Жиноят кодексига шарҳлар

Жиноят кодексига шарҳлар


1 ва 2-модда шарҳи

УМУМИЙ ҚИСМ

Биринчи бўлим. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

I боб. ЖИНОЯТ КОДЕКСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ПРИНЦИПЛАРИ

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонунчилиги

Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонунчилиги Конс­титуция ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига асосланган бўлиб, ушбу Кодексдан иборатдир.

Ш А Р Ҳ

1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонунчилигини ташкил этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасини, шунингдек, мазкур ҳужжатларнинг ҳуқуқий асосини қонун даражасида белгилаб беради. Изоҳланаётган моддада назарда тутилган қоидалар жиноят ҳуқуқи соҳасидаги мавжуд анъаналарни, жумладан, жиноят-ҳуқуқий нормаларни қонунлаштириш ҳамда уларнинг алоҳида қонун – Жиноят кодекси кўринишида амал қилиши лозимлигини акс эттиришини қайд этиш лозим.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси мамла­катимизнинг жиноят тўғрисидаги қонунчилигини ташкил этувчи барча жиноят-ҳуқуқий нормаларнинг асосий ва ягона шакли ҳисобланади. Жиноят-ҳуқуқий нормалар билан боғлиқ янги қонунлар қабул қилинган тақдирда, улар мустақил равишда қўлланилмасдан, албатта, Жиноят кодексига кири­тилиши талаб этилади.

2. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ўзаро ички узвий бирлик ва боғлиқ бўлган жиноят-ҳуқуқий нормаларнинг мустаҳкам тизимга эга эканлиги билан ажралиб турувчи жиноят ҳуқуқи принципларини, жиноий жавобгарлик асослари ва шартларини, жиноят, деб эътироф этиладиган ижтимоий хавфли қилмишларни, бундай қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораларининг тури ва чегарасини белгилаб берувчи қонунчилик ҳужжатидир.

Жиноят кодексига жиноят-ҳуқуқий нормаларни кирити­шнинг асосий ва ягона шаклининг белгиланганлиги жиноят тўғрисидаги қонунчилигини ягоналаштириш ҳамда мустаҳ­камлашга, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ходимларининг улардан фойдаланишини осонлаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилади. Ушбу жараёнда қонунчилик техникаси такомиллаштирилади ва қонун чиқарувчи орган томонидан жиноят тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилади.

3. Жиноят кодекси жиноят-ҳуқуқий нормаларни мустаҳ­камлашнинг ягона ва мутлақ шакли сифатида эътироф этилиши баробарида изоҳланаётган моддада ушбу норма­ларнинг ҳуқуқий асоси тўғрисидаги қоидалар ҳам ўз аксини топган. Булар Ўзбекистон Республикасининг Консти­туцияси ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларидир. Бу билан барча ҳуқуқ соҳаларининг, жумла­дан, жиноят ҳуқуқининг ҳам асосий манбаи Ўзбекистон Респуб­ликасининг Конституцияси ва халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган нормаларининг Кодекс нормаларидан усту­ворлиги белгиланган.

Ўзбекистон Конституциясини жиноят қонунчилигининг асоси сифатида тан олиниши, Асосий қонун қоидаларини Жиноят кодекси нормаларини шарҳлашда қўллашни тақозо этади. «Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Консти­туциянинг 16-моддасига мувофиқ бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат унинг норма­лари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас».

4. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ҳам Жиноят кодексининг ҳуқуқий негизи бўла олиши ушбу изоҳланаётган моддада мустаҳкамланган. Бундай нормалар сифатида халқаро ҳуқуқнинг императив-буйруқ кўринишидаги қоидалар ҳамда барча халқаро ҳуқуқ субъектлари, жумладан, давлатлар томонидан эътироф этилган қоидалар тан олиниши лозим.

Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларидаги белгилан­ган тамойилларга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг қоидалари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декла­рацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқ­аро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғри­сидаги Халқаро пактда мустаҳкамланган қоидалар киради.

5. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари Жиноят кодекси ҳуқуқий асоси ҳисобланганлиги сабабли улар Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонунида қўшимча норма сифатида белгиланиши шарт ҳисобланмайди ва улар қўлланилаверади. Айни пайтда, Ўзбекистонда умумэътироф этилмаган халқаро шартномалар нормалари мамлакатимиз қонунчилигига, жумладан, Кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар шаклида киритилиши лозим. Бу, биринчидан, кўпгина халқаро шартномалар (конвенциялар) фақат иштирокчи давлатларнинг у ёки бу турдаги жиноятларга қарши курашиш ниятини билдиради; иккинчидан, агар халқаро шартномада у ёки бу ижтимоий хавфли қилмишнинг белгилари кўрсатилган бўлса ҳам, одатда, тегишли жазо белгиланмайди; учинчидан, мабодо, жазо кўрсатилган ҳолда ҳам шартномада унинг қўлланиш чегаралари ва шартлари кўрсатилмаслигидан келиб чиқилади. Ўзбекистон Республикасида ратификация қилинган халқаро шартномаларнинг қоидалари ҳам амалдаги жиноят тўғрисидаги қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритмасдан туриб қўлланилмаслиги мумкин.

6. Изоҳланаётган моддада Жиноят кодексидаги жиноят-ҳуқуқий нормаларнинг ягона эканлиги ҳамда жиноят тўғри­сидаги қонунчиликнинг асоси сифатида фақат Конституция ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари эътироф этилиши, унда бу нормаларнинг талқин этилмаслиги назарда тутилган. Демак, жиноят-ҳуқуқий тусдаги қоидаларни мустаҳкамлашнинг бошқа шакллари (масалан, Олий суд Пленуми қарорлари, суд прецеденти, доктринал шарҳлаш ва ҳ.к.). Ўзбекистон Республикаси жиноят тўғрисидаги қонунчиликнинг манбаи сифатида тан олиниши ёки унинг асоси бўлиши мумкин эмас. Чунки, Олий суд Пленум Қарорларида бу ҳужжатларда янги ҳуқуқий нормалар яратилмайди ва мустаҳкамланмайди, балки Жиноят кодексида мавжуд бўлган нормаларнинг ҳақиқий мазмуни тергов, суд амалиётида уларга аниқ ва оғишмай риоя этилиши учун очиб берилади.

Шунингдек, белгиланган тартибнинг бузилиши жиноят ҳисоб­ланадиган хулқ-атвор ёки ҳаракатлар (масалан, махфий ҳужжатлар билан иш юритиш қоидалари, ветеринария ёки зоология қоидалари, ҳаракат хавфсизлиги, транспортдан фойдаланиш қоидалари ва бошқалар) жиноят тўғрисидаги қонунчилиги сифатида тан олиниши мумкин эмас. Мазкур ҳужжатларда бланкет кўринишдаги муайян жиноят-ҳуқуқий норманинг (масалан, ЖК 285-моддаси) тутган ўрни ва мазмуни батафсилроқ акс эттирилади, бироқ бундай қилмиш учун жазо фақат Жиноят кодексида белгиланади.

7. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70–72-мод­даларида суверен Қорақалпоғистон Республикасининг Ўзбе­кистон таркибига кириши ва Ўзбекистон Республикаси қонун­ларининг Қорақалпоғистон ҳудудида ҳам бажарилиши маж­бурий эканлиги кўрсатилган. Жиноят кодекси ҳам жи­ноят-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган ягона қонун ҳисоб­ланади ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам амал қилади.

Жиноят кодекси Ўзбекистон Республикаси учун ҳам, Қорақалпоғистон Рес­публикаси учун ҳам ягона ҳисобланиб, бошқа қонунчилик (масалан, Қорақалпоғистон Республикаси­нинг қонунлари, Жўқорғи Кенгеснинг қарор­лари ва ҳ.к.). Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жиноят тўғрисидаги қонунчиликнинг манбаи сифатида тан олиниши мумкин эмас.


2-модда. Кодекснинг вазифалаpи

Жиноят кодексининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунла­рига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Ана шу вазифаларни амалга ошириш учун Кодекс жавоб­гарликнинг асослари ва принципларини, қандай ижтимоий хавфли қилмишлаp жиноят эканлигини аниқлайди, ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан қўлла­нилиши мумкин бўлган жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини белгилайди.

Ш А Р Ҳ

1. Шарҳланаётган моддада жамият ва давлатнинг жиноят-ҳуқуқий тақиқ ўрнатиш йўли билан эришадиган мақсадлари белгиланган. Шу йўл орқали Жиноят кодексининг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти қонунда мустаҳкамланади, бу ўз навбатида, айрим қилмишларнинг жиноят ёки жиноят эмаслигини аниқлаш жараёнига, Кодекс нормаларининг жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилишига, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг кейинги ривожига ва ҳ.к.га жиддий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, қонуннинг вазифаси жиноий қилмишни акс эттириш, унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш техникасини такомиллаштириш, бузилиши жиноят ҳисобланадиган қоидалар ва бланкет нормаларни аниқлаш ва ҳ.к. мақсадларда қонун чиқарувчига таъсир ўтказишга қаратилган.

2. Жиноят кодексида бажарилиши «инсон ҳуқуқлари бўйича демократик институтларни ривожлантиришнинг кафолати бўлиб хизмат қилувчи» учта вазифа қўйилган. Ушбу вазифалар қонунда ниҳоятда аниқ ва тизимли ифодаланган бўлиб, қуйидагилардан иборат:

– биринчидан, шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан муҳофаза қилиш; 

– иккинчидан, жиноятларнинг олдини олиш; 

– учинчидан, фуқароларни Ўзбекистон Республика­сининг Конс­титуцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялаш.

3. Шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан муҳофаза қилиш вазифаси, умуман, жиноят-ҳуқуқий нормалар учун, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси учун асосий мезон бўлиб, муайян ижтимоий муносабатларни (хавфсизлиги ва ижросини таъминлаш орқали) уларга жиддий зарар етказилиши ёки етказиш имкониятидан, яъни объектив равишда мавжуд бўлган ҳуқуқ ёки эркинликни ҳимоя қилишдан иборатдир.

Қонуннинг жиноий тажовузлардан муҳофаза қилиш вази­фаси ижтимоий хавфли қилмиш содир этилган ёки этилмаган­лигидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг терговига тегишлилигидан (суд, прокуратура, ички ишлар органлари, ДХХ ва шу кабилар), Жиноят кодекси амал қилаётган маъмурий-ҳудудий тегишлилигидан ва бошқалардан қатъи назар, доимий равишда амалга оширилади. Ижтимоий муносабатларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш Жиноят кодексининг амал қилиши доирасида ҳамиша ва ҳамма ерда амалга оширилади.

4. Жиноят кодексининг вазифаси сифатида ижтимоий муносабатларнинг уларга жиддий зарар етказилишидан ҳимоя этилиши икки йўл билан амалга оширилади, яъни: 

а) жиноят содир этилишидан аввал маълум қилмишларни тақиқлаш ёки тегишли хулқ-атворга риоя этиш, яъни ҳуқуқий жиҳатдан йўл қўйиладиган фаолият чегараларини белгилаш орқали;

б) ижтимоий хавфли қилмиш содир этилганидан кейин бузилган ҳуқуқнинг айбдор шахсга нисбатан жиноий жазо чораларини қўллаш орқали тикланишини таъминлаш орқали.

Бузилган ҳуқуқнинг тикланиши деганда, етказилган зарарнинг маънавий ёки моддий шаклда қопланиши тушунилиши лозим (масалан, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш – ЖКнинг 184-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлари, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш – ЖКнинг 167-моддаси тўртинчи қисми каби жиноят туфайли етказилган зарарни қоплаш).

5. Ижтимоий муносабатларни муҳофаза қилиш вазифаси сифатида энг муҳим қадриятлар қўриқланади. Шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари, мулк, табиий муҳит, тинчлик, инсоният хавфсизлиги энг олий қадрият деб тан олинган.

Бошқа, аҳамияти камроқ бўлган қадриятларга зарар етказилиши ёки кўрсатилган қадриятларга кам даражада зарар етказилиши, одатда, айбдорнинг маъмурий, фуқаролик-ҳуқуқий, интизомий жавобгарликка тортилишига олиб келади. Жиноий жавобгарлик жавобгарликнинг энг оғир тури ҳисобланганлиги сабабли бундай ҳолларда қўлланилиши мумкин эмас.

6. Жиноий тажовузлардан муҳофаза этиладиган ижтимоий муно­сабатларнинг Жиноят кодексининг 2-моддасида мус­таҳ­камланганлиги тасодифий эмас, балки жаҳон ҳамжамия­тида умумэътироф этилган демократик ҳуқуқий давлатнинг замонавий қадриятлар тизимига бўйсундирилган кўринишидир. Бу тизим шахс – жамият – давлатни ўз ичига олади. Жиноят кодексининг тузилиши ҳам айнан ана шу тизим асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг Махсус қисми шахсга қарши жиноятлар бўлимидан бошланади.

7. Жиноят кодексида энг муҳим муҳофаза объекти сифа­тида шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари кўзда тутилганлиги Конституциянинг 14-моддаси қоидаларидан келиб чиқади. Конституцияга мувофиқ, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият ҳисобланади.

Шахс – жамият ва давлатдан алоҳида олиб қаралувчи ҳар бир инсон. Инсоннинг Жиноят кодекси томонидан муҳофаза объекти сифатидаги шахс, деб тан олиниши учун унинг ёши, ижтимоий келиб чиқиши, саломатлиги ва бошқа ҳолатлар аҳамият касб этмайди. Жумладан, янги туғилган чақалоқ (ЖКнинг 99-моддаси), муомалага лаёқатсиз киши (ЖК 97-моддасининг иккинчи қисми «в» банди), вояга етмаган бола (ЖКнинг 128-моддаси), давлат ёки жамоат арбоби (ЖК 155-моддасининг иккинчи қисми), Ўзбекистон Республикаси Президенти (ЖКнинг 158-моддаси) ва ҳ.к.лар ҳам шахс, деб тан олинади ва жиноят қонуни билан муҳофаза қилинади.

Шахснинг ҳуқуқлари – давлат ва жамият томонидан қондирилиши мажбурий бўлган инсоннинг давлат ва бошқа кишиларга нисбатан иқтисодий-ижтимоий ва маданий соҳалардаги имкониятлари ва даъволари. Масалан, шахснинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш, мулкка бўлган ва ҳ.к. ҳуқуқлари. Жиноят кодексида қайси ҳуқуқ ва эркинликлар унинг ҳуқуқлари томонидан муҳофаза қилинадиган объектда эканлиги кўрсатилмаган, лекин ЖКнинг Махсус қисми моддаларида муайян шахснинг барча ҳуқуқлари (масалан, номуси ва қадр-қимматини ҳимоя этиш ҳуқуқи) ёки жамият, давлат томонидан тақдим этилган (масалан, Қуролли Кучларда буйруқ бериш) ҳуқуқи ҳимоя этилиши белгиланган.

Шахснинг эркинлиги – Конституцияда ёки бошқа қонунлар ва қонун ости ҳужжатларида акс эттирилган инсоннинг муайян хулқ-атвори (жумладан, сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, илмий ва техник ижодиёт эркинлиги ва б.). Жиноят кодекси билан муҳофаза қилинадиган объектлар шахснинг эркинликлари ҳисобланади.

8. Жамият ва давлат манфаатлари ҳам Кодекс билан муҳофаза қилинадиган объект ҳисобланади. Жамият ва давлат манфаатлари шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликларидан келиб чиқадиган ҳолат бўлиб, унга зид бўлиши мумкин эмас. Айни пайтда ушбу манфаатлар бир инсоннинг эмас, балки умуман аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини акс эттиради. Шу боис улар бутун жамият ёки давлат учун ва алоҳида бир субъект учун ҳам муҳим бўлган ҳуқуқлардир. Шундан келиб чиқиб, Кодексда ушбу муносабатлар жиноят-ҳуқуқий муҳофаза объекти сифатида мустаҳкамланган.

Жамият манфаатларини – жамият, унинг барча аъзолари, унинг энг муҳим элементлари ташкил қилади.

Жамият деганда, маълум бир умумий манфаатлари, ўзаро муносабат ва маданияти билан ўзгалардан фарқланувчи кишилар гуруҳи тушунилади. Шарҳланаётган модданинг мазмунига мувофиқ, жамият деганда, бирон давлатнинг фуқаролигига мансублиги ёки бошқа шартлар (жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий аҳволи ва бошқ.) билан боғлиқлигидан қатъи назар, республиканинг барча аҳолиси тушунилади.

Ахлоқ, маънавият, иқтисодий-ижтимоий асослар, жамият­даги хулқ-атвор қоидалари ва бошқалар жамият манфаатлари сифатида қаралиши мумкин.

Давлат манфаатлари – бутун жамиятнинг эмас, балки унинг маълум тарзда сиёсий уюшган қисми эҳтиёжларини ифодаловчи манфаатлар.

Давлат – бутун жамиятга татбиқ этиладиган, унинг расмий вакили бўлган, мажбур қилиш воситалари ва тадбирларига таянадиган оммавий ҳокимият ташкилоти.

Шарҳланаётган модданинг мазмунига мувофиқ, давлат деганда, уни ташкил этувчи органлар эмас, балки Ўзбекистон Республикаси тушунилиши керак.

9. Давлат манфаатлари деганда, унга жамият томонидан юклатилган вазифа ва функцияларни ижро этиш учун зарур бўлган ҳаётий фаолиятнинг ўта муҳим элементлари, жумладан, ҳуқуқ-тартибот, бошқарув тартиби, сиёсий барқарорлик, ҳокимият органларининг фаолият юритиши, давлат суверенитети ва ҳ.к. тан олинади.

10. Мулк Жиноят кодекси билан муҳофаза қилинадиган объект сифатида алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Шарҳланаётган моддада мулк моддий дунёнинг, шунинг­дек, муаллифлик ҳуқуқи объектлари сифатида моддий ашёларга эга бўлиш ва шунга боғлиқ равишда ижтимоий муносабатларнинг маълум бир гуруҳи сифатида намоён бўлади. Мулкнинг шакли аҳамиятга эга эмас, чунки конституциявий қоидаларга мувофиқ, мулк қандай шаклда эканлигидан қатъи назар, бир хилда ҳимоя қилинади.

11. Атроф табиий муҳитни жиноят-ҳуқуқий муҳофазаси­нинг мустақил объекти сифатида қараш, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга маж­бурлиги (Конституциянинг 50-моддаси) ҳақидаги қоидага асосланади.

Бугунги кунда «Табиий муҳитни асраш, табиат бойлик­ларидан оқилона фойдаланиш умуммиллий вазифа ҳисобла­нади ва бу экология тизимини, табиат комплекслари ва айрим объектларнинг муҳофазасини таъминлашга, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган».

Жиноят-ҳуқуқий муҳофаза объекти сифатида атроф табиий муҳит ҳам алоҳида, ҳам бутунлигича экотизимни ташкил этувчи биологик (ўсимлик ва ҳайвонот олами) ва нобиологик (ер, ер ости, сув ва атмосфера) элементларни асраш уларга оқилона муносабатда бўлиш ва уларнинг сақлаб қолинишини таъминлаш юзасидан ва шунга боғлиқ ижтимоий муносабатлар гуруҳидан иборатдир.

12. Жиноят кодекси томонидан муҳофаза қилинадиган объектлар сирасига инсониятнинг тинчлиги ва хавфсизлиги ҳам киради, бу эса, Ўзбекистонда БМТ Устави, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт ва бошқа ҳужжатларда акс этган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари эътироф этилганлиги билан боғлиқдир.

Жиноят кодексининг тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни кўзда тутувчи моддалари унинг Махсус қисмидаги алоҳида бобда жамланган.

Тинчлик ва инсоният хавфсизлиги деганда, давлат­лар, миллатлар ва халқларнинг биргаликда тинч-тотув ҳаёт кечириши, халқаро келишмовчиликларнинг олдини олиш, низоли вазиятларни бартараф этишнинг ягона усули сифатида баҳсларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш, башариятнинг барқарор ва прогрессив ривожланишини таъминлаш ва жами ер юзи аҳолисининг манфаатларини ҳимоялашга қаратилган ижтимоий муносабатлар тушунилиши лозим.

13. Жиноятларнинг олдини олиш, яъни аҳолида қонунга риоя қилиш хулқ-атворини белгиловчи ҳуқуқий онг даражасини шакллантириш орқали ижтимоий хавфли ҳаракатлар содир этилмаслигини таъминлаш Жиноят кодексининг муҳим вазифасидир. Жиноятларнинг олдини олиш умумий ва хусусий превенция йўли билан амалга оширилади.

Умумий превенция – умуман, аҳоли томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш, яъни, у ёки бу хатти-ҳаракатни қонунда тақиқлаш ва жиноят содир этган шахсларни жазолаш. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, умумий превенцияда, жиноий жазога лойиқ хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликнинг муқаррарлигини намойиш этиш орқали аҳолига таъсир кўрсатилади.

Хусусий превенция – жиноий жавобгарликка тортилган муайян шахс томонидан келажакда ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш. Умумий превенциядан фарқли равишда хусусий превенция фақат айбдор шахсга қаратилиши билан бирга, мазкур шахснинг жиноий жавобгарликка тортилиши бошқаларга нисбатан огоҳлантирувчи аҳамиятга эга бўлади.

14. Фуқароларни Ўзбекистон Республикасининг Консти­туцияси ва қонунларига оғишмай риоя этиш руҳида тарбиялаш Кодекснинг алоҳида вазифаси сифатида кўрсатилган.

Конституция ва қонунларга риоя этиш руҳида тарбиялаш ҳуқуқий жавобгарликнинг энг оғир тури ҳисобланган жиноий жавобгарликка тортиш таҳдиди остида у ёки бу фаолиятни амалга оширишда ҳуқуқий механизмларга риоя этилишини назарда тутади. Аҳолининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш тарбиянинг моҳиятини ташкил этади.

Фуқароларни Консититуция ва қонунларга риоя этиш руҳида тарбиялаш умумий превенциядан фарқли равишда муайян хатти-ҳаракат учун жиноий жавобгарлик мавжуд­лигини фуқаролар билишини тахмин қилмайди, балки уларда қонунни бузишга тўсқинлик қилувчи фаол ҳаётий позицияни шакллантиради. Шундай қилиб, фуқароларни тарбиялаш ҳуқуқий бўйсуниш, яъни ҳуқуқий қоидаларга онгли равишда риоя этилишини таъминлашдан иборат.

15. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми Кодекснинг вазифаларини, хусусан, қуйидагиларни аниқлаш орқали амалга оширишнинг усул ва услубларини белгилаб беради:

– жиноий жавобгарликнинг асослари ва принциплари;

– жиноят ҳисобланадиган ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатлар;

– ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсирнинг чоралари.

Кодекс вазифаларини амалга оширишнинг белгиланган усуллари умумий бўлиб, улар унинг таркибий элемент­лари – Умумий ва Махсус қисмнинг бўлим, боб ва моддаларида аниқлаштирилади.

Report Page