Жамғарма қарорларининг 69 таси ҳақиқий эмас деб топилган

Жамғарма қарорларининг 69 таси ҳақиқий эмас деб топилган

Buxoro.uz

Бухоро вилоят маъмурий судлари томонидан 2020 йил давомида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар (аризалар) билан боғлиқ ишлар ўрганиб чиқилди.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда маъмурий судлар томонидан бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар (аризалар)га асосан жами 201 та иш кўрилган. Шундан, 75 таси бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича кўриб чиқилган бўлса, 126 таси мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ низолардир.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги 75 та аризанинг 69 таси қаноатлантирилган бўлса, 6 таси қаноатлантириш рад этилган. 1 та иш сайёр суд мажлисида кўрилган ва 7 та иш бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Шунингдек, жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги 126 та шикоят (ариза)нинг 111 таси қаноатлантирилган бўлса, 10 таси қаноатлантириш рад этилган, 5 та иш юритиш тугатилган. 8 та иш сайёр суд мажлисларида кўрилган ва 19 та иш бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Айрим ҳолларда собиқ туман (шаҳар) маъмурий судлари ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан ҳужжатлар нормаларини нотўғри қўллаш ҳолатлари ҳам учраган.

Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Бухоро шаҳар бўлимида Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьялари ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Бухоро вилоятининг барча туман (шаҳар) юрист консультлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди.

Семинарда фуқароларга пенсия тайинлашда ва ушбу тоифадаги ишларни маъмурий судлар томонидан кўриб чиқишда йўл қўйилган хато ва камчилик чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг сабаблари аниқланди. Мансабдор шахсларга Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 44-сонли Пленум қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда ушбу қонунлардан фойдаланиш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар бериб ўтилди.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари томонидан маъмурий судларнинг судловига тааллуқли ишлар бўйича семинар машғулотлари ва тарғибот ишлари давом эттирилмоқда. 

Ихтиёр Холов,
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Report Page