Жорий йил сентябрь ойида пахта йиғим-терими даврида меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид 191 та мурожаат келиб тушган 

Жорий йил сентябрь ойида пахта йиғим-терими даврида меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид 191 та мурожаат келиб тушган 

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Ҳайитов маълум қилди.

2023 йил 18 сентябр кунига қадар 1176 қисқа рақамли “Ишонч телефони” ҳамда “Munosibmehnat.uz” телеграмм ботига пахта йиғим-терими даврида меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 191 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан, 11 таси муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 13 таси терим пуллари ўз вақтида берилмаётганлиги, 167 таси 1 кг териладиган пахтанинг нархи тўғрисидаги мурожаатлардир.

Ҳудудларда ташкил этилган Ишчи гуруҳлар томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан ўрганишлар ўтказилиб, шулардан, 4 та мурожаат қаноатлантирилди, 177 та мурожаат бўйича теримчилар ва фермер хўжаликларига тушунтириш берилди, 10 та мурожаат эса ўз тасдиғини топмади.

Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиши юзасидан фермер хўжликларига Давлат меҳнат инспекцияси томонидан таъсир чораси сифатида ёзма кўрсатмалар берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 январдаги “Пахта хомашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-23-сонли қарорига асосан 2023 йил ҳосилидан бошлаб, пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан пахта хомашёсининг харид нархи ўзаро манфаатли келишув асосида шакллантирилиши белгиланган бўлиб, пахта терими даврида, 1 кг пахтанинг нархи Терим отряди (теримчи) ва фермер (кластер) ўртасида тузиладиган шартнома асосида белгилаб олиш тавсия этилади.

Шунингдек, ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудларда пахта йиғим-теримида иштирок этган теримчиларга яратилган меҳнат шароитларининг ҳолати, фуқароларга нисбатан мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олдини олиш мақсадида, 592 та объектда (64 та кластер ва 428 та фермер хўжаликларида) мониторинг ишлари, тарғибот ва тушунтиришлар амалга оширилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилишни тақиқлаш, ходимларнинг иш ҳақларини ўз вақтида берилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликни юксалтириш борасида мунтазам ишлар амалга ошириб келинмоқда.

 Қадрли юртдошлар!

Агарда пахта йиғим-терими мавсумида меҳнат ҳуқуқларингиз бузилиши содир бўлса ёки шу каби ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз, вазирликнинг 1176 қисқа рақамли “Ишонч телефони” ҳамда “Munosibmehnat.uz” телеграмм ботига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади. 


Report Page