Жорий йил ўтган даврида хорижга чиқиб кетаётган 1618 нафар фуқарога 3 млрд 236 млн сўм миқдорида микроқарз берилган ва кредит қайтмаслик таваккалчилиги суғурта қилинган

Жорий йил ўтган даврида хорижга чиқиб кетаётган 1618 нафар фуқарога 3 млрд 236 млн сўм миқдорида микроқарз берилган ва кредит қайтмаслик таваккалчилиги суғурта қилинган

https://t.me/aoka_uz

АОКАда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида фуқароларни хорижий давлатларга ишга жалб қилиш ва хориждаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

Матбуот анжуманида маълумот берилдики, сўнгги йилларда хорижда ишлаётган юртдошларимиз ва оиласини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий қилинган имтиёзлар кўламини кенгайтириш, чет элларда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини йўлга қўйиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, аввало тизимда амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш, хорижда ишлаётган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги тизим, янгича ёндашувларни жорий этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Давлат дастури бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижий давлатларнинг меҳнат бозори, иш берувчиларнинг талаблари доимий равишда ўрганилиб, энг кўп талаб этиладиган соҳалар бўйича фуқаролар мутахассисликларга йўналтирилмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 340 та йирик иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Бугунги кунда Россия Федерациясида қурилиш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, савдо, умумий овқатланиш, коммунал ва маиший хизматлар, Қозоғистон Республикасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги, Жанубий Кореяда оғир ва енгил саноат, Туркия ва БААда савдо, умумий овқатланиш, ижтимоий таъминот, Европа мамлакатларида саноат, қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва логистика, ижтимоий таъминот, Японияда ижтимоий таъминот, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш соҳаларида ишчиларга талаб юқори.

Саъй-ҳаракатлар, тизимли мулоқотлар натижасида Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан 112 та шартнома ҳамда меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан 22 та меморандум имзоланишига эришилди. Агентлик билан ҳамкорлик келишуви имзолаган мазкур иш берувчи ва рекрутинг агентликларининг 82 тасида 14 минг 130 та иш ўринлари аниқланди. Бундан ташқари, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан олтита меморандум имзоланди.

Айни кунгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик келишувига эга иш берувчи ва рекрутинг агентликлари сони 509 тани ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида 35 мингга яқин юртдошимиз Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Жанубий Корея, Сербия, Германия, Англия ва бошқа хорижий давлатларда манзилли ва ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштирилди.

Иш берувчилар талаблари асосида йил бошидан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган 50,7 минг нафардан ортиқ фуқаролар 30 га яқин касбларга касб-ҳунарга ва 6 та чет тилларига ўқишга жалб қилинди.

Шунингдек, ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсациялар ажратишни соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги қарори билан тасдиқланди.

Ўтган давр мобайнида субсидия ҳисобига “Ўзагросуғурта” АЖ ва унинг филиаллари томонидан 164 минг 379 нафар меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғи суғурта қилинди. Хорижга чиқиб кетаётган 1618 нафар фуқарога 3 миллиард 236 миллион сўм миқдорида микроқарз берилган ва кредит қайтмаслик таваккалчилиги суғурта қилинган.

Жорий йил бошидан “Labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва малака имтиҳонларини муваффақиятли топширган 2 минг 699 нафар фуқаролар учун имтиҳон харажатлари ҳамда 143 нафар фуқаронинг йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун компенсация тўланди.

Ўрганишлар жараёнида хорижда бўлиб турган 266 мингдан ортиқ меҳнат мигрантига ҳуқуқий, моддий, ижтимоий ёрдам ва ахборот маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Хусусан, 1315 нафарига 60,9 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилди. 907 нафар оғир аҳволга тушиб қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди, 261 нафар бошпанасиз қолган фуқаро хостелларга жойлаштирилди ҳамда 3 маҳал озиқ-овқат билан таъминланди.

Йил бошидан буён хориждан қайтиб келганларнинг 496 минг нафардан ортиғи “Маҳалла - меҳнат органлари - сектор - Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиали” тизими асосида, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ёрдамида ўрганилди. Вақтинча ишсиз бўлган фуқаролар билан алоҳида реинтеграция дастурлари бўйича иш ташкил этилади.

Сир эмаски, меҳнат миграциясидан қайтиб келганларнинг салмоқли қисми хорижда қурилиш соҳасида ишлаб, тажриба орттириб қайтиб келган фуқароларни ташкил этади. Шу мақсадда, бугунги кунда республика бўйлаб вилоятлар марказларида, туман ва шаҳарларда қурилиш олиб бораётган йирик қурилиш объектларига ишга жойлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Давлат дастурида меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича “Ўз келажагимга ўзим инвестор” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан муҳим вазифалар юклатилган.

Ижтимоий тармоқларда “Мигрант тадбиркор” телеграм канали жорий этилган бўлиб, канал орқали меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонда ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши билан боғлиқ турли масалаларда амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Умуман олганда, бугунги кунда бу каби меҳнат мигрантларига молиявий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш бўйича 14 турдаги инструментлар мавжуд, шулардан 6 таси тадбиркорлик фаолиятини бошлашни рағбатлантиришга қаратилган молиявий инструментлардир.

Жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантига - тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш, асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилаётган бино ва иншоотнинг ижара тўлови, тадбиркорлик асослари ва молиявий саводхонликка қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитиш, кредит гарови учун қўйилган таъминотнинг суғурта полиси бўйича тўловлар каби зарурий харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш амалиёти жорий этилган.

Хориждан қайтиб келган, ишсиз фуқароларга ўз томорқасидан фойдаланишини рағбатлантириш орқали ўзини ўзи банд қилиши учун иссиқхона қуриш, уруғ ва кўчатлар сотиб олиш ҳамда суғориш воситалари ўрнатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шунингдек, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш бўйича маблағлар ажратилмоқда.

Бундан ташқари, “Тадбиркор меҳнат мигранти” лойиҳаси доирасида хорижда ишлаб келган, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларни қисқа муддатли ўқув курсларида тадбиркорлик ва молиявий саводхонликка ўқитиш йўлга қўйилган. Йил бошидан 3,3 минг нафар фуқаролар ушбу курсларни тугатиб, тегишли сертификатларга эга бўлди

Report Page