиёналар билан нишонланади.

Ушбу байрамнинг нишоланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, алп йигитларга нисбатан ифтихорини билдиради.

Айни шундай кунни юқори савияда ўтказиш, ватан ҳимоячилари кунини тантанали нишонлаш мақсадида, жорий йилнинг 13 январ куни Бухоро муҳандислик-технология институтининг маданият саройида байрам кечаси ташкил этилди.

Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Баракаев Нусратилла Ражабович, Ватанимиз тинчлиги, осойишталиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашдек шарафли ишга ўз жонини фидо қилган соҳа масъулларини, шунингдек, барча ватан ҳимоясига бел боғлаган йигит-қизларни байрам куни муносабати билан самимий қутлаб, илиқ тилаклар билдирди.

Тадбирда, институт талабалари, устоз ва мураббийлари томонидан тайёрланган чиқишлар ҳамда концерт дастури намойиш этилиб, айниқса, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар тадбирнинг файзига файз қўшди.

Сўзимиз сўнгида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир қадамида қатъият ва матонат акс этаётган мард ва жасур юрт ҳимоячилари бор екан юртимиз осмони доимо мусаффо бўлиб, тинч ва осуда ҳаёт кечираётган халқимиз фаровонлиги абадий таъминланади.


Бухоро муҳандислик-технология институти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси, матбуот котиби Элбекова Эъзоза


Report Page