Жондор: Тиббиётдаги хайрли ташаббуслар

Жондор: Тиббиётдаги хайрли ташаббуслар

Buxoro.uz

Сўнгги беш йил давомида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар негизида инсон саломатлиги асосий ўринни эгаллайди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, ёшларни олий тиббий таълим билан қамраб олиш, ёш мутахассисларга шароит яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда халқни рози қилиш ислоҳотлар мазмунининг негизидир. Шу йил 18 мартда пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган “Очиқ мулоқот”ида бу тамойил эътироф этилди.

Президентимиз билан бўлган мулоқотда соҳани янада ривожлантириш, тиббиётни кейинги босқичга олиб чиқиш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, тиббёт олий таълим муассасалари фаолиятини трансформация қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби масалалар ечимига эътибор қаратилди. Тизим фаолиятини тубдан яхшилаш мақсадида юқоридаги мулоқотдан сўнг 24 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага тегишли белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича Фармойиши ҳамда Фармойишга илова сифатида “Йўл харитаси” эълон қилинди. Унда назарда тутилган вазифалар долзарб аҳамиятга эгалиги боисдан айни пайтда жумладан, вилоятимизда ҳам  ҳар бир шаҳар ва туман миқёсида уларни амалга ошириш мақсадида тезкор чора–тадбир ишлаб чиқилмоқда.

Бундай ёндашув самараси ўлароқ, жумладан, вилоятда бирламчи тиббиёт бўғинини, мутлақо янги ёндашувлар асосида, тубдан ўзгартиришга киришилди. Бу борада ўтган йилдан бошлаб, ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. 2021 йилдан бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳозирда шамоллаш, қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, ошқозон ва нафас йўллари касалликларини даволаш учун зарур дори–дармонни одамларимиз ортиқча сарсон бўлмасдан, оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалардан олишмоқда. Қишлоқлардаги оилавий поликлиникаларга янги замонавий УЗИ ва ЭКГ аппаратлари етказиб берилиб, бу замонавий ускуналар билан ишловчи мутахассислар шакллантирилмоқда.

Бу амалий саъй-ҳаракат вилоятда Жондор туманидан бошланди. Ҳокимлик мажлислар залида бўлиб ўтган муҳокамада мамлакатимиз Президентининг тиббиёт ходимлари билан ўтказган "Очиқ мулоқот"идан келиб чиқадиган муҳим вазифалар ечими юзасидан вилоят ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроев ҳамда вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аскар Баҳроновлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш тадбирлари ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадон мисолида кенг қамровда амалга оширилишини таъкидладилар. 

Туманда бошланган ишларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларининг директорлари, вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул–мутахассислари, Бухоро давлат тиббиёт институти раҳбарияти, вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари врачлари жалб қилинмоқдалар. Қолаверса, Бухоро давлат тиббиёт институти тизимни малакали ёш мутахассислар билан тўлдириб бориш ва тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтаришда ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Улар шифокорлик касби фидойилик ва машаққат талаб қилишига талабалик пайтиданоқ кўникма ҳосил қилишмоқда. Эътиборлиси, аввало, туман аҳолиси орасида хавф гуруҳига кирувчилар, соғлигида муаммоси борлар, даволанишга муҳтож болалар, эҳтиёжманд, камхарж оилаларнинг касалмангд вакиллари, қолаверса, перинаталь ёшдаги ҳомиладор аёлларни скрининг текширувдан ўтказиш мақсад қилинган.

Ҳар бир оилавий поликлиникада кундузги стационар, талаб ва эҳтиёж юқори бўлган чекка қишлоқларда эса оилавий шифокорлик пункти, олис ҳудудларда махсус жиҳозланган контейнерлардан иборат тиббиёт пункти ташкил этиш ҳам бу дастурдан ўрин олган. Маҳаллабай тизимда ишлаб, сифатли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар, касалликлар профилактикаси бўйича қўлланмалар ишлаб чиқиб, оилаларга тавсия тариқасида тарқатиш муҳимлигига эътибор қаратилмоқда. Эндиликда тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, олис ҳудудларда қўшимча бригадалар тузиш, бу тизимдаги анестезиолог ва реаниматологлар ойлик иш ҳақига устама бериш бўйича ҳам амалий ўзгаришга қўл урилмоқда. Жорий йилда инвестиция дастури доирасида тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишларига бюджетдан 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ ажратилаётгани назарда тутилса, бу тоифадаги вилоят тиббий муассасаларини қайта қуриш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янгидан жиҳозлаш имконияти яратилмоқда.

— Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишлар вилоятимизда нега айнан Жондор туманидан бошланди, деган савол туғилиши табиий, – дейди вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Аскар Баҳронов. — Аввало, Жондор туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги, бирламчи тиббий–санитария ёрдами муассасалари моддий–техник базасининг қониқарсиз аҳволдалиги, қолаверса, ихтисослаштирилган ва шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатининг талаб даражасида эмаслиги ҳудудда туб бурилиш ясашга замин яратди. Шу билан бирга, аҳолининг касалланиш кўрсаткичлари нисбатан баланд ва профилактик тадбирлар, даволаш муолажаларининг самарадорлиги жуда паст даражада.  

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари топшириқларидан келиб чиқиб, туманда асосий эътибор берилаётган соҳа бирламчи тиббий хизмат. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари ва Республика ихтисослаштирилган илмий амалий тиббиёт марказларининг Бухоро филиаллари ва Бухоро давлат тиббиёт институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллабай ва хонадонбай иш тизими жорий этилгани, ҳар бир хонадон ва ундаги фуқаролар мисолида мавжуд тиббий муаммолар, уларни жойида ҳал этиш ва шу орқали соғлом турмуш тарзини татбиқ этишга эътибор кучайтирилган. Натижада мамлакатимиз Президенти томонидан қўйилаётган талаб – қуйига тушиб, хонадонбай ишлаш тизими йўлга қўйилгани, натижада “Хонадон касалликлари”ни барвақт аниқлаш имконияти туғилаётгани мақсадга мувофиқдир.  

Жондордан бошланган чора-тадбирларда замонавий тиббиётнинг барча йўналишлари: бирламчи тиббий-санитария ёрдами, тез ёрдам, ихтисослаштирилган ёрдам, шошилинч ёрдам, репродуктив саломатлик, тиббий тарғибот, санитар-эпидемиологик хизмат турлари  қамраб олинмоқда. Албатта, бундай ёндашув юқори малакали тиббий хизматнинг маҳалла даражасида ишлаш методикаси ва самарадорлигидир. Туман мисолида тиббиётнинг ўзига хос модели ташкил этилиб, “Жондор тиббиёти––Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, юқори технологик тиббий хизматга муҳтож аҳоли қатламини саралаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб қилиш ва туман марказийц шифохонаси шароитида кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳажми, кўлами ва сифатини ошириш асосий мақсад қилинган. Бу жараён ҳудуддаги барча––52 та маҳаллани  қамраб олиши билан аҳамиятли, албатта.

Айни пайтда туман Тиббиёт бирлашмасида вилоят ҳокимининг ўринбосари, Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Бухоро давлат Тиббиёт институти ректори раҳбарликларида махсус штаб ташкил этилиб, кунлик иш ва маълумотлар мувофиқлаштириб борилмоқда. Бу жараён шаҳар ва туманларимизда бир ой давом этади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page