Жорий йилнинг 10 ойи давомида 32 014 нафар хотин-қизлар ҳимоя ордери бериш орқали давлат ҳимоясига олинди
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаевамаълум қилди:
Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – халқаро “Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни” сифатида белгиланган. Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида, шу жумладан, мамлакатимизда 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.
Жорий йилда ҳам “Зўравонликка қарши 16 кун” умумий шиори остида “Хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда фаоллик кўрсатинг!” мавзусида туркум тадбирлар ўтказилмоқда.
Эртага - 1 декабрь куни “Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида Республика конференцияси ўтказилади, якунлари бўйича айни борадаги ишлар натижадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилади.
Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, уларни зўравонликдан ҳимоялашга қаратилган ишлар муайян вақт ва тадбирлар билан чегараланмайди, балки Ўзбекистонда фуқароларни зўравонликдан ҳимоялаш, ҳар қандай зўравонликка муносиб жазо тайинлаш миллий қонунчилигимизда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” 2019 йил 2 сентябрдаги ги 561-сон Қонуни ҳамда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2023 йил 11 апрелдаги 829-сон қонуни билан қатъий белгилаб қўйилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 829-сон Қонунда 5 та кодекс, 10 та тегишли қонунларга қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб, қонунчилик такомиллаштирилган.
Шу маънода жорий йилнинг 10 ойи давомида 32 014 нафар хотин-қизлар ҳимоя ордери бериш орқали давлат ҳимоясига олинди. Шу орқали жумладан, 14 296 та оилани яраштиришга, 16 843 та низони бартараф этишга эришилган. Низо бартараф этилмаган 1 444 та оилада зўравон шахсларни тузатиш дастуридан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
8 527 та ҳимоя ордерлари бўйича маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Маълумки, жорий йилнинг 10 ойи давомида 41 583 та оилавий ажримлар қайд этилган. Жойларда ажримларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда “Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш тартиби” жорий этилди. 9 442 та маҳаллаларда фаоллар, “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари, жамоатчилик вакиллари хамкорликда низоли оилалар билан якка тартибда ишлаш орқали 24 193 нафар ажрим ёқасига келиб қолган оилалардан 20 265 нафари яраштирилди.
“Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот институти томонидан ажрим сабаблари ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича 10 дан ортиқ йўриқномалар, тарқатма материаллар ишлаб чиқилиб, ушбу қўлланмалардан оилада соғлом муҳитни шакллантиришда фойдаланилмоқда.
Қўмита томонидан “Ўзбекистон” телеканали билан хамкорликда “Оила олами” кўрсатуви жорий қилиниб, айнан оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган мавзулар қамраб олинмоқда.
Хотин-қизларни касбга ўқитиш орқали улар бандлигини таъминлаш, шу орқали оилаларни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу маънода ҳудудлардаги “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” томонидан 2023 йилнинг 10 ойи давомида 90 336 нафар ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. Уларнинг 29 921 нафари ўзини ўзи банд қилиб, шундан 12 585 нафари имтиёзли кредитлар билан таъминланди. 7 188 нафар хотин-қизлар ўз бизнесини бошлаш мақсадида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, уларнинг 4 373 нафарига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. 26 838 нафар хотин-қизларимиз доимий иш ўринларига жойлаштирилди.