Жорий йилнинг 1-чорагида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилган 400га яқин қарорлари лойиҳасининг 200дан ортиғига ижобий хулоса берилган

Жорий йилнинг 1-чорагида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилган 400га яқин қарорлари лойиҳасининг 200дан ортиғига ижобий хулоса берилган


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева маълум қилди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Энг муҳими, маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив (умуммажбурий) тусдаги, ер муносабатларига ва кўчмас мулкни бузиб ташлашга оид қарорлари ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Адлия органлари томонидан маҳаллий кенгашларнинг ушбу тоифадаги қарорлари “E-qaror” электрон тизими орқали ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, 2023 йилда 34 мингдан ортиқ қарорлар қабул қилинган бўлиб, шундан 1000 дан ортиқ қарорлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун ҳудудий адлия органларига тақдим этилган бўлса, улардан 800 дан ортиғига ижобий хулосалар берилган.

Жорий йилнинг I чорагида дастлабки маълумотларга кўра, маҳаллий кенгашлар томонидан ҳудудий адлия органларига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилган қарорлари лойиҳалари 400га яқин бўлиб, шундан 200дан ортиғига ижобий хулосалар берилган.

Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий экспертиза — қарор лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг талабларига мувофиқлигини, шу жумладан қарор лойиҳасида ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини текширишдир.

Ўз навбатида, юртимизда кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши маълум даражада норма ижодкорлиги жараёни сифатига боғлиқ.

Шунга кўра, адлия органлари томонидан маҳаллий кенгашларнинг қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, аввало, қарорларнинг қонунийлигини таъминлашга қаратилгандир.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПФ-28-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва котибиятлари ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув курслари ташкил этилишида Адлия вазирлиги иштирок этиб келмоқда.

Ўқув курсининг мақсади маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва котибиятлари ходимлари янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш тўғрисидаги билим ва кўникмаларини шакллантиришдан иборат.

Ўқув курсларида Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий кенгашлар томонидан қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳуқуқий коллизиялар, яъни зиддиятлар, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўладиган омилларнинг олдини олиш, норматив тусдаги қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар берилади.

Ўйлаймизки, Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий кенгашларга улар томонидан қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш бўйича бериладиган тавсиялар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш, шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттиришга кўмаклашади.

Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонидан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича, яъни қонунчилик ҳужжатлари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида ихтисослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.


Report Page