Жорий йилнинг ўтган даврида 28 мингдан зиёд ўзбекистонлик чет давлатларда манзилли ишларга жойлаштирилган

Жорий йилнинг ўтган даврида 28 мингдан зиёд ўзбекистонлик чет давлатларда манзилли ишларга жойлаштирилган

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов маълум қилди.

Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида 10 та хорижий давлатнинг 74 та ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Йил бошидан иқтисодиёти ривожланган давлатлар билан ўтказилган музокаралар натижасида 100 мингга яқин бўш иш ўринлари аниқланиб, улардан

20 мингга яқин бўш иш ўринларига талабномалар олинди.

Ҳисобот даврида, Жанубий Корея, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон, Германия, Туркия, Руминия, Болгария, Япония, Литва, Польша, Латвия давлатларида жами 28 207 нафар юртдошимиз манзилли ишларга жойлаштирилди.

Агентлик фаолиятининг меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш йўналишидаги рақамларга тўхталадиган бўлсак, жами 180 мингга яқин фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан, 161 мингдан ортиғига маслаҳат хизмати, 9300 га яқинига ҳуқуқий, 8000 дан ортиғига ижтимоий, 1993 нафарига эса моддий моддий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, 39 нафар фуқаро хорижда вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 380 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинган.

Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимиз иш берувчиларидан 676 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.

Бугунги кунда Германия, Исроил, Япония, Финляндия, Туркия, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Иқтисодиёти ривожланган давлатларда аниқланган бўш иш ўринлари бўйича чет тиллари, хусусан, немис, инглиз, иврит ва япон тилларини биладиган ва касбий малакага эга бўлган фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиздан турли норасмий эълонларга ва воситачи шахсларга ишонмасликни, фирибгарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда, зудлик билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишларини сўраймиз.



Report Page