Жорий йилнинг ўтган даврида жами 3,6 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилди
Бу ҳақда АОКАда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди:
Бюро органлари томонидан қарорлар ижросини таъминлаш орқали фуқаролар ҳамда жамиятларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати, қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек тадбиркорларинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида амалий чора – тадбирлар кўриб борилмоқда.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, жорий йилнинг ўтган даврида, жами 3,6 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 460 млрд. сўмга ошганлигини кўрсатмоқда.
Бюронинг ҳудудий бошқармаларида ахборот технологиялари ёрдами билан муқобил равишда ва масофавий ишлаётган 15 та туманлараро бўлимлари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмасдан ҳамда фуқароларнинг мол-мулкларига дахл қилмасдан 95,5 млрд. сўмлик
(238,4 мингта) ҳужжатларнинг ижроси таъминланди.
Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Масалан, Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлар учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га 122,6 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Вояга етмаган шахслар фойдасига жами 179 млрд. сўм алимент пуллари ундирилиб, 1,8 мингдан ортиқ алимент тўловчиларнинг иш бандлиги масаласи ҳал этилди ва ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди.
Олиб борилган тушунтириш ва профилактика ишлари натижасида,
1,2 мингдан ортиқ оилаларнинг яраштирилишига эришилди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан ташкил этилган «Алимент тўловлари жамғармаси» ҳисобидан 218 нафар ундирувчиларга 918,1 млрд. сўм маблағлар тўлаб берилди.
Бундан ташқари, амалдаги меҳнат қонунчилик талабларига риоя этмасдан бўшатилган ва ўз иш жойини йўқотган 68 нафар фуқароларимиз ишга тикланди ҳамда уларга тўланмасдан қолган 40 млрд. сўмлик иш ҳақлари ундирилди.
Ҳозирда, Бюро органлари томонидан ижро этиш жараёнини янада рақамлаштириш бўйича чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, ижро ҳужжатлари бўйича ижро иши қўзғатилгани ва қўлланилган чекловлар тўғрисида қарздорларни огоҳлантириш тизими такомиллаштирилиб, 9,9 млн.тадан ортиқ SMS хабарномалар жўнатилди.
Қарздорлик ҳақида ўз вақтида хабар берилгани натижасида 71 мингга яқин ижро ишлари ихтиёрий муддатда тамомланиб, ўтган йилга нисбатан 53,7 фоизга ошди.