Жондор: “Охших” кичик саноат зонасида мебелсозлик ривожлантирилмоқда

Жондор: “Охших” кичик саноат зонасида мебелсозлик ривожлантирилмоқда


Айни кунда биргина “Охших” МФЙ ни олсак, ҳудудда кўчама-кўча, уйма-уй мебелсозлик ва ёғочсозлик билан шуғулланаётган саксонга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётганини кўриш мумкин. Улар дастлаб уста дурадгорликда ўз имкониятларини синовдан ўтказиб, сўнг мебелсозликка, хонадон декорацияси ва жиҳозлари билан шуғулланишга ўтишган. Хонадонлар ва ижтимоий соҳа иншоотлари—мактаб, боғча, тиббий муассасалар учун бежирим ва замонавий андозадаги стол-стул, шкаф, тумбочка, шунингдек, диван-кресло, ошхона гарнитури, яна бошқа қаттиқ ва юмшоқ мебель шу ерда, маҳаллий шароитда талаб даражасида, янгича андозаларда ишлаб чиқарилмоқда. 

Ўрганишлардан аён бўлишича, бу мебелсоз субъектлардан йигирмадан ортиғи масъулияти чекланган жамияти шаклидаги кичик корхонасига асос солган, нафақат маҳалла-кўйдаги, балки қўшни туманлардаги харидорлардан тушаётган каттароқ ҳажмдаги буюртмаларни ҳам ўз вақтида сифатли ясаб, тайёрлаб беришмоқда. Шундан 6 та йирик мебель цехларида жами 200 нафарга яқин маҳаллий ёшнинг бандлиги таъминланаётгани эса чекка ҳудудда иқтисодий ривожланиш ортидан ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлиги ошаётгани намунасидир. 

Маҳаллада бугунга келиб, 684 та хонадонда 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, бунда фаол меҳнат жабҳасида банд бўлганлар сони қарийб 1,5 минг нафарни ташкил этмоқда. Ишсизлар сони ўтган йили расман 40 нафардан ошиқни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич кескин қисқарган. Одамлар турмуш даражасини янада яхшилаш, ишсизликка барҳам бериш каби муҳим ишларда маҳаллада қурилиши тугалланмаган ва бўш ётган бино-иншоотларда ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, аҳолининг томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, ободонлаштириш ишларига эътибор қаратилаётгани мақсага мувофиқдир.  

Шубҳасиз, бунда ўнлаб оилалар мебелсозлик, уста дурадгорлик билан шуғулланаётгани қўл келмоқда. Нафақат маҳаллий аҳоли, балки қўшни Қоракўл, Олот, Ромитан, Пешку туманларидан мебель излаганлар бу ерда тайёрланаётган маҳсулотга харидор ҳисобланишади. Балки шу боис, мебель ишлаб чиқариш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўтган йилларда нообод, ташландиқ ётган майдондан 1,8 гектар ер майдони “Охших” кичик саноат зонасини ташкил этиш мақсадида ажратилган.

Лойиҳа қиймати 14 миллиард сўмга молиялаштирилган мазкур мебелсозлик ҳудудида йигирмага яқин устахона, мебель ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга жиддий киришилган. Бу ерда ҳар бир кичик корхонада ўртача 10 нафар уста дурадгор ишлаётганини назарда тутсак, бугунга келиб кичик саноат зонаси туфайли 150 дан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш имконияти яратилмоқда. Айни кунда бу ерда қурилиш, цехларни янги технология билан жиҳозлаш ишлари қизғин давом этмоқда.

Жумладан, “Абдул Боқи Раҳмон” МЧЖ ҳудуднинг етакчи корхоналаридан бири. Барқарор фаолияти туфайли мазкур хусусий корхона йиллик товар айланмаси 15-17 миллиард сўмга етказилмоқда. Корхонада доимий 30 нафардан мавсумий 60 нафаргача ишчи ўрни яратилган бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозорда буюртма асосида тайёрлаб, харидорларга етказиб берилмоқда.

Шу маҳалладаги “Эркин бобо мебель маҳсулоти” хусусий корхонаси ҳам замонавий лойиҳада барпо қилинган хонадонлар учун турли кўринишдаги бежирим ва пишиқ мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бугунга келиб корхонада 20 нафардан ортиқ ишчи-мутахассис меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг ҳар бири кунига ўзига юкланган вазифа — донабай буюртма ёки мебелнинг таркибий қисмини тўлиқ ясаб, битириб топширмоқда. Дарвоқе, роппа-роса бир йил муқаддам мазкур корхона ҳам замонавий технология ва асбоб-ускуна харид қилиш учун туманнинг 3-сектори, давлат солиқ хизмати кўмагида 545 миллион сўм миқдоридаги банк кредит маблағини расмийлаштириб олиб, цех учун Австриянинг замонавий, ёғоч-тахтага ўйиб нақш соладиган автоматик дастгоҳини харид қилган ва бунинг натижасида яна бир нечта қўшимча иш ўрни яратиб, ёшлар бандлигини таъминламоқда.

Қолаверса, қишлоқда якка тартибда хонадонларда, кичик устахона ва цехларда тайёрланаётган пишиқ-пухта мебель маҳсулотлари реализацияси, буюртмалари ва хариди билан ҳам мазкур корхона ва турдош субъектлар изчил иш олиб бориб, умумий фаолият ривожлантирилмоқда.  


Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page