Жаҳон банки вакиллари билан Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа доирасида учрашув бўлиб ўтди

Жаҳон банки вакиллари билан Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа доирасида учрашув бўлиб ўтди


Таъкидлаш жоизки, Жаҳон банки Ўзбекистон Республикаси билан иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ислоҳ қилиш жараёнида яқин ва самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 ноябрдаги 02/103-183-сон топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда газ тарифларининг кенг кўламли ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Жорий йил 16-17 январь кунлари Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллернинг Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев, хукумат ва парламент вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг миллий иқтисодиётини ислоҳ қилишда эришаётган ютуқлари қайд этилди. Учрашувлар давомида Сирил Мюллер Жаҳон банки Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичини қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини яна бир бор таъкидлади. Жаҳон банкининг энергетика соҳаси бўйича етакчи мутахассиси Хусам Бейдес бошчилигидаги делегациянинг 3-13 февраль кунлари Тошкентга амалга оширган ташрифи ҳам ана шу фикрнинг тасдиғидир.

Ташрифининг мақсади – Ўзбекистоннинг газ секторидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича йўл харитасини ва иш режасини ишлаб чиқишда техник ёрдам кўрсатиш, табиий газ учун тарифларни тартибга солиш ва газ соҳасида назорат ва маълумотларни йиғишнинг (SCADA) дастлабки концепциясини ишлаб чиқишни ва молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига (МСФО) ўтишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Учрашув давомида томонлар Республикада табиий газ ва уни транспорт қилишда тариф сиёсатини хорижда синалган илғор ҳисоблаш усулларини жорий этган ҳолда ислоҳ қилиш масалалари бўйича ҳам сўз юритилди. Нефть ва газ корхоналарининг молиявий барқарорликка эришиши табиий газ учун белгиланадиган янги тариф режасини ўрнатишга боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Ташриф давомида Жаҳон банки мутахассислари ишчи алоқаларини ўрнатиш ва маълумот тўплаш мақсадида хукумат идоралари, хусусан “Ўзтрансгаз” АЖ ва стратегик консалтинг фирмалари билан учрашувлар ўтказишди.

Дастлабки миссия якунларига кўра, маслаҳатчилар қисқача ҳисобот тайёрлайдилар. Унда аниқланган натижалар, иш дастурига киритиладиган ўзгартиришлар бўйича тавсиялар ва топшириқ ижроси давомида тўсиқлар ҳақидаги маълумотлар умумлаштирилади.

“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати


Report Page