Жорий ўқув йили учун 1 млн 146 минг 744 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди. Улар учун 58 та бино, стадион ва хиёбон имтиҳон олишга тайёрланмоқда

Жорий ўқув йили учун 1 млн 146 минг 744 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди. Улар учун 58 та бино, стадион ва хиёбон имтиҳон олишга тайёрланмоқда

https://t.me/aoka_uz

Абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунлари

2022/2023 ўқув йили учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 20 июнь куни бошланиб, чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишларига – 17 июль куни, бошқа таълим йўналишларига –  27 июль куни якунланди.

Абитуриентларни рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz сайти) орқали онлайн тарзда амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикасидаги абитуриентлар my.dtm.uz ва my.gov.uz сайтларидан ташқари барча туманлардаги Давлат хизматлари марказларида (17 та) рўйхатга олинди. Бунда Давлат хизматлари марказларига Давлат тест маркази ва олий таълим муассасаларидан мутахассислар абитуриентларга маслаҳат бериш учун жалб этилди. Абитуриентларни рўйхатга олиш Давлат хизматлари марказларидан ташқари 100 га яқин мактабларда ҳам амалга оширилди. Улар учун алоҳида колл-марказлар ишга туширилди.

Республика бўйича жами 84 та давлат олий таълим муассасаси ҳамда уларнинг ҳудудлардаги 30 та филиал ва факультетларига 1 146 744 нафар абитуриентлар рўйхатдан ўтказилди.

Жорий йилда илк бор 12 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шакли жорий этилиб, 6 867 нафар (биринчи таълим йўналишига нисбатан) абитуриент масофавий таълим шаклида ўқиш истагини билдирди. Шунингдек, 585 669 нафар абитуриент кундузги, 25 369 нафари кечки, 528 839 нафари сиртқи таълим шакли учун рўйхатдан ўтди.

Энг кўп абитуриент рўйхатдан ўтган олий таълим муассасалари (биринчи таълим йўналишига нисбатан):

1. Ўзбекистон миллий университети – 41 577 нафар.

2. Тошкент давлат педагогика университети – 40 523 нафар.

3. Наманган давлат университети – 37 267 нафар.

4. Урганч давлат университети – 37 091 нафар.

5. Жиззах давлат педагогика институти – 35 706 нафар.

Энг кўп абитуриент рўйхатдан ўтган ҳудудлар (доимий яшаш ҳудуди бўйича):

1. Қашқадарё вилояти – 133 987 нафар.

2. Самарқанд вилояти – 125 717 нафар.

3. Тошкент вилояти – 107 923 нафар.

4. Фарғона вилояти – 104 201 нафар.

5. Сурхондарё вилояти – 101 417 нафар.

  Тест синовларини ўтказиш учун 58 та (2021 йилда 53 та) бино, стадион ва хиёбон тайёрланмоқда. Бунда 1 сменада 1 614 та гуруҳда 48 420 нафар, 1 кунда (2 сменада) эса 3 228 та гуруҳда 96 840 нафар абитуриент тест синовида иштирок этади.

Тест синовларининг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида халқ таълими ва олий таълим муассасаларининг 3 500 нафарга яқин раҳбар ва педагог кадрлари гуруҳ назоратчилари сифатида жалб этиш режалаштирилган.

 Чет тилларидан касбий (ижодий) имтиҳон

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги 34-сон қарорида 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг (фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган) бакалавриат таълим йўналишларига ҳамда Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон давлат педагогика ва Нукус давлат педагогика институтларининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилиши белгиланган.

Жорий йилда мазкур таълим йўналишларига ўқишга кириш учун 13 мингдан зиёд абитуриент рўйхатдан ўтди.

Улар учун 2022 йил 23-26 июль кунлари мазкур 6 та олий таълим муассасаcига ўқишга кириш учун илк бор чет тилидан халқаро стандарт асосида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилди.

Имтиҳонлар абитуриентларга қулай бўлиши учун барча ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) да ташкил этилди ва абитуриентлар ўзлари танлаган ҳудудда имтиҳонларда иштирок этди.

Имтиҳонлар 2 босқичда ташкил этилиб, унинг:

−      1-босқичи (ёзма қисми) 23-25 июль кунлари қоғоз шаклда;

−      2-босқичи эса 24-26 июль кунлари электрон тарзда бўлиб ўтди.

Бунда абитуриентлар имтиҳоннинг 1-босқичи (ёзма қисми) ўтказилган куннинг эртасига 2-босқич (гапириш) имтиҳонларида иштирок этди.

Мазкур имтиҳонларда абитуриентларнинг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмалари синовдан ўтказилди.

Имтиҳонлар 11 та чет тили — инглиз, немис, француз, испан, хитой, корейс, япон, ҳиндий, турк, араб ва форс тиллари бўйича ташкил этилди ва чет тилларни билишнинг B1 даражаси бўйича бўлиб ўтди.

Ҳозирда имтиҳон натижаларини ҳисоблаш ишлари якунланмоқда. Натижаларни ҳисоблаш якунланиши билан абитуриентларнинг шахсий кабинетида эълон қилинади.

Маълумки, чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларига киришда чет тили фанидан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.

Бунинг учун абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида мазкур сертификат маълумотларини тизимга киритадилар ва уларнинг сертификатлари мутахассислар томонидан текширилади. Жорий йилги абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш жараёнида абитуриентлар томонидан 29 мингдан зиёд чет тили сертификати тизимга юкланди.

Сертификатлар Давлат тест маркази мутахассислари томонидан текширилганда 955 та сертификат талабга жавоб бермаслиги аниқланди (уларнинг аксарияти чет тили сертификати эмас).

Шунингдек, 56 та сертификат қалбаки эканлиги аниқланиб, бу бўйича тегишли маълумотлар тайёрланган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Қалбакилаштирилган сертификатларнинг 44 таси IELTS, 9 таси миллий, 2 таси HSK, 1 таси TOEFL iBT сертификатидир.

Қайд этиш керакки, жорий йилда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга (сертификатлари тасдиқланган) абитуриентлар сони 28 116 тани ташкил этди. Бу 2021 йилга нисбатан 17 468 тага ёки 2,6 баробарга кўп (2021 йилда 10 648 та).


Report Page