Жорий йилнинг январь-апрель ойлари якуни бўйича ХМИ/ХҲМТ маблағларини ўзлаштириш 832,5 млн.долларни ташкил қилди

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари якуни бўйича ХМИ/ХҲМТ маблағларини ўзлаштириш 832,5 млн.долларни ташкил қилди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Огулнур Атаева маълум қилди.

I. Январь-апрель ойларида амалга оширилган ишлар:

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари якуни бўйича ХМИ/ХҲМТ маблағларини ўзлаштириш 832,5 млн.долларни (ҳисобот даври прогнозига (788,2 млн. долл.) нисбатан – 106%, ўтган йилнинг шу даврига (415,3 млн. долл.) нисбатан – 200%) ташкил қилди.

Ушбу маблағлар асосан қишлоқ ва сув хўжалиги (22,2 фоиз ёки 185,1 млн. доллар), инфратузилма (20,1 фоиз ёки 167,4 млн. доллар), энергетика (18,9 фоиз ёки 157,0 млн. доллар), мудофаа (16,4 фоиз ёки 134,8 млн доллар), транспорт инфратузилмаси (12,6 фоиз ёки 104,5 млн. доллар), ахборот коммуникация технологияларига (3,7 фоиз ёки 30,6 млн доллар), иқтисодий-молиявий сектор (2,7 фоиз ёки 22,3 млн доллар), соғлиқни сақлаш (2,6 фоиз ёки 21,9 млн доллар), ва таълим (1,0 фоиз ёки 8,0 млн доллар) соҳаларига йўналтирилди.

Шу билан бирга, 8 та лойиҳа доирасида 28,4 млн.долларлик маблағлар ўзлаштирилмай қолди. Жумладан: Соғлиқни сақлаш вазирлиги (2 та лойиҳа доирасида, – 14,5 млн.долл.), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (2 та – 3,4 млн.долл.), Самарқанд вилояти ҳокимлиги (1 та, – 5,1 млн.долл.), Транспорт вазирлиги (1 та –

1,9 млн.долл.), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (1 та, –

1,9 млн.долл.) ва Ўрмон хўжалиги агентлиги (1 та – 1,5 млн.долл.).

Ҳисобот даврида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

 Тошкент иссиқлик электр марказида қуввати 64 МВт бўлган

2 та газ-турбина қурилмалари қурилди, Андижон ва Бухоро шаҳарларида умумий қуввати 130 МВт бўлган 4 та янги иситиш қозонлари ўрнатилиши якунланди, Тошкент метрополитенни учун

4 вагонли 8 та ҳаракат таркиби олиб келинди, 210 км ичимлик сув, 43 км оқова сув ва 3 км иссиқлик тармоқлари, 33 км автомобиль йўллари қурилди ҳамда 18,4 км каналлар қайта тикланди.

– 7 та лойиҳа бўйича 1,37 млрд долларлик қарз битимлари имзоланди ва 1,0 млрд долларлик 6 та лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тасдиқланди;

 32 та лойиҳа бўйича 257 млн долларлик 71 та шартнома имзоланди, шундан, 97,4 млн долларлик 18 та тендерларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан шартномалар имзоланди.

– Жорий йилнинг 24 январь куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан қиймати 2,5 млрд долларлик

2024 йилга “Ҳамкорлик дастури” имзоланди.

– Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2024-2029 йилларга мўлжалланган Янги стратегияси ишлаб чиқилиб, ЕТТБ Директорлар Кенгаши томонидан тасдиқланди.

– Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан лойиҳалар доирасида аниқланган муаммолар, бартараф этиб борилмоқда.

Ўзавтойўлнинг 2 та лойиҳаcида 43,5 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини қайтаришда, 21,3 минг дона дарахт ва бўталарни кўчириш учун рухсатномалар олишда, пудратчиларга инерт материалларни ташиш учун кунлик 200 та вагонлар ажратилишида, Ўзсувтаъминотнинг 2 та лойиҳасида 3,3 га ер майдонни ажратиш учун Тошкент ва Бухоро вилоятлари ҳокимларининг қарорини қабул қилинишида амалий ёрдам берилди.

II. Жорий йил якунига қадар бажариладиган ишлар:

а) 2024 йилда 3,5 млрд доллар ўзлаштирилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади ва йил якунига қадар 940 млн долларлик 9 та лойиҳаларни ишга тушириш чоралари кўрилади.

Бунинг натижасида 355 км автомобиль йўллари, 475 км ичимлик сув тармоғи, 110 км оқова сув тармоғи, 8 та сув тақсимлаш иншооти қурилади, 150 км каналлар қайта тикланади, 428 та гидроиншоотлар ва 140 та насос станциялар модернизация қилинади ҳамда 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар харид қилинади.

Шу билан бирга, 465 км узунликдаги 220 кВли - 500 кВли электр узатиш тармоғи, 1002 МВА қувватга эга янги 500 кВли “Мурунтов” подстанцияси, 3 та ГЭС қурилиш ишлари якунланади.

б) кредит қиймати 751 млн долларлик 5 та лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари тасдиқланади.

в)  61 та лойиҳалар доирасида тендер савдолари натижасида имзоланиши кутилаётган 492 та шартномалар бўйича 1,3 млрд долл. маблағлар ўзлаштирилади;

г) 2022-2026 йилларга мўлжалланган Жаҳон банки билан “Ҳамкорлик дастури” устувор йўналишлар асосида тегишли тадбирлар амалга оширилади.

д) жорий йилнинг 26 сентябрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг йиллик анжумани Самарқанд шаҳрида ўтказилади.



Report Page