Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд вилоятларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари ташкил этилди

Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд вилоятларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари ташкил этилди


АОКАда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжмунида Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига ҳужжатлар қабули билан боғлиқ жараёнлар тўғрисида маълумот берилди.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида бугунги кунда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ҳамда 182 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ушбу мактабларга ўқувчилар қабули Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги 214-сонли қарори билан тасдиқланган низомлар асосида ташкил этилади.

2024-2025-ўқув йили учун Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги тегишли баёни тасдиқланди.

Бунга кўра,

Агентликда ўқувчилар қабули жараёни мониторингини юритиш ҳамда мувофиқлаштириш учун малакали мутахассислардан иборат штаб ташкил этилди;

ўқувчиларнинг ҳужжатларини онлайн шаклда қабул қилиш, шунингдек, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун Агентлик тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ҳамда ҳудудлардаги барча Президент мактабларида ҳар куни соат 9:00 дан 19:00 гача ишлайдиган Мурожаатлар маркази (call-center) фаолияти йўлга қўйилди. Фуқаролар мурожаатлар маркази билан 1206 қисқа рақами орқали боғланишлари мумкин.

Шунингдек, мактабларга ҳужжатлар қабули жорий йилнинг 1-20 июнь кунларида ҳамда кириш имтиҳонлари июль ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Президент мактабларининг 5-синфига белгиланган йиллик қабул квотаси доирасида 336 нафар, ижод мактабларининг 7-синфига 400 нафар ҳамда ихтисослаштирилган мактабларнинг 5-синфи (аниқ фанлар йўналиши)га ва 7-синфи (табиий фанлар йўналиши)га 7 960 нафар ўқувчилар қабул қилинади.

Тизимдаги мактабларга ўқувчиларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари томонидан ҳужжатлар онлайн шаклда Агентликнинг расмий ariza.piima.uz веб-сайти орқали қабул қилинади.

Талабгорлар фақат таълим олаётган мактабининг ҳудудида, яъни вилоятида жойлашган Президент мактаби ҳамда ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топшириши мумкин (таянч ихтисослаштирилган мактаблар бундан мустасно).

Ҳужжат топшириш жараёнида уларга ихтиёрий равишда ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактаблардан бирини қўшимча танлаш имконияти берилади.

Бунда, Президент мактаби кириш имтиҳонининг 2-босқичида муваффақиятли иштирок этиб, ўқишга кира олмаган ўқувчилар ҳудуддаги ўзи танлаган ихтисослаштирилган мактабга белгиланган квота доирасида, тўплаган баллари кетма-кетлиги бўйича имтиҳонсиз қабул қилинади.

Шунингдек, рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичи ёки унга тенглаштирилган босқичида математика, информатика, физика, кимё, биология фанларидан ғолиб ва совриндор бўлиб, 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул квотаси доирасида кириш имтиҳонисиз қабул қилинади;

4-синфни тамомлаган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида ҳудудидаги Президент мактаби, ихтисослаштирилган мактаб ва Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига;

6-синфни тамомлаган ўқувчилар ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатининг табиий фанлар йўналишига, Мирзо Улуғбек номидаги ёки Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синфига ҳам алоҳида ҳужжат топширишлари мумкин.

Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд вилоятларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари ташкил этилди. Ушбу мактабларга 2024-2025-ўқув йили учун фақат шу ҳудудда истиқомат қилувчи талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинади. Бу каби мактаблар келгуси йилларда босқичма-босқич барча ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган.

Президент мактабларига умумий ўрта таълим муассасаларининг

4-синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли, баҳолар табели асосида математика ва табиатшунослик фанларидан ўқув йилини аъло, яъни 5 баҳоларга тамомлаган ўқувчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинади.

Ижод, ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топшириш жараёнида баҳолар табелида аъло баҳоларнинг бўлиши талаб этилмайди.

I. Президент мактабларининг кириш имтиҳонлари икки босқичда қуйидаги фанлардан ўтказилади:

биринчи босқич — математика фанидан жами 30 та тест шаклида ўтказилади.

Биринчи босқич натижасига кўра қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 20 нафар талабгор, ҳар бир мактабда 480 нафар максимал балл тўплаган ўқувчиларга иккинчи босқичда иштирок этишга рухсат этилади.

Иккинчи босқич танқидий фикрлаш ва муаммони ечиш жами 40 та, инглиз тили фанидан 40 та тест шаклида ўтказилади.

II. Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари йўналишлар бўйича бир босқичда қуйидаги фанлардан тест шаклида ўтказилади:

аниқ фанлар йўналишига математика ва инглиз тили фанларидан,

табиий фанлар йўналишига science ва инглиз тили фанларидан ўтказилади.

III. Ижод мактабларининг кириш имтиҳонлари давлат тилида (Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тилида), Исъҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабида чет тилида 3 босқичда:

биринчи босқич — ижодий матн яратиш;

иккинчи босқич — ижодий суҳбат;

учинчи босқич — она-тили ва адабиёти ҳамда инглиз тили фанларидан тест синовлари шаклида ўтказилади.

  Кириш имтиҳонлари натижалари:

- Президент мактабларида биринчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида, иккинчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун ичида;

- ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. 



Report Page