Жорий йил тест синовларида иштирок этиши лозим бўлган 948 мингдан зиёд абитуриентдан 59 831 нафари қатнашмади
https://t.me/aoka_uzАОКАда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Билимни баҳолаш агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида 2023/2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари якунлари ҳақида маълумот берилди:
Тест синовлари
2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш учун республика бўйича 72 та бино танлаб олиниб, мазкур жойлар маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тест синовларига тўлиқ тайёрланди. Бунда бир сменада 38 220 нафар, бир кунда эса 76 440 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши таъминланди.
Жараённи хавфсиз ва беталафот ўтказиш учун 1 233 нафар ички ишлар, 992 нафар Миллий гвардия, 288 нафар Ёнғин хавфсизлиги ва 209 нафар Соғлиқни сақлаш тизими ходимлари жалб этилди.
Жараённи сифатли ташкил этиш ва ўтказиш учун 3 минг нафарга яқин кенг жамоатчилик вакиллари гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этилди.
Тест синовлари 2023 йил 1 августдан 13 августга қадар ҳар куни икки сменада ташкил этилиб, биринчи сменада 08:00 дан 11:00 гача, иккинчи сменада 15:00 дан 18:00 гача бўлиб ўтди.
Тест синовлари республика бўйича 13 кун давом этди ва:
− Фарғона вилоятининг Сўх туманида — 4 август куни;
− Сирдарё вилоятида — 11 август куни;
− Бухоро, Жиззах ва Хоразм вилоятларида — 12 август куни;
− Қолган ҳудудларда — 13 август куни якунланди.
Тест синовларида унда иштирок этиши белгиланган 948 мингдан зиёд абитуриентдан 888 660 нафари иштирок этди, 59 831 нафари эса иштирок этмади.
Абитуриентларнинг 67 нафари ҳудудга киришда, 148 нафари тест синови жараёнида тартиб-қоидани бузганлиги сабабли тест синовларидан четлаштирилди.
Четлаштириш ҳолатларининг аксарият қисми тақиқланган воситалар, жумладан, телефон ва шпаргалка олиб кириш ёки олиб киришга уриниш ҳамда абитуриент ўрнига бошқа шахсларнинг киришга уриниши билан боғлиқ.
Тест синови жараёнида четлаштириш ҳолатларининг 34 таси (23 %) Самарқанд вилояти, 31 таси (20,9 %) Тошкент шаҳри ва 20 таси (13,5 %) Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келади. Энг кам қоидабузарлик ҳолатлари эса Қорақалпоғистон Республикасида (1 та) ҳамда Хоразм, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида (3 тадан) кузатилди.
Тест синовлари тўлиқ видеокузатув остида онлайн трансляция қилинган ҳолда ўтказилди ва абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари test2023.uz сайти орқали тест синовларини онлайн кузатиб боришлари мумкин бўлди.
Абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга киритишда ва шахсини аниқлашда шахсни идентификациялаш воситаларидан фойдаланилди. Бунинг натижасида бошқа бир шахсларнинг абитуриентларнинг ўрнига тест синовларига киришининг олди олинди.
Абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуасидан келиб чиққан ҳолда кимёвий элементлар даврий жадвали, физика фанидан “Доимий физик катталиклар ва шартли белгилашлар жадвали”, шунингдек кимё, физика ва математика фанларидан асосий формулалар жадвали берилди.
Абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида кимё, физика ва математика фанларида ҳар бир тест топшириғидан сўнг мисол ишлаш учун маълум миқдорда жой қолдирилди. Натижада абитуриентларга ҳисоб-китоб талаб этиладиган мисолларни тест топшириқлари китобининг охирига кўчириб, ишлаш ўрнига шу ернинг ўзида ишлаш имконияти яратилди.
Шунингдек, эшитишда ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентлар учун тест синовларига сурдотаржимонлар жалб этилди.
Бундан ташқари таянч ҳаракат аъзоларида ва кўришда нуқсони бор ногиронлиги бўлган абитуриентларга тест синовларини топширишда жавоблар варақасини бўяшда қулайликлар яратилди.
Тест синовларида ҳар бир абитуриентга алоҳида сув ва ручка берилди ҳамда абитуриентларнинг қулай шароитда тест синовларида иштирок этиши таъминланди.
Тест натижалари
Абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари тест синови ўтказилган куннинг эртасигаёқ шахсий кабинетида эълон қилиб борилди. Бунда абитуриентнинг жавоблар варақаси рангли сканер қилиниб, қайси саволларга тўғри, қайсиларига нотўғри жавоб берилгани акс этган ҳолда абитуриентнинг шахсий кабинетига жойлаштирилди.
Шунингдек, абитуриентлар mandat.uzbmb.uz сайти орқали бошқа абитуриентларнинг ҳам натижаларини кузатиб боришди.
Абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани бўйича якуний танлов натижалари эса 22 август куни эълон қилинди ва натижаларни 6 хил усулда билиш имконияти яратилди.
Тест натижаларига кўра 193 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Шундан 42 655 нафари давлат гранти, 150 766 нафари тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган. Бунда:
− давлат гранти асосида ўртача балл – 119,3 баллни;
− тўлов-контракт асосида ўртача балл – 93,3 баллни ташкил этди.
Талабаликка тавсия этилган абитуриентларни таълим шакллари кесимида кўрадиган бўлсак, 129 927 нафар абитуриент кундузги таълим шаклига, 49 852 нафар абитуриент сиртқи таълим шаклига, 10 752 нафар абитуриент кечки таълим шаклига ва 2 890 нафар абитуриент масофавий таълим шаклига тавсия этилган.
Абитуриентларнинг 180 минг нафарга яқини умумий қабул параметрлари доирасида талабаликка тавсия этилган бўлса, 13,5 минг нафарга яқини имтиёзга эга абитуриентлар учун ажратилган қўшимча қабул параметрлари доирасида тавсия этилган. Жумладан:
− ногиронлиги бўлган шахслар – 3,5 минг нафар;
− “Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар, SOS — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар – 261 нафар;
− муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлганлар – 4,2 минг нафар;
− ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари – 2,1 минг нафар;
− ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари – 720 нафар;
− эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар – 1,9 минг нафар;
− камида 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар – 351 нафар.
Апелляция
Қонунчиликка кўра, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция комиссиясига апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.
Шу сабабли 2023 йил 22 август куни Билимни баҳолаш агентлиги томонидан олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлардан апелляция аризаларини онлайн қабул қилиш йўлга қўйилди.
Апелляция аризалари my.uzbmb.uz сайти орқали абитуриентнинг шахсий кабинетида онлайн тарзда қабул қилинмоқда ва 10 кун давомида, яъни 31 августга қадар давом этади.
Бунда абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим.
Апелляция аризасини берган абитуриентга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.
Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва абитуриент рухсатномаси билан Билимни баҳолаш агентлигига келиши керак.
Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш 2022 йил 24 августдан бошланади.
Маслаҳат марказлари
Билимни баҳолаш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимларида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш мақсадида маслаҳат марказлари ташкил этилди.
Бунда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш учун Тошкент шаҳрига келишлари шарт эмас.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Билимни баҳолаш агентлигининг ҳудудий бўлимлари мавжуд бўлиб, ҳудудий бўлимлар томонидан ҳам абитуриентларга тўлиқ маълумотлар берилади.
Маслаҳат марказлари душанба-жума кунлари 09:00 дан 18:00 га қадар (13:00-14:00 тушлик вақти) фаолият олиб боради.