ЗУЛМАТДА ҚОЛГАН СЎЗ

ЗУЛМАТДА ҚОЛГАН СЎЗ

Акром МАЛИК

Адабиётимиз ҳақида ўйлар

Нима учун ёзишини аниқлаштириб олмаган қаламкашни адабиётга дахлдор шахс, деб аташ тўғри бўлмайди. Ёзишининг сабабини билмаслик ёзувчи ёки шоир учун хос эмас. Мақсадсиз равишда қўлга қалам олиш мақсадсиз яшашдек бир гап. Агар адабиётнинг умумий саъвияси Сизни қониқтирмаса, жаҳон халқлари яратаётган бадиий асарларга нисбатан бизнинг битикларимиз ғарибона бўлса, билингки, адабиётимизда аниқ мақсадли ёзувчилар, шоирлар йўқ экан, қўлига қалам тутганларнинг ҳаммаси сўз водийсида адашиб, улоқиб юрибдилар, демак. Башарти, халқ ўз адиблари ёзаётган асарлардан манфаатланмаса, инсонлар бу китобларга йўлчи чироққа қарагандек қарамасалар, адабиёт одамиман, деган муддаийларнинг умрлари ҳавога совурилмоқда экан, улар қаламларини синдириб, қўлларига кетмон олсалар, бу уларга ярашади. Ёш қаламкашларнинг аксари: "Ўзим учун ёзаман!" - дейди. Улуғбек Ҳамдам: "Ўзинг учун ёзсанг, журналга нега олиб келдинг? Ўзинг учун ёзиб, ўзинг ўқиб юравер!" - деган эди. Тўғри, Ҳақ учун, халқ учун ёзишни уддаламасанг, Баҳодир Карим тили билан айтсак, ёзган дарак гапларингни нашрдан чиқариб нима қиласан?!Ёзишнинг аввали Ниятдир. Зотан, муборак ҳадисда: "Амаллар ниятга боғлиқдир", - дейилган. Адиб қалбига назар солиб, қандай ният уни ёзишга мажбур қилаётганига боқсин. Ният шикаста халққа Ҳақ сўзни етказиб, Ҳақ йўлда яшашга даъват этиш бўлса, албатта, қўлга қаламни олиш керак. Жисман ва қалбан покиза ҳолда Аллоҳга дуо қилиб Сўз айтиш адиблик одоби ва адабиётга мансублик Қонунидир.Ғоя Ниятнинг фарзандидир. Тўрт қатор шеърнинг ҳам Ғояси бўлиши шарт. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ "Лайли ва Мажнун"нинг сўнгги бобида айтади:

Ёзмоқта бу ишқи жовидона
Мақсудим эмас эрди фасона.

Мақсад Лайли ва Мажнун ҳақидаги афсонани ҳикоя этиш эмас эди. Афсона бир либос, холос. Воқеа бир восита, бу восита асл мақсадга етаклайди.
Ният тўғри бўлса, йўл очилади. Сўз қуйилиб келади.Ғоя қандай бўлиши лозим?
Адибнинг ягона Ғояси тириклик Моҳияти, ҳаёт Ҳақиқатини ёритмоқдир. Бунинг учун қаламкашнинг бу масалада Қатъий Эътиқоди бўлиши шарт.
Бадиият, сўз қўллаш санъати қалбдаги Ҳақиқат Дарди билан ҳамоҳанг намоён бўлади. Сунъий ташбиҳ, сохта истиора, мажбурий қофияларга чинакам Дард, улкан Ғоя ифодаси учун зарурият йўқ, зотан, ҳадисда айтилган шеърнинг сеҳри, баённинг ҳикмати Тоза Кўнгил қошида ўз-ўзидан, ғайриихтиёрий бир шаклда хизматга келади. Адабиёт, шубҳасиз, Кўнгил ва ундаги Иймон ёхуд Куфр ила алоқадор ҳодисадир. Сўзда Иймон ёхуд Куфр бўлади, учинчи бир томон йўқ.
Башарти, бу иккисига ҳам тааллуқли бўлмаган сўз шубҳадан бошқаси эмас, гумондан иборат ифодадир у.
Буюк Адабиётни ўтмиш салафлардан ўрганмоқ керак. Бизнинг салафимиз Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳдир, албатта. Туркий адабиёт майдонида унинг қаршисида бирор зот ҳали қад ростламади, бирор қаламкаш унинг таъсиридан холи бўла олмади ҳам. Адабиётимизни юксалтиришни хоҳлаган авлод Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳни ўқиши керак.
Юксаклик нима эканлигини "Хамса" тушунтириб беради, англатади, ҳис эттиради ва яшашга мажбурлайди. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ижоди ўз китобхонини чексиз курашга улоқтириб, бу курашда ғолиб бўлиши учун шижоатнинг безавол Манбаига йўллайди. Бу шайтон, унинг малайлари ва Нафс ила кечадиган бир умрлик Жиҳоддир. Безавол шижоат Манбаи эса Қуръон ва Ҳадисдир.

Нон топиш мақсадида айтилган сўз кечириб бўлмас хато, унвон учун китоб чоп этиш Сўзга хиёнатдан бошқа эмас. Ҳақ Сўз ўз муаллифини балога гирифтор этади, Ҳақ Сўз ўз соҳибидан ҳимоя талаб қилади, ҳимоя эса Адибнинг ҳаёти ва жонидир.

Адибман, дея кимдандир рағбат кутиб, ўзини дарвеш кўрсатиб, бутун дунёга норизо боққан киши пасткашликка жуда яқин, чунки унинг қорнини тўйдириш ва ҳашаматга кўмиш билан сўзлари сохта мақтовга эврилади. Ҳақ йўлда ҳар киши ёлғиз қолишга маҳкум, ҳақгўйнинг ёнида Аллоҳдан бўлак ҳимоячиси бўлмайди. Ёлғон аҳли эса тўдалашиб яшайди, чунки шоқолларнинг одати шундай. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг жасорати султон Ҳусайн унинг қошида соме эканлиги билан ҳам боғланади. Зотан, ҳақиқатни тинглай билган султонлар даврида ёхуд жон ўртага тикилган жасорат ила Буюк Сўзлар, ўлмас каломлар айтилади.

Собиқ тузумда барча қаламкашлар даҳрийлар ҳокимиятининг маддоҳлари эди. Улар мустабидларнинг мияси ва хоҳишлари чегарасидан чиқмаслик буюрилган эди. Бу чегарадан чиққан Қодирий, Чўлпон, Фитратни отиб шаҳид қилдилар, шу қафасда яшашга рози бўлганлар эса тўтиқуш мақомидан юқори чиқолмадилар. Тўтиқушлар ёдлаган сўзларидан чалғиб, ўз тилларида сайраб юборсалар беҳад фахрланар экан. Адабиётимиз тўтиқушларга бой, афсус.

Янги замон эшик қоқмоқда. Юртимиздаги хонликлар тугатилганига юз йил тўлди. Туркистон мухториятидек давлатнинг миллатпарварлар тиклаб, босқинчилар йўқ қилиб юборганига юз йилдан ошиб кетди. Тождор бало бутун дунёни қамал қилиб турган, ахборотлар кўзни тиндирадиган даражада кўпайган, қадриятлар синдирилиб, қадим илдизлардан воз кечилган замонда яшаётирмиз.

Адабиётимиз бу замон нафасини сезгин ва туйғун ҳолда идрок этиб, ҳар қандай қўрқув кишанини парчалаб, мумтоз булоқлардан сув ичиб, Ҳақиқатни баралла айтиши билан биз ўзимиз орзу қилган Юксалиш эрасига қадам қўямиз. Шу қадамни боса олсак, зулматда қолган Сўзнинг нақадар порлашига шаҳодат келтирар эдик.

Акром МАЛИК


Report Page