Жорий куз-қиш мавсуми давомида 27,6 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган

Жорий куз-қиш мавсуми давомида 27,6 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов маълум қилди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2023 йилнинг 9 ойи давомида белгиланган 38,5 млрд. кВт.соат ўрнига, 39,8 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа кўрсаткичи 103,3 фоизга бажарилди ва 1,3 млрд кВт.соат кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Электр энергия ишлаб чиқариш кўрсаткичларига асосан жорий йил якунига қадар Жамият томонидан 53,8 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган, бунда режа кўрсаткичи 102 фоизга бажарилиб 1,0 млрд кВт.соат ортиқча электр энергия ишлаб чиқарилиши белгилаган.

2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш ва мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб бугунги кунгача электр станциялар белгиланган режага мувофиқ мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Жорий йилда мавсумга тайёргарлик кўриш режасига мувофиқ жами 53 та энергоқурилмаларда, жумладан 12 та энергоблок, 31 та қозон қурилмаси, 9 та буғ-газ қурилмаси ва 1 та газ-турбина қурилмасида мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган эди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича жами 53 та энергоқурилмадан бугунги кунга қадар 46 тасида (87 %) белгиланган режага мувофиқ таъмир ишлари якунланди ва 7 та энергоқурилмада таъмир ишлари жадвал асосида давом эттирилмоқда. Ушбу энергоқурилмаларда таъмирлаш ишлари 15 ноябрга қадар электр энергия ишлаб чиқариш режасига таъсир қилмаган ҳолда тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилиши белгиланган.

Таъмир ишлари сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида маҳаллий мутахассислар қатори АҚШнинг “General Electric”, Россиянинг “Силовые машины”, “Калужский турбинный завод” ва “Таганрогский котелостроительный завод”, Япониянинг “Mitsubishi Hitachi Power Systems”, Жанубий Кореянинг “Hyundai” консорциуми вакиллари ҳам жараёнларга жалб этилди.

Тошкент иссиқлик маркази тизимидаги 3- ва 5-сон иссиқлик марказларида ҳар бирининг қуввати 100 Гкалл бўлган 4 та қозон қурилмалари реконструкция қилиш орқали захира ёқилғиси бўлган мазутга мослаштирилди ҳамда Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги “Оқтепа” ва “Боғзор” МФЙда когенерация қурилмалари ишга туширилди.

Иссиқлик электр станциялардаги 35-110-220- 500 кВ очиқ тақсимлаш қурилмалари ускуналарининг техник ҳолатини текшириш мақсадида,

586 та ток трансформаторларида, 171 та кучланиш трансформаторида, 5 та автотрансформаторлар, 1025 та ажратгичларда синаш ва созлаш ишлари бажарилиб, аниқланган нуқсонлар бартараф этилди.

2023-2024 йиллар куз-қиш мавсуми давомида 27,6 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Бунда, 2023 йил ноябрь-декабрь ойларида кунлик ўртача 158 млн кВт.соат, ҳамда 2024 йил январь-март ойларида кунлик ўртача 160 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Бунинг учун жами 6,3 млрд куб метр табиий газ, 820 минг тонна мазут,

ҳамда 670 минг тонна кўмир сарфланиши режалаштирилмоқда.

Мавсумга пухта ҳозирлик кўриш мақсадида ёқилғини қабул қилиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш тизими техник назоратдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилиб мавсумга шай ҳолатга келтирилди.


Report Page