Жорий йил 28 та маҳалла автобус қатновлари билан қамраб олинди
Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси Матбуот хизмати
Аҳолини узоғини яқин, оғирини енгил қилишда транспорт воситаларининг ўрни алоҳида. Олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси вилоятимизда ҳам жамоат транспортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда.
Бугун вилоят Транспорт бошқармаси ва бошқарма тасарруфидаги ташкилотлар ҳамкорлигида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси бошлиғи Р.Бабаев сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Жумладан, бугунги кунда вилоятда автотранспорт соҳасида фаолият юритаётган 292 та автокорхоналар томонидан 199 та йўналиш фаолият кўрсатмоқда. Шундан, 95 та автобус йўналиши учун 433 автобус ҳамда 104 та йўналишли такси ҳаракати учун 1283 та автотранспорт воситалари фаолияти ташкил қилингани қайд этилди.
Жорий йил январь-май ойларида бошқарма томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 4 та янги автобус йўналишларини очиш ва 5 та автобус йўналишини оптимизация қилиш орқали 28 та маҳалла автобус қатновлари билан қамраб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод махалла” дастурини амалга ошириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йилда Хоразм вилоятида жами 521,2 км узунликдаги ички хўжалик автомобилъ йўлларини таъмирлаш, шундан 431,0 км қисмига тош – шағал ётқизиш, ички йўлларда жойлашган 17 дона кўприкларни таъмирлаш ҳамда ушбу ишларни амалга ошириш учун 195,8 млрд.сўм йўналтирилиши белгилаб берилган бўлиб, бунинг 97,6 млрд.сўм қисми қўшимча дастур доирасидаги маблағлар, 54,1 млрд.сўм қисми махаллий бюджетдан ва қолган 44,1 млрд.сўм қисми инвестиция дастури доирасидаги маблағлар хисобидан ажратилиши режалаштирилган.

Жорий йилда Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Белоруссия ва Aрманистон давлатлари авиакомпаниялари билан ҳамкорликда чартер рейслар йўлга қўйилди.
2021 йил мунтазам ва чартер рейсларда, март ойида 20654 нафар йўловчига, апрел ойида 22960 нафар, май ойида эса 26406 нафар йўловчига хизмат кўрсатилди.
Умумий ҳисобда 70 020 нафар йўловчига хизмат кўрсатилган.
Аҳоли фаровонлиги йўлида олиб борилаётган амалий ишлар жадаллик билан давом этади.
Журналист ва блогерлар бугунги кунда жамоат транспортлари харакати, таъмирталаб ички хўжалик йўллари ва чартер рейслар юзасидан берган саволларига жавоб олишди ва ўз таклифларини билдиришди.

Бундай учрашувларни ўтказиш соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, шаффофликни таъминлаш ва тизимни янада такомиллаштирга улкан замин яратади.
Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси Матбуот хизмати