Жигарбандини сотган она суддан ўғлини қайтариб беришини сўради 

Жигарбандини сотган она суддан ўғлини қайтариб беришини сўради 


КЎПИНЧА одам савдоси ҳақида гап кетганда биз ҳамюртларимизни ўзга ­юртларда турли мақсадларда сотиб юборган кимсалар манфурлигини тушунамиз. Лекин орамизда мурғак гўдакларни сотишдан тап тортмаётган кишилар ҳам учраётганлиги жуда ачинарли ҳол.

Қўштепа туманида туғилган Гулнора Топ­волдиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ­оилада бебош қиз бўлиб улғайди. ­Аниқроғи, у дугоналари сингари рисоладагидек келин бўлиш ўрнига кўчадаги ўйин-кулги ҳамда кўнгилхушликларни афзал билди. Шунинг учун кейинчалик ота-она уйидан чиқиб кетди. Ана шундай кунларнинг бирида, Тош­лоқ туманида яшовчи Баҳромжон исмли йигит билан танишиб қолди. Уларнинг муносабатлари ишқий саргузаштга айланиб, 2017 йилнинг 23 ноябрида Г.Топволдиева ўғил фарзанд кўрди. Табиийки, тайинли уй-жойи бўлмагани боис, боласини боқиш ва тарбиялашга жуда қийналди. Таниш-билишларидан сўраб-суриштириб, ўғлини Қувасой шаҳрида истиқомат қилувчи Азима Темированинг тарбиясига топширди. Албатта, бунинг эвазига Азима ­опага кунига 15.000 сўмдан ҳақ тўлайдиган ва чақалоқнинг озиқ-овқатларини етказиб бериб турадиган бўлди. Кўнглида эса Жавлонбекни сотиб юборишни режалаштирди.

— Ўғлимни бирор фарзандсиз кишига сотиб, уй олмоқчиман. Кейин яна туғиб олавераман. Сиз нима дейсиз? — деб сўради Фарғона шаҳрида яшовчи таниши Маъмура Кавлоновадан ҳам маслаҳат, ҳам ёрдам тариқасида.

— Бунақа танишларим йўқ. Аммо суриштириб, жавобини айтаман, — деди Маъмура.

Орадан бир неча кун ўтиб, у Гулнорага қўнғироқ қилди.

— Қўқонлик бир дугонамнинг 2 та қизи бору, ўғли йўқ. Болангни ўша сотиб олмоқчи. Розимисан?

Кўпдан буён харидор кутаётган она эса ўйлаб ҳам ўтирмай, дарҳол кўна қолди. Дугоналар 2018 йил 27 февраль куни Фарғона шаҳар марказида учрашишди.

— Бу сенга айтган дугонам Вазира, — дея уларни таништирди Маъмура. Аёллар Жавлонбекни 7000 АҚШ долларига олди-сотди қилишга келишишди. Маслаҳат пишгач эса Қувасойга — А.Темированикига йўл олишди. Йўл-йўлакай Гулнора Вазирадан Азимадан бўлган қарзи эвазига 250.000 сўм нақд пул, боласини олиб чиққач, келишилган 7000 АҚШ долларини санаб олди. Шу пайт фуқаролик кийимида етиб келган шахслар ўзларини Фарғона вилоят ИИБ ва Қувасой шаҳар ИИБ ходимлари сифатида таништириб, уни қўлга олишди. Чунки Г.Топволдиеванинг хатти-ҳаракати ноқонуний эканлигини билган М.Кавлонова ва Ю.Фахриддиновалар бу хусусда юқоридаги идораларга ариза билан мурожаат қилишганди.

Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судининг “Зийнат” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Гулнора қилмишидан пушаймонлигини билдириб, қонуний енгиллик ҳамда ўғли қайтариб берилишини сўради. Суд унга қонуний жазо тайинлади ва ўғли Ж.Топвол­диев Фарғона шаҳар болалар уйига топширилгани учун уни қайтариб олиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

 

Сарварбек ЮЛДАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар суди раиси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

 “Инсон ва қонун” мухбири



Report Page