Жорий йилда илк бор Ўзбекистон ҳудудида крипто-депозитарий фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди

Жорий йилда илк бор Ўзбекистон ҳудудида крипто-депозитарий фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилноза Собирова маълум қилди:

I. Соҳавий норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш йўналишда

Ҳозирги кунда, Агентлик томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасини қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига тегишли шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг бир қатор Қонунларига тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Агентлик томонидан ишлаб чиқилган, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 23 майда қабул қилиниб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритилган.

Шунингдек, Агентлик томонидан, хорижий тажрибани ўрганиш натижасида, Майнинг-пул фаолиятини тартибга солувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда, мазкур ҳужжат лойиҳаси, жамоатчилик муҳокамасига қўйиш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида эканлигини маълум қиламиз.

II. Крипто-активлар айланмаси бозорини институционал мустаҳкамлаш йўналишида

2023 йил 21 июнда, Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биринчи бор крипто-депозитарий фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди.

Крипто-депозитарий фаолиятини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – бу юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркор учун, таъминланган токенларни чиқариш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш орқали ўз фаолиятини молиялаштириш ёки қўшимча инвестицияларни жалб қилишдир.

Маълумот учун: ҳозирги кунга келиб, мамлакатимиз ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳасида тегишли лицензия асосида хизмат кўрсатиш учун ташкил этилган 6 та хизматлар провайдерлари рўйхатга олинган.

Хизматлар провайдерларидан 3,2 млрд сўм давлат божи ва йиғимлар тўланиши таъминланди.

III. Халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва малака ошириш йўналишда

2023 йил бошидан бошлаб, Агентлик томонидан, хорижий мамлакатларнинг крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солувчи ваколатли органлари билан ҳамкорликни ўрнатиш мақсадида,

таклиф хатлари йўлланган.

Крипто-активлар айланмаси соҳасида халқаро хизмат кўрсатувчи провайдерлар билан алоқаларни ўрнатиш мақсадида, 2023 йилни I-ярим йиллиги доирасида 10 дан ортиқ халқаро хизмат кўрсатувчи провайдерларга таклиф хатлари юборилган.

Шунингдек, Агентлик мутахассислари INATBA блокчейн-дастурлари халқаро ассоциацияси томонидан ташкил этилган 10 дан ортиқ учрашувлар ҳамда INATBA-нинг Ҳукуматлараро маслаҳат органининг навбатдаги 7-чи учрашувида иштирок этдилар.

Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Республикамиз вазирлик ва идораларининг 300 га яқин ходимларининг малакасини ошириширилиши таъминланди.

Агентлик вакиллари 2023 йилнинг 21-22 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Финтех, банклар ва ритейл” III Халқаро ПЛАС-форуми доирасида иштирок этдилар.

Мазкур халқаро Форум доирасида, Агентлик вакиллари “Криптосаноат. Ҳолати, трендлар, прогнозлар. Активларни ва финтех-платформаларни токенизация қилиш, тақсимланган маълумотлар реестри. Блокчейн” сессиясида крипто-активлар соҳаси Ўзбекистонда истиқболли йўналишлардан бири эканлиги, уни тартибга солиш ва ривожлантириш юзасидан маълумот тақдим этдилар.

Бундан ташқари, Агентлик томонидан қонунга хилоф равишда крипто-айланмасига қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ҳамда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги халқаро стандартларни (ФАТФ тавсиялари) миллий қонунчиликка татбиқ этиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Олиб борилган ишлар натижасида Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи аъзо давлатлар орасида крипто-активларни тартибга солиш соҳасида (ФАТФнинг 15-тавсияси) фақат Ўзбекистон Республикаси “анча мувофиқ” рейтингини олишга эришилди (мисол тариқасида, дунёда мазкур соҳани тартибга солиш юзасидан бу каби рейтингга фақатгина 25 та давлатлар эришганлар).

 IV. Махсус режим иштирокчилари юзасидан

Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида (“Тартибга солиш қумдони” махсус режими) иштирокчилари сифатида рўйхатга олиш тўғрисидаги аризалар ўрнатилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилди.

Натижада:

– 2023 йил 28 апрелда Агентлик томонидан Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ “Ягона интегратор UZINFOCOM” МЧЖ “.UZ” домен зонасидаги номлар учун маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси (“блокчейн”) асосида NFT-сертификатларни жорий этиш” лойиҳаси билан  махсус режимнинг биринчи иштирокчиси этиб рўйхатга олинди.

– 2023 йил 2 май куни, Агентлик томонидан Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ “Капиталбанк” АТБ “Криптокарта” банк карта маҳсулотини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” лойиҳаси билан махсус режимнинг иккинчи иштирокчиси этиб рўйхатга олинди.

Шунингдек, махсус режим иштирокчиларига тажриба-синов лойиҳаларни амалга оширишда доимий равишда амалий ёрдам ва кўмак кўрсатилмоқда.

 V. Жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича

2023-йилнинг биринчи яримйиллигида Агентликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 74 та мурожаат келиб тушган. Юқоридаги мурожаатларнинг барчаси назоратга олиниб, Агентликнинг тегишли бўлимлари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилган ва ёзма равишда мурожаат муаллифларига ўрнатилган тартибда жавоб хатлари юборилган.

 


Report Page