ЗУККО ШОГИРДЛАР - УСТОЗ ИЗДОШИ
Мамлакатимиз раҳбари ёш авлод таълим-тарбияси йўлида беҳад ғамхўрликлар кўрсатяпти. Буни амалда яққол исботини кўриб турибмиз. Чунончи, Президентимиз «Беш муҳим ташаббус» Дастурини илгари сурди. Бу ташаббус - ёшларни мусиқа, рассомчилик, адабиёт ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, ёрқин истеъдодларни юзага чиқариш, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларни спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишдан иборат.
Паркент тумани мактабларида мазкур беш ташаббусни ўз фаолиятлари давомида дастурил амал қилиб олган зиёли педагоглар борлиги эътиборли. Ана шундай муаллимлардан бири рус тили фани ўқитувчиси Рустам Азизхўжаевдир. Катта иш тажрибасига эга бу инсон нафақа ёшдалигига қарамасдан, 29-мактабда ёшларга билим бериб келмоқда. Илм-фан даргоҳида «Биз рус тилидан гаплашамиз» номли тўгарак олиб борилмоқда. Унга 5-, 6-, 7-синф ўқувчилари жалб қилинган.
Яқинда И.А.Криловнинг «Стрекоза и муравей» масалини ўқувчилар театрлашган кўринишда намойиш этишди. Унда 5-, 6-синф ўқувчилари саҳнавий кўринишлар орқали масал қаҳрамонларини саҳнада жонлантирдилар. Шундан сўнг омошабинлар ҳам, ўқувчилар ҳам «Андижон полькаси» рақсларини биргаликда ижро этдилар.
Шунингдек, 29-умумий ўрта таълим мактабида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб яна бир маданий тадбир ташкил этилди. Унда «Биз рус тилидан гаплашамиз» тўгарак аъзолари томонидан рус тилида «Адабиёт ва мусиқа композицияси» мавзусида тадбир ўтказилди.
Айниқса, мактабнинг 5-синф ўқувчиси Севинч Миртўлаеванинг ўз онасига атаб рус тилида «Онажон, сиз менга ҳаёт тақдим этдингиз» номли шеърий чиқишини тадбир иштиокчилари катта ҳаяжон билан қарши олдилар.
Паркент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати