Жамоатчилик экспертизаси аҳоли ва ҳокимиятнинг самарали ҳамкорлигини таъминлайди.

Жамоатчилик экспертизаси аҳоли ва ҳокимиятнинг самарали ҳамкорлигини таъминлайди.


Қонун лойиҳалари жамоатчилик экспертизаси институтининг конституциявий моҳияти, унинг юқори демократик салоҳияти фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи билан боғлиқдир. Буларнинг барчаси миллий қонунчилик тизимида қонун лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасини ўтказиш тартиби тушунчаси, турлари ва хусусиятларини кўриб чиқишда, таҳлил қилишда доимий қизиқишни таъминлайди.

Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этиши билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш воситаларидан бири сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидланганидек, “халқ қонуннинг ягона манбаи ва муаллифи бўлиши керак”.

Маълумки, 2018 йил 12 апрелдаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 6-моддасига кўра жамоатчилик назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:

давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар;
давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;
жамоатчилик муҳокамаси;
жамоатчилик эшитуви;
жамоатчилик мониторинги;
жамоатчилик экспертизаси;
жамоатчилик фикрини ўрганиш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш.

Жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик экспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органларининг бошқа қарорлари лойиҳалари фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига мувофиқлигини аниқлаш учун уларни ўрганиш ҳамда баҳолашдан иборатдир.


Жамоатчилик экспертизасини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўтказиши мумкин.

Жамоатчилик экспертизасининг ташкилотчиси тегишли соҳада зарур билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни жамоатчилик асосида жалб этиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентинг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сон Қарори 3-банд а) кичик бандига кўра, 2020 йил 1 мартдан бошлаб:

аҳоли масканларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, шунингдек, уларда комплекс қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга оид қарорлар дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилади;
жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар қабул қилинганидан (расмийлаштирилганидан) кейин бир кун муддатда тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади деб белгиланган.

Жамоатчилик экспертизасининг асосий мақсади – қонун лойиҳаларини қабул қилишда фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳимоя қилишдир.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш турли ижтимоий гуруҳларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишига, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини таъминлашга доир фаолияти тўғрисидаги фикрини баҳолашга ва келгусида қонун лойиҳасида тавсия этилган таклиф-мулоҳазалар билан такомиллаштирилиб, том маънода жамият манфаатларига жавоб берадиган ҳужжат яратилишига олиб келади.


Тўлқинбоев Исломжон,

Тўрақўрғон туман адлия бўлими ходими.


Report Page