Жиловланмаган жаҳл

Жиловланмаган жаҳл

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Спиртли ичимликларнинг фойдасидан зиёни кўп. Меъёридан ортиқ ичкилик ҳар қандай инсонни ақлидан айиради. Бунинг натижасида жиноят кўчасига кириб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Жиноятлар таҳлилига назар ташланса, айнан ичкилик оқибатида содир этилган жиноятларнинг аксариятида айбланувчи воқеа пайтида ўз хатти-ҳаракатини англай олмайди. 

Жорий йилнинг 7 январь куни Оҳангарон шаҳрида яшовчи Гулнора Эшматова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) онаси Екатерина Иванова билан Рождество байрамини нишонлаш учун уйи­да дастурхон безатади. Шу куни Г.Эшматова, унинг турмуш ўртоғи Умид Акрамов ва онаси Е.Иванова “яримта”ни майдалаб, байрамни нишонлаётган вақтида қўшниси Герасим Баранов чиқиб келади. Орадан кўп вақт ўтмай Гулноранинг таниши Жасур Беков ҳам икки шиша спиртли ичимлик қўлтиқлаб келиб, даврага қўшилади. Шу тариқа пешинда бошланган байрам ярим тунгача давом этади.

Орада Е.Иванова ва У.Акрамов хоналарига кириб ётишади. Дастурхон атрофида Гулнора, Герасим ва Жасур қолади. Вақт алламаҳал бўлганда Г.Баранов ҳам хайрлашиб, уйига кетади. Гулнора билан Жасур байрамни яна давом эттиришади. Маст бўлиб қолган Гулнорага Жасурнинг гаплари ҳақоратдек туюлади ва ўртада жанжал бошланади. Жазавага тушган Гулнора Жасурнинг қорнига пичоқ тиқиб олади. Жароҳат олган Ж.Беков базўр кўчага чиқиб машина тўхтатади ва шифохонага ўзи боради. Йўлда кўп қон йўқотган Жасур, хайриятки, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан омон қолди.

Эртаси куни воқеага ойдинлик киритиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари Г.Эшматованинг уйи­га бориб, бу ҳақда ўзидан сўраганларида, ҳақиқатан Жасур унинг таниши экани, жаҳл устида унга пичоқ тиқиб олгани, маст бўлгани учун ундан ке­йин нима бўлганини эслай олмаслигини айтади. Хуллас, ЖКнинг тегишли моддаларига асосан Г.Эшматовага нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Олмалиқ шаҳар “Орзу” МФЙ биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи содир этган жиноятига иқрор бўлиб, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди, суддан енгиллик беришни сўради. Суд Г.Эшматованинг жиноятни қасддан қилмагани, бундан олдин жиноят содир этмагани, жабрланувчининг даъвоси йўқ­лигини инобатга олган ҳолда унга нисбатан уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Шарофиддин ЙЎЛДОШЕВ,

Оҳангарон шаҳар прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи

Манба:«Huquq» газетаси

Ҳуқуқ олами каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g



Report Page