Жорий йилнинг I чорагида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган 14 та назорат тадбирида 8,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар бюджетига ундирилди

Жорий йилнинг I чорагида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган 14 та назорат тадбирида 8,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар бюджетига ундирилди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси масъул ходими Сардор Усмонов маълум қилди.

Бугунги брифингда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йил 1-чоракда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилади.

Авваламбор, “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган асосий вазифалар бўйича амалга оширилган таҳлиллар ва назорат тадбирларининг натижаларига қисқача тўхталиб ўтсак.

Биринчи йўналиш: Жорий йилнинг I чорагида Ҳисоб палатаси томонидан жами 14 та назорат тадбири ўтказилди. 15 та йўналишда таҳлиллар тайёрланиб, жойларда олиб борилаётган ишларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Бунда, давлат бюджети маблағларини ноқонуний сарфланишига сабаб бўлаётган омилларни барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этиш, давлат дастурлари ижросини таҳлил қилиш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигига асосий эътибор қаратилди.

Назорат тадбирларида 8,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатларнинг бюджетга ундирилиши таъминланди. Давлат бюджетига 140 млрд сўм қўшимча даромад манбалари аниқланди.

2021-2023 йилларда бюджет буюртмачиларига товарлар етказиб берилиши ҳамда улар бўйича электрон ҳисоб-фактураларнинг расмийлаштирилиши ва ушбу операцияларни солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши назорат тартибида ўрганилди.

Таҳлилларга кўра, давлат бюджетининг ғазна ижроси билан қамраб олинган бюджет буюртмачилари томонидан 2021-2023 йилларда жами 3,3 миллионта шартномалар асосида 203,5 трлн сўмлик харидлар амалга оширилган.

Харидлар таркибига кўра, қурилиш 66 трлн сўм, таъмирлаш 44 трлн сўм, асосий воситалар хариди 18 трлн сўм, коммунал хизматлар 20 трлн сўм ва бошқа товар ва хизматлар хариди 54 трлн сўмни ташкил қилган.

Ўрганишда бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган товарлар айланмасини айрим таъминотчи корхоналар солиқ ҳисоботларида камайтириб кўрсатганлиги оқибатида 1,8 трлн сўм солиқлар бўйича рисклар аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан ижрочиларга кўрсатмалар тақдим этилди.

Камчиликларни келгусида олдини олиш мақсадида аниқ таклифлар ва тавсиялар, жумладан Ғазначилик хизмати ва Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларини ўзаро электрон маълумот алмашинувини таъминлаш юзасидан аниқ кўрсатмалар ижрочиларга юборилди.

 Шунингдек, республикамизнинг 5 та ҳудудида

2022-2023 йиллар давомида давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида амалга оширилган харидларнинг қонунийлиги ўрганилди.

Таҳлиллар давомида рақобатли усулларни четлаб ўтиб тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш, харид шартномаларини экспертизадан ўтказмаслик ва юқори нархларда харидларни амалга ошириш ҳолатларининг мавжудлиги маълум бўлди.

Аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш ва олдини олиш юзасидан чоралар кўрилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда соҳадаги тизимли муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда тиббий хизматларнинг сифатини ошириш мақсадида, Тошкент шаҳридаги 7 та йўналишдаги тиббиёт муассасаларида қисқа муддатли ўрганишлар ўтказилиб, 16 та йўналишда аҳолини қийнайдиган 119 турдаги муаммоларни мавжудлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда техник-иқтисодий асосларда кўзда тутилган кўрсаткичларга эришиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги (3 та), “Ўзсувтаъминот” АЖ (1 та) ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси (1 та) лойиҳалари ўрганилди.

Ўрганиш натижалари бўйича эътибор қаратиш лозим бўлган йўналишлар ҳамда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдини олиш юзасидан 15 та аниқ таклифлар ва тавсиялар берилди.

Ўтказилган назорат тадбирларининг натижалари юзасидан масъул ижрочиларга жами 31 та кўрсатмалар, 13 та тақдимнома ва 28 та таклифлар киритилди.

Иккинчи йўналиш:  Давлатимиз Раҳбари раислигида жорий йил 16 январь куни ўтказилган 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда берилган топшириққа асосан, вазирликларда бюджет интизомини кучайтириш бўйича таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш ишлари олиб борилди.

Бюджетдан энг кўп маблағ олувчи вазирликларга

Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари доимий тарзда бириктирилди ва асосий эътибор бюджет маблағлари сарфланишинг мониторинги ва самарасиз харажатларни олдини олишга қаратилди.

Ғазначилик хизмати қўмитаси билан биргаликда вазирликлар ва уларнинг қуйи тизимидаги 25 мингта ташкилотларни харажатлар сметаси, шартномалари ва тўлов ҳужжатларини Ҳисоб палатасининг “Масофавий назорат” марказида жамлаш ва таҳлил қилиш бўйича ахборот тизими ишга туширилди.

 Ишчи гуруҳлар томонидан республика бўйича қарийб 2 мингта штат бирликлари ҳамда бошқа асоссиз режалаштирилган жами 347 млрд сўмлик маблағларни ортиқча режалаштириш ҳолатларининг олди олинди.

Шунингдек, жами 134 млрд сўмлик маблағларни мақбуллаштириш имкониятлари аниқланди.

Учинчи йўналиш: Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларининг ижросини назорат қилиш бўйича

Давлатимиз раҳбарининг 1-чоракда қабул қилинган

117 та ҳужжатидаги 5 287 та топшириқлари ижроси устидан “ijro.gov.uz” электрон тизими орқали кунлик назорат ўрнатилган.

Шунингдек, фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 91 та масъулга тегишли чоралар кўрилди, топшириқларни бажаришда йўл қўйилган сусткашликларни бартараф этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига 13 та тақдимнома киритилди ҳамда 45 нафар раҳбар ва масъул ходимлар огоҳлантирилди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбар ва ходимлари иштирокида “Ижро интизоми – самарадорлик омили” мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Тўртинчи йўналиш: Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан Андижон, Наманган, Хоразм, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этишда ташкилий ва услубий ишларда кўмаклашилмоқда.

Бешинчи йўналиш: Ҳисоб палатаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида давлат молиявий назоратида рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Ҳисоб палатаси томонидан давлат ташқи аудити ва молиявий назоратни амалга ошириш жараёнларини рақамлаштириш бўйича 3 та ва ички фаолият самарадорлигини ошириш бўйича 5 та дастурий комплекс ишга туширилди.

Барча давлат молиявий назорати тадбирларини рўйхатга олиш ва уларнинг натижаларини умумлаштиришга мўлжалланган “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали 33 та вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматларини мувофиқлаштириш тизими йўлга қўйилди.

Ҳисоб палатаси фаолиятида масофавий назорат қилиш қамрови кенгайтирилди ва риск-таҳлил асосида назорат тадбирларини белгилаш амалиёти жорий этилди.

Хусусан, жорий, онлайн ва вертикал назоратни кучайтириш мақсадида Ҳисоб палатасида “Масофавий назорат” маркази ташкил этилди. Ушбу марказга вазирлик ва идоранинг маълумотлар базалари интеграция қилинмоқда.

Марказ орқали 36 та йўналишда бюджет интизоми бўйича йўл қўйилиши мумкин бўлган қонунбузилиш хавфлари онлайн таҳлил қилиб борилмоқда.

Мисол учун, ўтган чоракда амалга оширилган масофавий назорат натижаларига кўра 260 та ҳолатда 37,2 млрд сўмлик молиявий хатоликларнинг барвақт олди олинди.

Аниқланган хавфларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматларига кўрсатмалар юбориш ва натижаси бўйича назорат тизими йўлга қўйилди.

Ҳозирги вақтда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда Ишчи гуруҳ тузган ҳолда электрон дастурларни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Халқаро алоқалар соҳасида ҳам Ҳисоб палатаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Жаҳон банки ва Осиё Тараққиёт банки экспертлари ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда халқаро стандартларни жорий қилиш ҳамда ходимларнинг малакасини ошириш масалаларида келишувларга эришилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар олий аудит органлари ҳамда Қатар Давлат Аудит бюроси билан “Коррупцияга қарши кураш чоралари” ҳамда “Ижтимоий аудит” мавзуларидаги халқаро анжуманларда иштирок этилди ва ўзаро келишувларга эришилди.  


Report Page