Жамоат транспортида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш олдимизда турган асосий вазифа - Транспорт вазири ўринбосари

Жамоат транспортида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш олдимизда турган асосий вазифа - Транспорт вазири ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати

Транспорт вазири ўринбосари Раҳмонбек Усмонов Бухоро вилоятида автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхона раҳбарлари билан мулоқот қилди. Мулоқот давомида соҳада кутилаётган ўзгаришлар, янгилиликлар, тақдим этилаётган имтиёзлар хусусида сўз борди.

Йиғилганларга 2020 йил 30 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида “Ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш” масаласида ўтказилган видеоселектор йиғилиши тўғрисида маълумот берилди. Видеоселекторда кўтарилган муаммолар ва вилоятда жамоат транспортини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

– Жамоат транспортида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш олдимизда турган асосий вазифадир, деди Транспорт вазири ўринбосари Р.Усмонов. – Ушбу кўрсатилаётган хизматлардан халқ рози бўлиши лозим, бунинг учун автотранспорт корхоналари раҳбарлари ҳам масъулдир.

Мулоқот давомида вазир ўринбосари корхоналар олдидаги муаммолар билан қизиқди.

Бухоро шаҳрида фаолият олиб бораётган “Алибек транс инвест” МЧЖ таъсисчиси И.Барноев автобус сотиб олиш учун кредит олганлиги, карантин даврида жамоат транспорти ҳаракати тўхтатиб қўйилган даврда кредитнинг фоиз тўловлари ушбу даврда ҳисобланганлигидан норозилигини билдириб, мазкур масалани ҳал этишда амалий ёрдам сўради. Бир қатор корхоналар раҳбарлари уларда ҳам ушбу муаммо мавжудлигини билдирди.

Ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда кўриб чиқилиб, мазкур масалага амалий ечим топилиб, натижаси тўғрисида қўшимча маълумот берилиши билдирилди.

Вазир ўринбосари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи автобусларни имтиёзли кредит асосида етказиб берилиши масаласи тегишли ташкилотлар билан кўриб чиқилаётганлигини таъкидлади.

Р.Усмонов тадбиркорлар олдидаги муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топиш мақсадида ҳар ҳафтада бошқарма мутасаддилари билан онлайн мулоқот ўтказиб боришини билдирди.

Йиғилиш давомида автомобиль транспортида юк ташиш билан шуғулланувчи корхоналар олдидаги долзарб муаммолар тингланиб, уланинг ечими юзасидан фикр мулоҳазалар билдирилди.  



Report Page