Жорий йилда 14 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шакли жорий этилади

Жорий йилда 14 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шакли жорий этилади

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бошқарма бошлиғи Абдувоҳоб Ҳайитов аАбитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунлари ва чет тилидан ижодий имтиҳонлар ҳақида маълумот берди:

Абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунлари

2023/2024 ўқув йили учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 20 июнь куни бошланиб, чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишларига – 10 июль куни, бошқа таълим йўналишларига –  20 июль куни якунланди.

Абитуриентларни рўйхатга олиш Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz сайти) орқали онлайн тарзда амалга оширилди.

Республика бўйича жами 89 та давлат олий таълим муассасаси ҳамда уларнинг ҳудудлардаги 29 та филиал ва факультетларига 1 018 007 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилди. Уларнинг 948 486 нафари тест синовида иштирок этиши белгиланди

Жорий йилда 14 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шакли жорий этилиб, 6 834 нафар (биринчи таълим йўналишига нисбатан) абитуриент масофавий таълим шаклида ўқиш истагини билдирди. Шунингдек, 545 616 нафар абитуриент кундузги, 22 867 нафари кечки, 373 169 нафари сиртқи таълим шакли учун рўйхатдан ўтди.

Энг кўп абитуриент рўйхатдан ўтган олий таълим муассасалари (биринчи таълим йўналишига нисбатан):

1.    Ўзбекистон миллий университетига – 33 721 нафар;

2.    Тошкент давлат транспорт университетига – 28 474 нафар;

3.    Фарғона давлат университетига – 28 188 нафар.

Энг кўп абитуриент рўйхатдан ўтган ҳудудлар (доимий яшаш ҳудуди бўйича):

1. Қашқадарё вилояти – 112 242 нафар.

2. Самарқанд вилояти – 105 805 нафар.

3. Фарғона вилояти – 89 022 нафар.

Тест синовларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги катта сиғимли биноларда талаб даражасида ўтказиш учун тайёргарлик ишлари якунланмоқда.

Кириш тест синовларини очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан 3 500 нафарга яқин номзод гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этилади.

Шунингдек, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентларни сурдотаржимон хизматлари билан таъминлаш мақсадида 127 нафар сурдотаржимон билан шартнома тузилди.

 Чет тилларидан ижодий имтиҳон

2023/2024 ўқув йили қабулида хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Андижон давлат чет тиллари институти, Наманган давлат чет тиллари институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳамда Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон давлат педагогика ва Нукус давлат педагогика институтларининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган ижодий имтиҳонлар ўтказилиши белгиланган.

Жорий йилда мазкур таълим йўналишларига ўқишга кириш учун 20 мингдан зиёд абитуриент рўйхатдан ўтди.

Улар учун 2023 йил 17-23 июль кунлари чет тилидан халқаро стандарт асосида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган ижодий имтиҳонлар ўтказилди.

Имтиҳонлар абитуриентларга қулай бўлиши учун барча ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) да ташкил этилди ва абитуриентлар ўзлари танлаган ҳудудда имтиҳонларда иштирок этди.

Имтиҳонлар 2 босқичда ташкил этилиб, унинг:

−      1-босқичи 17-20 июль кунлари электрон тарзда;

−      2-босқичи (ёзма қисми) эса 21-23 июль кунлари қоғоз шаклда бўлиб ўтди.

Мазкур имтиҳонларда абитуриентларнинг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмалари синовдан ўтказилди.

Имтиҳонлар 12 та чет тили — инглиз, немис, француз, испан, хитой, корейс, япон, ҳиндий, турк, араб, форс ва уйғур тиллари бўйича ташкил этилди ва чет тилларни билишнинг B1 даражаси бўйича бўлиб ўтди.

Ҳозирда имтиҳон натижалари ҳисобланмоқда. Имтиҳон натижаларини ҳисоблаш олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига қадар якунланади ва натижалар абитуриентларнинг шахсий кабинетида эълон қилинади.

 Чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатлар

Маълумки, чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларига киришда чет тили фанидан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.

Бунинг учун абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида мазкур сертификат маълумотларини тизимга киритадилар ва уларнинг сертификатлари мутахассислар томонидан текширилади. Жорий йилги абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш жараёнида абитуриентлар томонидан 30 мингга яқин чет тили сертификати тизимга юкланди.

Уларнинг 28 013 таси тасдиқланди. 1 783 нафар абитуриентнинг сертификати ўз тасдиғини топмади.

 Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари

Олий таълим муассасаларига кириш бўйича асосий тест синовларини август ойида ўтказиш режалаштирилаётган бўлиб, тест синовларинининг аниқ саналари Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланади.


Report Page