Жорий йилнинг ўтган даврида 21 та ҳолатда овқатдан заҳарланишдан 107 нафар фуқаро жабрланган, 2 нафар бемор вафот этган

Жорий йилнинг ўтган даврида 21 та ҳолатда овқатдан заҳарланишдан 107 нафар фуқаро жабрланган, 2 нафар бемор вафот этган

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:

Мамлакатимизда аҳолининг хавфсиз ва соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида тегишли қарорлар қабул қилинган бўлиб, тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Лекин шунга қарамай озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлаш тизими халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги натижасида республикамизда озиқ-овқат маҳсулоти истеъмоли билан боғлиқ заҳарланишлар қайд этилди.

Жумладан, 2022 йилнинг 12 ойи давомида 65 ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилиб, 518 нафар фуқаролар жабрланган, шулардан 194 нафари болалар жабрланган, 2 нафар бемор вафот этган (уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотини истеъмол қилган).

Жами қайд этилган заҳарланишлардан 36 та ҳолатда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида “Ботулизм” касаллиги қайд этилиб, 82 нафар фуқаро жабрланган, шулардан 16 нафарини болалар ташкил этади. 28 та ҳолатда “Овқат токсикинфекцияси” қайд этилган бўлиб, 432 нафар фуқаро жабрланган бўлса, шулардан 176 нафарини болалар ташкил этади. Ушбу ҳолатда фуқаролар томонидан уй шароитида шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмасдан, овқат тайёрлаш технологиясига тўлиқ риоя қилинмаганлиги ва тайёр овқатни нотўғри сақлаш ва сифатсиз маҳсулотлардан овқат тайёрланганлиги олиб борилган эпидемиологик суриштириш ишлари давомида аниқланган. 11 та ҳолатда умумий овқатланиш шохобчаларида, 8 та ҳолатда МТТ муассасаларида, жумладан, тўйхоналар, умумий овқатланиш шохобчалари ва бир зумда тайёрланадиган “Лаваш”, “Бургер” ва шу каби тезпишар маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида уларнинг технологиясига тўлиқ риоя этмаганлиги, маҳсулотларни нотўғри сақлаганлиги, қолаверса ушбу маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида маҳсулотларнинг бир-бирига мос келмаслиги оқибатида истеъмол қилган фуқаролар орасида ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши ва овқатдан заҳарланишга сабаб бўлган. Битта ҳолатда эса ёввойи ҳолда ўсган қўзиқоринларни истеъмол қилиш оқибатида 4 нафар фуқаро заҳарланганлиги қайд этилди.

2023 йилнинг ўтган даврига 21 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилиб, 107 нафар фуқаро жабрланган, шундан 22 нафар бола жабрланган, 2 нафар бемор вафот этган (уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотини истеъмол қилган).

Жами қайд этилган заҳарланишлардан 15 та ҳолатда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида “Ботулизм” касаллиги қайд этилиб, 52 нафар фуқаро жабрланган, шундан 8 нафари болани ташкил этади. 6 та ҳолатда “Овқат токсикинфекцияси” қайд этилган бўлиб, 55 нафар фуқаро жабрланган бўлса, шулардан 11 нафарини болалар ташкил этади. 2 та ҳолатда умумий овқатланиш шохобчаларида, яъни бир зумда тайёрланадиган “Лаваш”, “Бургер” ва шу каби тезпишар маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида уларнинг технологиясига тўлиқ риоя этмаганлиги, махсулотларни нотўғри сақлаганлиги, қолаверса ушбу махсулотларни тайёрлаш жараёнида маҳсултларнинг бир-бирига мос келмаслиги оқибатида истеъмол қилган фуқаролар орасида ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши ва овқатдан заҳарланишга сабаб бўлган.

2022 йил давомида олиб борилган ўрганиш ва текширишлар давомида сифатсиз деб топилган жами 5198919 кг. озиқ-овқат маҳсулотлар савдосига барҳам берилиб, ўрнатилган тартибда брокераж қилинган бўлса, 2023 йилнинг ўтган 4 ойи давомида 147865 кг. сифатсиз маҳсулотлар савдосига барҳам берилиб, ўрнатилган тартибда йўқ қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги Қарорида белгиланган “хавфни таҳлил этиш” тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат назоратини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органларнинг “хавфни таҳлил этиш” тизимларига қўйиладиган минимал талаблар белгиланган.

Матбуот анжуманида шу ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

“Хавфни таҳлил этиш” тизими жорий этиш натижаси бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи томонидан тасдиқланган тадбиркорлик субъектлар рўйхати тузилади. Рўйхатда тадбиркорлик субъектлари берилган баллга мувофиқ, тадбиркорлик субъекти томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи қуйидаги уч хил тоифага таснифланади:

хавфи юқори – баҳоланган барча тадбиркорлик субъекти баллари умумий йиғиндисининг 20 фоиз қисмини ташкил этувчи энг юқори хавф даражаси балларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари;

хавфи ўртача – баҳоланган барча тадбиркорлик субъекти баллари умумий йиғиндисининг хавфи юқори бўлган 20 фоиз қисмини истисно этган ҳолда, 50 фоиз қисмини ташкил этувчи энг юқори хавф даражаси балларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари;

хавфи паст – баҳоланган тадбиркорлик субъектининг хавф даражаси баллари паст бўлган қолган тадбиркорлик субъектлари.


Report Page