Жаҳонгир Файзиев: Одамлар онгидаги Ренессанс, маданиятга бўлган маърифий ёндашув билан боғлиқ

Жаҳонгир Файзиев: Одамлар онгидаги Ренессанс, маданиятга бўлган маърифий ёндашув билан боғлиқ



Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигининг меҳмони, таниқли режиссёр ва продюсер Жаҳонгир Файзиев ўзининг эксклюзив интервьюсида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги билан ҳамокрликдаги қўшма лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Тошкент кинофестивалининг қайта тикланиши ҳақида, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш ва мамлакат тарихидаги янги Ренессанс даврининг аҳамияти тўғрисида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

– Сиз Тошкентда Тошкент кинофестивалининг қайта тикланиши ҳақидаги хабарни қандай баҳолайсиз?

Биласизми, менимча, аслида бу асосий мақсад эмас. Ҳар қандай кинофестиваль - бу байрам, қувонч, лекин менимча, энг муҳими, бугунги кунда маданиятга бўлган муносабатнинг ўзгаргани ва бу менинг фикримча одамларга бўлган муносабатнинг ва мамлакат ичкарисида содир бўлаётган барча жараёнларнинг ўзгарганини билдиради. Бу ерга келиб кўрганларим, мен суҳбатлашган одамларга қараб ёки сизнинг Бош вазир ўринбосарингиз анча ёш эканлигидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсам - буларнинг барчаси кишига  ўзгача қувонч бағишлайди ва ниҳоят, географик жойлашуви бўйича қулай жойлашган, меҳрибон, истеъдодли ва хайрихоҳ одамлар истиқомат қиладиган Ўзбекистонда зарурий ўзгаришлар содир бўлишига умид уйғотади.

Сиз, Ўзбекистон фарзанди сифатида ушбу ҳафталикнинг мавзусини қандай англадингиз: Ўзбекистоннинг маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори.

Мен Ренессансларнинг иккитаси бўлганига ишонмайман ва улар кўпроқ бўлган, деб ўйлайман. Ўзбекистон халқи бундай тараққиёт даврларини бир неча марта бошдан кечирган. Одамлар онгидаги Ренессанс маданиятга, фанга ва ҳалққа маърифий ёндашув билан боғлиқ бўлади. Маърифий ёндашув ўз ўрнида фикр эркинлигини таъминлаб беради, инчунун фикр эркинлиги ўз-ўзидан виждон эркинлигига, виждон эркинлиги эса ўз-ўзидан диний бағрикенгликка олиб келади, бу эса ўз навбатида жамиятни тўлиқ демократлаштириш учун йўл очади.

Менинг фикримча, Ўзбекистон ўзидаги бор имкониятлари, яъни ажойиб иқлими, саховатли қуёши, мевалари, фақат шу мамлакатга хос бўлган барча иқлимий ҳудудлари, одамларнинг меҳрибонлиги, меҳнатсеварлиги билан дунё рейтингида юқори ўринларни эгаллаши мумкин.

– Илтимос, Буюк Ипак йўли ҳақидаги лойиҳа тўғрисида гапириб беринг. Бу лойиҳа, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш ва оммалаштиришга қандай ҳисса қўшиши мумкин?


Буюк Ипак йўли каби ноёб маданий ҳодисалар шундай даврларки, бу даврлар дунёга жуда кўплаб сонли буюк инсонларни ва мутафаккирларни етиштириб берган. Бу ҳақда бадиий фильмлар ишлаш анча мушкул, аммо бу ҳақда илмий асарлар ёзиш, ҳужжатли фильмлар ишлаш жуда муҳим саналади. Ҳозирги кунда ўзининг қобиғида яшаётган одамларга, ота-онаси пул топиш илинжида оғир меҳнат қилишга мажбур бўлган қайсидир болада келажакнинг Ал-Хоразмийси ёки Улуғбегининг мияси бўлиши мумкинлигига ишонч уйғотиш керак. Биз қайсидир чекка гўшаларда юришимиз эмас, ўзимизни дунёдаги барча одамлар билан тенг эканимизни ҳис қилиш ҳуқуқига эга эканлигимизни англашимиз керак. 

Ҳар қандай улкан воқелик сингари, Буюк Ипак йўли ҳодисасини ҳам қандайдир бир услуб билан ёритиб бўлмайди. Шунинг учун биз уни лойиҳа деб атадик ва унда бадиий фильм, муайян журналистик дастурлари, турли хил мақолалар ва бошқа манбалар цикли қамраб олиниши керак. Буюк Ипак йўли бир неча асрлар давомида таркиб топган бўлиб, бу ерда ўз-ўзидан ҳар 30-50 йилда ҳаётда ҳам, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда ҳам жуда кўп ўзгаришлар юз берган. Ушбу даврларнинг ҳар бири алоҳида эътиборга лойиқ ва биз ҳозир ушбу ғоя ва мавзуни янада тўлиқроқ очиб бериш устида бош қотираяпмиз.


Report Page